Халқаро конференция: адвокатлар учун тажриба алмашиш имкони



 
  Расм манбаси : 

Тошкентдаги “Wyndham Tashkent  Hotel” меҳмонхонасининг конференц-залида “Адвокатура институтининг ривожланиш концепцияси: Ўзбекистон ва хорижий давлатлар тажрибаси” мавзусида халқаро конференция ўтказилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳамда Адлия вазирлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастури, Германия Халқаро Ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ҳамкорлигида ташкиллаштирилган анжуман бугун, 25 октябрь куни ўз ишини бошлади ва кечқурун 17:00 га қадар давом этади.

Конференцияда кўплаб хорижлик экспертлар, халқаро адвокатлик ҳамжамияти вакиллари иштирок этишмоқда. Маърузаларда алоҳида мамлакатда адвокатура ривожланиши тарихи ва ўзига хос жиҳатлари, шунингдек адвокатура фаолиятини тартибга солувчи миллий ва халқаро қонунчилик, соҳанинг истиқболи каби муҳим масалаларга кенг ўрин берилган.

Анжуманда дастлаб ўзбекистонлик тажрибали адвокат, “Sanctalex” адвокатлик фирмаси раҳбари, ю.ф.д Баҳром Саломов “Ўзбекистонда адвокатура: бугунги куни ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида маъруза қилди.

Россия Федерал адвокатлар палатаси президенти Юрий Пилипенко ва ушбу Палата аъзоси Елена Авакян ўз чиқишларида XXI аср адвокатураси тўғрисида фикр юритдилар.

Постсовет маконда энг самарали суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширгани билан танилган Грузия Республикаси Адвокатлар ассоциацияси президенти Давид Асатиани ўз юрти адвокатурасининг замонавий ютуқлари ва янги вазифаларига доир маълумотлар билан ўртоқлашди.

БМТ Тараққиёт дастури эксперти Ольга Шварц адвокатлик тузилмалари фаолияти, уларни солиққа тортиш бўйича халқаро стандартлар ва халқаро ташкилотларнинг тавсиялари, шунингдек адвокатлар малакасини ошириш тизимига оид масалалар ҳақида маъруза қилди.

Беларуслик меҳмон, Минск области Адвокатлар коллегияси раиси Ирина Смирнова Беларусь адвокатурасининг тарихи, бугунги аҳволи ва келажак борасидаги кўзқарашлари ҳақида сўзлаб берган бўлса, Туркия Адвокатлар оллегиялари иттифоқи президентининг ўринбосари Ҳусайн Ўзбекнинг маърузаси ҳимоянинг роли ва аҳамияти, адвокатуранинг демократик жараёнларга таъсирига бағишланди.

Куннинг иккинчи ярмида Илҳом Азизов (Ўзбекистон), Вероника Хоррер (Германия), Саидбек Нуритдинов (Тожикистон), Лидия Изовитова (Украина), Элчин Гамбаров (Озарбайжон), Қадиржан Баймуханов (Қозоғистон) ҳамда Сония Акбар (Афғонистон) каби экспертларнинг чиқишлари кутилмоқда.

2019-10-25 12:45:23  |  2130 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация