Ҳоким ўринбосарини ёқиб юборган яккабоғлик тадбиркор – озодликда!
Баҳриддин Исомовнинг “жиноий қилмишни содир этиш чоғида аффект ҳолатида бўлганини” тасдиқлаш учун икки марта психологик экспертиза ўтказишга тўғри келди. Жиноят иши қайта малакаланиб судга оширилган, тадбиркор судга ўз уйидан қатнайди
Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосарини устига бензин сепиб ёқиб юборган тадбиркор Баҳриддин Исомов қайта суд-психология экспертизаси хулосасидан сўнг кеча, 29 август куни қамоқдан озод этилди. Бу ҳақда бизга тадбиркорнинг адвокати Музаффар Абидов маълум қилди.
Адвокатнинг сўзларига кўра, Қарши университети психология факультети олимларидан иборат экспертлар гуруҳи 24 август куни Б.Исомов тўғрисида “ўша хатти-ҳаракатни содир этган вақтида аффект ҳолатида бўлган” деб хулоса берган. Ушбу хулоса асосида, Яккабоғ тумани прокурори санкцияси билан айблов Жиноят кодексининг 97-моддаси (“Қасддан одам ўлдириш”)дан 98-модда (“Кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдириш”)га қайта малакаланиб, айблов енгиллашгани муносабати билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси бекор қилинган.
Адвокатнинг айтишича, Б.Исомов шу билан учинчи марта руҳий экспертиза қилинган. Аввалроқ, жиноий иш қўзғатилгач, у суд-психиатрия экспертизасидан ўтказиш учун Тошкентга жўнатилгани ҳақида хабар қилинган эди. Республика суд-экспертиза марказида ўтказилган суд-психиатрия текширувида, процессуал қонунчиликка асосан унинг умумий руҳий аҳволини ўрганилиб, ижобий хулоса берилган. Шундан сўнг айбланувчининг жиноий қилмишни содир этиш чоғида аффект ҳолатида бўлган-бўлмаганини аниқлаштириш мақсадида суд-психологик экспертиза тайинланган.
Адвокат М.Абидов ушбу экспертиза масалага юзаки ва бир томонлама қараб, айбланувчининг руҳий аҳволини ҳисобга олмаганини айтади.
– Психолог мутахассислар ҳимоямдаги шахс билан ҳатто бирор марта суҳбатлашмаган ҳам. Унинг айбланишига сабаб бўлган хатти-ҳаракатнинг содир этилишидаги вазият, мотивлар пухта ўрганилмаган. Шунчаки, тергов материаллари нари-бери варақланиб, “бу одам ўз хатти-ҳаракатларига жавоб бера олади”, деган мазмунда хулоса тайёрлашган!.. – дейди адвокат.
Бундан хабар топган Музаффар Абидов вилоят прокурорига илтимоснома ёзиб, ҳимояси остидаги шахсга қайта экспертиза тайинланишига эришади. Бу сафар Қарши университети психолог олимларидан ташкил топган экспертлар Исомовнинг руҳиятини ва тергов материалларини синчиклаб ўрганиб чиқишгач, жамиятда катта резонанс келтириб чиқарган “Яккабоғ воқеаси” асосий иштирокчиларидан бўлган маҳаллий тадбиркорнинг ўша вақтда аффект, яъни кучли руҳий ҳаяжонда бўлганини тасдиқлаган.
Иш қайта малакаланиши билан бирга тергов тугатилиб, материаллар судга тақдим қилинган.
Эслатиб ўтамиз, ЖКнинг 98-моддасида кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдирганлик учун 2 йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.
– Нима деб ўйлайсиз, Баҳриддин Исомов қамаладими? – сўрадик адвокатдан.
– Суд жамиятнинг воқеага нисбатан реакциясини ҳисобга олиб, енгилроқ жазо тайинлайди, деб умид қиламан. Қолаверса, ўша машҳур “снос” можароларига ҳукумат ва президент қандай муносабат билдирганини, кейин қандай ўзгаришлар бўлганини яхши биласиз. Бу ёғини кўрамиз.
4 изоҳлар
1.Адвокат Усмонхон Салохиддинов
Мана шу жамоатчилик шов-шувига сабабчи бўлган воқеликдаги ҳақиқатни аниқлашдаги, қилмишларни, тарафлар ҳаракатларини тавсифлаш адолатни қарор топдириш бугунги суд тизимини ҳақиқий савияси ва фаолияти, кези келса қонунни ҳимо қилишдаги мавқеини белгилайди. Амалдаги Ўз. Р. ЖКни талаби бўйича, воқеалик охирги заруратми, ўз-ўзини ҳимоя қилишми ёки уни чегарасидан чиқишми, қилмишни аффект ҳолатда содир этилишими буни ҳаммасини белгиларини аниқлаш суднинг маҳоратига боғлиқ. Лекин, қилмишни келиб чиқиши сабаблари, манбаъалари қаердан пайдо бўлганлиги ҳолатига катта эътибор қаратиш лозим. Чунончи, мансабдор шахсни (ҳоким ўринбосарини) ғайриҳуқуқий ҳаракати, хизмат ваколатини суистеъмол қилиши, хизмат ваколатидан четга чиқиши, шахснинг қонуний мулкига тажовуз қилиниши ва бошқа келиб чиқиши мумкин бўлган салбий ҳуқуқий оқибатлар суд эътиборидан четда қолиб кетиши мумкин эмас. Бундан ташқари ЯИЧМ ҳажмини 80%лик улуши тадбиркорлар меҳнати орқали шаклланишини эътиборга олиб, амалдаги "Тадбиркорлик фаолияти эркинликларининг кафолатлари тўғрисида" ги қонунни бузилиши, уни менсимаслик ҳолати, айниқса шу тадбиркор тўлайдиган солиқ орқали ойлик маоши шаклланадиган давлат идорасининг мутасаддисининг билимсизлиги, савиясизлиги ва тадбиркор фаолиятиги тўсқинлик қилган Президент "душмани" нинг ҳаракатини бутун Ўзбекистон кузатаётганини ҳам унутмаслик лозим. Бинобарин, воқеалик бошланишида жиноий қилмишлар содир этиб, салбий оқибат келтириб чиқарган ҳоким ўринбосари четда қолиб, тадбиркорни қамоққа олиб ТХ келтирилиши жамоатчиликни жуда ажаблантирган эди. Нима бўлганда ҳам бу иш интихоси суднинг холислиги, мусақиллиги, савияси ва қонуннинг кучига боғлиқ. Қилмишни тавсифлаш ва иш бўйича тўхтамга келиш эса, жиноят иши материаллари билан тўлиқ танишиб, далилларни тўплаган адвокатдан бўлгани маъқул!
2.Ю.ф.д., проф. Б.Д.Ахраров
Ушбу воқеада дастлабки квалификация хам, кейинги ЖКнинг 98-моддаси билан қайта квалификация қилинишида (оқибатга кўра 106-м.даги оқибатга кўра бўлиши мумкин эди) хам хатога йўл қўйилган. Бахриддин Исамовнинг ҳаракатлари шахсий мулкини ва унинг ичида бўлган оила аъзоларини ва бошқа шахсларнинг хаётини сақлаб қолишга бўлган зарурий мудофа ҳуқуқидан фойдаланган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 37-моддасида шундай дейлади: “Зарурий мудофаа ҳолатида содир этилган, яъни мудофааланувчи ёхуд бошқа кишининг шахси ёки ҳуқуқларини, жамият ёки давлат манфаатларини қонунга хилоф тажовузлардан тажовузчига зарар етказган ҳолда ҳимоя қилиш чоғида қилинган ҳаракат, агар зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқилмаган бўлса, жиноят деб топилмайди”. Хоким муовини томонидан жиноий тарзда Бахриддин Исамовнинг шахсий мулки бўлган биносига, унда сақланаётган юз миллиондан ошиқ мулкларига, оила аъзолари ва фирма ишчиларининг хаёти ва соғлиғига хавфли бўлган усулда булдозер билан очиқчасига, булдлзерни бошқариш хуқуқига эга бўлмаган холда, хеч қандай хужжатларсиз, кўпчиликнинг кўз олдида, булдозер ковушини бинога зарб берганидан кейин Бахриддин Исамов томонидан бензин сепиб ёқиб юбориши юқорида таъкидланган қонун талабига мос кела олади. Бахритдаи Исомов ушбу харакатлари билан ўзининг мол-мулкини, оила аъзолари ва бинода бўлган бошқа ишчиларнинг хаёти ва соғлиғини жиноий тажовузлардан сақлаб қолган. ЖКнинг 98-моддаси талабига кўра жиноят оқибати (жабрланувчининг ўлими) содир бўлмаган, иккинчидан айибланувчида кучли рухий хаяжон жабрланувчининг содир этган қилмиши оқибатида, яъни харакатини тугатганидан сўнг келиб чиқиши керак эди, бундай бўлмаган. Бахриддин Исамов ЖКнинг 37-моддасида таъкидланган, - “... ёхуд бошқа кишининг шахси ёки ҳуқуқларини, жамият ёки давлат манфаатларини қонунга хилоф тажовузлардан тажовузчига зарар етказган ҳолда ҳимоя қилиш чоғида қилинган ҳаракат”га мос келади. Фақат у зарурий мудофа чегарасидан четга чиқган ёки чиқмаганлигини аниқлаш лозим, яъни Б.Исамовда бошқа енгилроқ имкониятлари бор ёки йўқлигина аниқлаш унинг ҳаракатларини қонуний ёки қонунга зидлигини аниқлайди
3.Адвокат Абдумалик Абдуллаев
Менимча тадбиркор ҳокимни қӯрқитиб қӯйишга ҳаракат қилган, бундай ҳолда унинг ҳаракатларини ЖК нинг 25,98 -моддаси билан квалификация қилиш мантиқан нотӯғри. Тадбиркор қилмишини жиноийлигини истисно қилувчи ҳолатлар деб баҳолаш учун етарли асос бӯлгани учун ҳокимга етказилган моддий ва маънавий зарарини қоплаб бериб, ишни оқлов асосларига кӯра тугатилса мақсадга мувофиқ бӯлар эди деган фикрдаман.
4.Advokat Mamirov Biloljon
Menimcha, sudlanuvchining harakatlar JK 106-moddasi bilan kvalifikatsiya qilinishi kerak. Chunki, JK 98-moddasi bilan kvalifikatsiya qilish uchun odam oʻlimi - oqibat kelib chiqishi kerak. Ayni holatda, kelib chiqqan oqibat - ogʻir tan jarohati yetkazish uchun javobgar boʻlishi lozim. Affekt holati toʻsatdan yuz bergani sababli, maqsad odam oʻldirish deb topish mumkin emas, ayni vaziyatda hokim oʻrinbosarini oʻldirish imkonsiz boʻlgan.
Изоҳ қолдириш