«Борига барака» кўрсатувини “қимор” деб аташ тўғрими?
Ҳуқуқшунос мулоҳазаларига бошқа бир адвокат ҳамкасби муносабат билдиради...
Яқинда Kun.uz сайтида эълон қилинган «Борига барака» кўрсатуви қонунийми?» номли мақола жамоатчилик ўртасида каттагина қизиқиш уйғотди. Унда муаллиф (ҳуқуқшунос Дилшод Абдуқодиров) ютуқли ўйин тарзида ташкил қилинган бу кўрсатувда талабгорлар, жумладан, маълум бир миқдорда пул тўлаб иштирок этишаётгани, аммо ютуқ чиққан саноқли омадлиларни ҳисобга олмаганда, аксари истеъмолчилар тўлаган пули эвазига ҳеч нарсага эга бўлмаслиги сабабли уни қиморга тенглаштирган ва қонунийлигини шубҳа остига қўйган эди.
Мавзу атрофида билдирилган фикр-мулоҳазаларни кузатар эканмиз, аудиториянинг асосий қисми муаллиф билан ҳамфикр эканига амин бўлдик. Бунга қисман, аҳоли онгли қатламининг ТВда одамларни ижтимоий муаммолардан чалғитувчи томошалар урчиб бораётганига қарши норозилик кайфияти ҳам таъсир этди, албатта.
Аммо бошқа бир ҳуқуқшунос, адвокат Билолжон Мамиров “Advokat” журналига йўллаган қуйидаги мақоласида бу кўрсатув моҳиятан Жиноят кодексининг 278-моддасига “тортмаслиги”, қолаверса, мазкур модданинг ўзи қайта ишлашга муҳтож эканлиги ҳақида ёзади. Биз ҳуқуқий муносабат билдирилгани сабабли ушбу мақолани эълон қилишга қарор қилдик. Зеро, бундан мақсадимиз, муаллиф ҳам қайд этганидек, кўрсатувни ҳимоя қилиш эмас. Балки гап «Борига барака» кўрсатувини “қимор” ёки “қиморга тенглаштирилган ўйин” деб малакалаш қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлиги ҳақида. Қолаверса, бундай ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун қонун меъёрининг ўзи ҳали “тайёр” эмаслиги ҳақидаги мутахассис мулоҳазаси бугун ўта долзарб аҳамиятга эга деб ҳисоблаймиз. Шу боис мавзу доирасида, айниқса, мавжуд қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш борасидаги фикр-мулоҳазаларни кутиб қоламиз. Мақоланинг тўлиқ матни қуйида.
Борига барака» кўрсатуви қиморми?
Аввалдан айтиб қўяй: «Борига барака» кўрсатуви қўйиладиган «Zo’rTV» телеканалига ҳам, унга дахлдор одамларга ҳам ҳеч қандай алоқам йўқ. Мен холис одам ва юрист сифатида масалани таҳлил қилмоқчиман.
Дўстимиз ҳуқуқшунос Дилшод Абдуқодировнинг фикрларини ҳурмат қиламан, бироқ «Борига барака» кўрсатуви қимор эмас, унинг иштирокчиларини – қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ўйнаганликда, ташкилотчиларини эса, қимор ўйинларини ташкил этганлик ёки ўтказганликда айблаб бўлмайди, деб ҳисоблайман.
Дастлаб, бу кўрсатув нима сабабдан қимор ёки таваккалчиликка асосланган ўйин саналмаслиги хусусида.
«Борига барака» кўрсатувида иштирок этиш ҳуқуқи учун танлов ҳамда унда иштирок этиш – бошқа-бошқа нарса, ҳар икки ҳолатда алоҳида қоидалар амал қилади.
Кўрсатувда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун тўлов амалга оширилиши ва 5 киши таваккалчиликка асосланган ҳолда танлаб олиниши жараёнини қимор сифатида талқин қилиш нотўғри. Чунки, иштирок этиш ҳуқуқига бўлиш шартлари ташкилотчи томонидан белгиланади ва «Zo’rTV» телеканали ўз эфирида узатиладиган кўрсатувда қатнашиш учун муайян тўлов талаб қилишга (ёки қилмасликка) ҳақли, бу қонунга зид эмас. Қолаверса, тўлов эвазига ютуқ эмас, балки кўрсатувда ҚАТНАШИШ ҲУҚУҚИ тақдим этилади. Иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун бошқа муқобил вариантлар ҳам таклиф этилган бўлиб, пул тўлаш ягона ва мажбурий шарт эмас. Бу қимор ҳисобланмайди. Жиноят кодексида келтирилган «Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйин» атамаси мазмунига кўра, ўйинда иштирок этиш тўлов асосида бўлиши назарда тутилмаган. Шу ўринда айтиш керакки, кўрсатув ташкилотчилари томонидан Paynet ёки Click орқали тўлов жорий этилиши кўрсатув ҳомийларининг савдо нуқталари мавжуд бўлмаган ҳудудда истиқомат қилувчилар учун қулайлик яратиш учун жорий қилинганми, ушбу маблағлар қанчани ташкил этади ва ундан қандай мақсадда фойдаланилади, каби саволлар очиқланиши лозим.
Турли (бепул, пуллик) усуллардан бирини танлаб, кўрсатувда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган шахслардан кўрсатувда иштирок этгани учун ҳеч қандай тўлов талаб қилинмайди. Ушбу ўйинда “ғалаба” деган тушунча мавжуд эмас. Назарий жиҳатдан, барча иштирокчилар муайян ютуққа эга бўлади. Қимматбаҳо ютуқ чиқиши эса ғалабани англатмайди. Ютуқ қийматини аниқлаш жараёнини таваккалчиликка асосланганини “қимор” дея талқин қилиш тўғри эмас. Умуман ҳар қандай фаолият муайян таваккалчиликка асосланади.
Ҳуқуқшунос Дилшод Абдуқодиров «Борига барака» кўрсатуви иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларини ҳуқуқий таҳлил қилганида масала янада ойдинлашган бўлур эди.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 191-моддасига кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этганлик учун жавобгарлик – қуйидаги белгиларнинг барчаси мавжуд бўлсагина келиб чиқади:
– ҳуқуқбузарлик объекти – қонун билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатлар: жамоат тартиби ва бошқалар;
– ҳуқуқбузарлик субъекти – 16 ёшга тўлган шахс;
– ҳуқуқбузарликнинг объектив томони – ижтимоий хавфли қилмиш: ҳаракат;
– ҳуқуқбузарликнинг субъектив томони – айб: қасд, ғараз мақсад.
Энди ўйлаб кўрайлик-чи, кўрсатуви штирокчисини қасддан, ғараз мақсадда, жамоат тартибига қарши ижтимоий хавфли қилмиш содир этган, деб баҳолаб бўладими? «Борига барака» кўрсатувида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун пул тўлаган (юзлаб, минглаб) кишиларни ёки кўрсатувда ҳеч қандай тўловсиз иштирок этган кишиларни қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинда иштирок этган, деб топиш ва уларни маъмурий жавобгарликка тортиш мумкинми?
Модомики, ушбу саволга комил ишонч билан “ҳа” деб жавоб бериб бўлмас экан, «Борига барака» кўрсатувининг ташкилотчиларини ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-моддаси (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш) бўйича жавобгарликка тортишни талаб қила олмаймиз.
Кези келганда айтиш керакки, Жиноят кодексида «Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйин» атамасининг ҳуқуқий маъноси етарлича очиб берилмаган. Бу модда диспозициясини янгилаш фурсати аллақачон етган. Жумладан, атамада қуйидаги белгилар ифодасини топиши мақсадга мувофиқ:
– ўйин ташкилотчиси ва иштирокчи(лар)нинг ёки иштирокчиларнинг ўзаро қарама-қарши ўйнаши;
– ўйин ташкилотчиси ва иштирокчи(лар)нинг ёки иштирокчиларнинг ўзаро муайян тўлов ёки моддий қимматлик тўлаш эвазига ўйнаши;
– ўйинда ғолиб бўлган тарафнинг, ютқазган тараф томонидан тикилган муайян тўлов ёки моддий қимматлик ҳисобидан бойлик орттириши;
– ўйин натижаси муайян тасодифга (воқеага) ва (ёки) ўйин иштирокчисининг қобилияти, эпчиллиги ва бошқа сифатларига боғлиқ бўлиши ва бошқалар.
Шунингдек, муайян турдаги қимор ёки таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни уларнинг хос хусусиятларидан келиб чиқиб, таърифлаш лозим.
«Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйин» атамасининг ҳуқуқий маъносига аниқлик киритилиши қилмишга қонуний баҳо беришда муҳим аҳамиятга эга.
Билолжон МАМИРОВ,
«Legist lider» адвокатлик бюроси адвокати.
2 изоҳлар
1.Tahririyat
Biz bu maqolani shu bois ham eʼlon qildik. Maqolada fikr emas, masalaga qonuniy baho berilgan. Xulosa esa, jamiyatni bu kabi illatdan tozalash uchun qonunlarni oʻzgartirish kerak. Harholda, bugun vaziyat shuni taqozo qilmoqda.
2.Zebo
Муаллифни фикрини хурмат киламан, лекин динимизда хар Кандай уйинда узганинг хаки эвазига узга одамга келадиган фойда киморга тенглаштирилган. Кейин бундай курсатувлар жуда купайиб кетмокда. Телевидение бундай курсатувлар оркали одамларни енгил елпи хаетга ургатяпти. Фикрлашга, мулохазага ундайдиган курсатувлар купайиши керак аслида, жамият ривожланиши учун. Хает лотерея эмас-ку!
Изоҳ қолдириш