ИИВ Тошкент пропискасига қонуний ўтиш имконини берувчи «туйнук»дан норози



 
  Расм манбаси : Б.Шорихсиев. АОКА матбуот хизмати

Амалдаги қонунчилик икки-уч кишига ўртада пул ташлашиб, янги уй сотиб олиш орқали пойтахтда рўйхатдан ўтиш имконини беради. Бу «лазейка» айрим идораларга ёқмаётган кўринади...

Маълумки, Тошкентда доимий пропискадан ўтишнинг шартларидан бири – пойтахтда қурилганига 3 йилдан ошмаган уйлардан квартира сотиб олиш ва харид қийматининг 5 фоизи миқдорида давлат божи тўлаш. Якка ўзи бунга қурби етмаганлар бир неча киши пул қўшиб, сотиб олса ҳам бўлади. Зеро, Фуқаролик кодексининг 353-моддасига биноан, икки ёки бир неча шахс шартнома имзолаши мумкин. Яъни, бирор мулкни албатта бир киши сотиб олиши шарт эмас. Тарафлар кўпчилик бўлишига рухсат этилади. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойберганов аввалроқ шу тарзда қонуний пропискадан ўтишнинг йўл-йўриғини батафсил тушунтирган эди.

Маълум бўлишича, қонун изн беришига қарамай, Тошкент пропискасига орзуманда вилоятликларнинг ана шу имкониятдан фойдаланиши осон кечмаётган экан. ИИВ томонидан кеча ташкил этилган матбуот анжуманида бўлган гап-сўзлар шундан дарак бермоқда.

Хуллас, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган мулоқотда ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Бадриддин Шорихсиевнинг айтишича, жамоавий шартнома асосида уй сотиб олаётганларнинг пропискаси тўғридан-тўғри ИИВ орқали эмас, суд орқали ҳал бўлмоқда.

– Кўп баҳсли ҳолатлар айнан пропискадан ўтиш жараёнида юзага келмоқда. Тошкент шаҳрига пропискага ўтволиш, қўпол қилиб айтганда, «лазейка» бўпқолди. Лекин, шунга қарамасдан, кўпчилик фуқаролар судга мурожаат қилишяпти. Суд қарор чиқаргандан кейин бизнинг ходимлар фуқароларни прописка қиляпти. Ҳозир суд ёрдамида кўп муаммолар ҳал бўляпти, суд орқали пропискага ўтишяпти, – деди ИИВ расмийси.

Бадриддин Шорихсиевнинг айтишича, “бу масала юқори ташкилотларга маълумот тариқасида киритилиб, бу борада аниқ йўналиш бериш илтимос қилинган”.

Фуқароларнинг суд орқали ҳуқуқини тиклаб олаётгани яхши, албатта. Аммо бу, бошқа тарафдан, ИИВ раҳбарларининг қонунчиликда билиб-билмай “туйнук” қолдирилганидан норозилигини англатади. Ҳар турли важларни рўкач қилиб, охир-оқибат уни “суваб юборишмаса” майли эди...

2019-06-11 12:26:58  |  1912 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация