Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим 49 йилгача муддатга тузилади
Давлатнинг хусусий шериги тендер ёки тўғридан-тўғри музокаралар натижалари бўйича аниқланади. Тендер мезонлари аниқ бўлиши ва унда камситувчи қоидалар бўлмаслиги керак
Давлат-хусусий шериклик (ДХШ) тўғрисидаги қонун Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграм каналида хабар берилди.
Қонунга мувофиқ, давлат-хусусий шериклик бу давлат шериги ва хусусий шерикнинг муайян муддатга юридик жиҳатдан расмийлаштирилган, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ўз ресурсларини бирлаштиришига асосланган ҳамкорлиги ҳисобланади.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги давлат-хусусий шериклик соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади.
Қонун билан давлат-хусусий шериклик тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилди.
Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси давлат органи (ташкилоти) ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркор ёхуд юридик шахс томонидан ташаббус қилиниши мумкин.
Давлат шериги тендер ёки тўғридан-тўғри музокаралар натижалари бўйича аниқланадиган хусусий шерик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузади.
Тендер мезонлари аниқ бўлиши ва унда камситувчи қоидалар бўлмаслиги керак.
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати уч йилдан кам бўлмаслиги ва қирқ тўққиз йилдан ошмаслиги керак.
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари ўз мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгар бўлади.
Агар кейинги қонун ҳужжатлари давлат-хусусий шериклик объектига инвестиция киритиш шартларини ёмонлаштирса, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тузилган санадан эътиборан ўн йил мобайнида хусусий шерикка нисбатан битимни тузиш санасида амалда бўлган қонун ҳужжатлари қўлланилади.
Ушбу қонун бир ойдан сўнг кучга киради.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш