Адвокат ва касбий маҳорат муаммолари



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

“Адвокат билан гумон қилинувчининг қариндошлари шартнома тузади. Адвокат ордер олгач, ўша куни терговга боради. Бироқ уни ҳар хил сабаблар билан киргизишмайди. Аслида адвокат борган вақтда киритилиши шарт”.

“Иш давомида судьялар илтимосномага ҳеч қандай жавоб беришмайди. ­Судьялар илтимосномани баённомага ҳам киритишмайди”.

”Хат-хабарномалар бўйича адвокатларга суд-ҳуқуқ тизимларида ўз вақтида жавоб беришмайди”.

“Жазони ижро этиш муассасаларига, тергов ҳибсхоналарига  адвокат сўровнома жўнатади. Аммо улар ўз вақтида сўровномаларга жавоб беришмайди”.

“ИИБларга, Бош прокуратурага иш юзасидан борсак, телефон билан киришга рухсат берилмайди. Хайрият, судларга бемалол телефонимиз билан кираяпмиз”.

Бу муаммолар “Advokat” журнали мухбирларига адвокатларимиз томонидан билдирилган. Зеро, кейинги  пайтда журнал ходимлари адвокатлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини, таклиф-мулоҳазаларини ўрганишга ҳамда журнал саҳифалари ва Advokatnews.uz сайтида ёритишга астойдил ҳаракат қилишмоқда.

Бу қувонарли албатта. Чунки Палатамиз сингари журналимиз ҳам 2008-2018 йиллар, чамаси қарийб 10 йил мудроқ уйқуда бўлиб, адвокатларнинг дарди, ҳасрати ёки ташвишини эшитмагани, балки эшитишни истамагани учун адвокатлардан узилиб қолгандек эди гўё.

Мана энди замон ўзгарди, ҳаёт ўзгармоқда, жамият уйғонмоқда. Уларга монанд Палата ва журнал ҳам фаоллашмоқда. Оқибатда, ниҳоят, адвокатларнинг ўз ахборот минбари пайдо бўляпти. Таҳририят жамоаси адвокатлар мурожаатлари орасидан долзарб мавзулар, касбий фаолиятнинг оғриқли нуқталари ва касбдош­ларга тақдим этилиши мумкин бўлган қизиқарли материалларни танлаб олиб, айрим яланғоч фактларга кўйлак кийдириб, журналистлар ибораси билан айтганда, суякка гўшт қадаб, қизиқарли ва ўқишли мақолалар тайёрламоқда, журнални бекорга тўлдириб турадиган суви кўпу сўзи йўқ материаллардан ўқувчиларни халос қилиб, мамлакатимиз адвокатларининг ҳақиқий жарчиси бўлишга астойдил ҳаракат қилмоқда.

Қолаверса, муаммоларимиз, айтмоқчи бўлган сўзларимиз журналистик тилга ўгирилиб эълон қилиниши уларнинг бошқа ОАВда ҳам кенг ёритилишига имкон беряпти. Айниқса жорий йилнинг ўтган қисқа давридаёқ унинг илк натижаларига амалда ҳаммамиз гувоҳ бўлдик.

Мазкур жараёнда эса, қайси маънодадир, адвокатларнинг роли ҳам сезиларли даражада ошиб бормоқда. Журнал таҳририятига, унинг интернет сайти, электрон почтаси ва ижтимоий тармоқдаги саҳифа ва каналларига келиб тушаётган мурожаатлар оқими ҳам ой сайин, ҳафта сайин кучаймоқда.

Мен мазкур жараёндан бевосита хабардор бўлганим боис ҳам бу гапларни бемалол айтаяпман. Гап шундаки, таҳрир ҳайъати аъзоси сифатида айрим масалаларга аниқлик киритиб беришимни сўраб таҳририят менга мурожаат қилиб туради. Жумладан, адвокатлар билдираётган эътироз ва муаммолар, таклифларнинг қанчалик ўринли эканлиги тўғрисида ҳам.

Аввало, журналга мақола юбориб, тажрибасини ўртоқлашадиган, касбий маҳорат сирларини баҳам кўрадиган адвокатлар сонининг ортиб бориши, фаолиятдаги муаммоларни ёритиб, ечимини таклиф қиладиган ҳамкасбларимизнинг кўпайиши қувонарли бўлиб, бу журналнинг янада ўқишли ва фойдалироқ бўлишига, жумладан, чоп этиладиган мақолаларнинг қизиқарли ва ҳаётийлигини, ранг-баранглигини таъминлашга хизмат қилади. Айниқса, ўринли танқид ва таклифлар мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали кечишига, одил судловнинг қарор топишига ёрдам беради деб ўйлайман.

Лекин бизнинг бугунги мулоҳазаларимиз айрим адвокатларимиз томонидан мухбирларга муаммо сифатида айтилаётган, кўрсатилаётган, юқорида келтирилганлари каби баъзи масалалар хусусида бўлиб, уларда адвокатнинг касбий маҳорати, профессионализм даражаси кўринмаётгани тўғрисидадир.

Адвокатнинг олий юридик маълумотга ва муайян иш стажига эга бўлган ҳамда адвокатлик мақомини олишдан олдин малака имтиҳони топширган шахс эканлигини инобатга оладиган бўлсак, ўз-ўзидан, демак, у касбий фаолиятни бош­лашдан олдин ҳам фуқароларга (ёки юридик шахсларга) малакали юридик ёрдам бера оладиган даражада ҳуқуқий билимга эга бўлган, деган хулоса келиб чиқади. Бу биринчи масала.

Иккинчи масала эса, амалдаги қонунчиликда, хусусан, адвокатлик фаолиятига оид иккита қонунда ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси тегишли моддаларида адвокатнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланган. Жумладан, қонунчиликда адвокатнинг касбий фаолияти бажарилишига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ вазиятлар юзага келганида у кимга, қандай тарзда мурожаат қилишга ҳақли эканлиги ҳам ўз ифодасини топган.

Масалан, юқорида қайд этилганидек, адвокат ордер билан терговга борганида терговчи уни турли баҳоналар билан қабул қилмади ёки иш давомида судья илтимосномага жавоб бермади ёхуд уни суд мажлиси баённомасига киритмади. Бундай ҳолатда адвокат нима қилиши керак? Унинг журналистга дардини тўкиб ўтириши ёки Адвокатлар палатасига мурожаат қилиб ёрдам сўраши ўринлими? Ваҳоланки, қонунчиликда бу борада муайян ҳуқуқ ва ваколатлари белгилаб қўйилган бўлса...

Дейлик, адвокатнинг ордерини терговчи олмаса, у зудлик билан терговчининг бевосита раҳбари (тергов бўлинмаси ёки тегишли бошқарма бошлиғи)га мурожаат қилиши ёхуд ўша туман прокурорига ёзма шаклда мурожаат қилиб, адвокатлик ордерини ИИБ девонхонасига топшириши, энг муҳими, адвокатнинг ҳимояга киришганлигини тасдиқловчи “из” қолдириши лозим. Бу пайтда, хусусан, баъзи терговчиларнинг “эртага келинг”, “индинга келинг” деган хархашасига қулоқ солиш керак эмас. Айниқса, сиз зудлик билан ушлаб олиб келинган ҳимоянгиздаги шахс билан учрашмоқчи ёки иш материалларидаги айрим тафсилотлардан хабар топмоқчи бўлсангиз.

Шунингдек, юқорида иш давомида илтимоснома киритилиши, аммо у инобатга олинмаслиги ҳақидаги эътирозни ҳам кўрдик. Аммо адвокат айтмаяптики, у илтимосномани қай тарзда киритган? Оғзакими? Агар шундай бўлса ва у суд мажлиси баённомасига ҳам ёзилмай қолса, бундай илтимосноманинг киритилганлигини адвокат кейинчалик нима билан исбот қила олади?

Ана шундай савол туғилганида тилни тишлаб қолмаслик учун ўзини ҳурмат қиладиган адвокат суд мажлисида бераётган илтимосномасини ёзма шаклда тақдим қилиши ва ўз илтимоси сабабини иложи борича чуқур асослаши лозим. Тўғри, баъзи иш ҳолатлари илтимосноманинг дарҳол киритилишини тақазо қилади. Аммо адвокат ўша пайтда ўз фикрини оғзаки билдирса-да, кейинги суд мажлисида уни ёзма равишда ҳам тақдим қилиши лозим.

Судья илимосномага жавоб бермади ва у суд мажлиси баённомасига ҳам киритилмади, дейлик. Бундай ҳолатда адвокат суд томонидан баённома имзоланганидан кейин у билан танишмоқчи эканлиги ҳақида суд мажлиси якунланмасдан туриб судьяга ариза бериши керак. Ҳукм ўқилганидан кейин баённома билан танишиб чиқилгач эса асослантирган тарзда ёзма эътироз билдириб, унга жавоб берилишини талаб қилиш лозим бўлади. Бу ариза жавобсиз қолдирилганида ёки судьянинг жавоби нохолис бўлиб, ҳақиқатга тўғри келмаганида эса бу ҳақда юқори турувчи судга ёки Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш мумкин. Умуман олганда, адвокат ҳар бир ҳаракатидан “из” қолдириши, талабчан бўлиши шарт!

Адвокат худди шу тарзда ўз ваколати доирасида қўллаши мумкин бўлган барча қонуний воситалар ва қонунда тақиқланмаган усуллардан фойдаланаверса, кўп вақт ўтмасдан билимдон, ҳаракатчан ва профессионал адвокат сифатида танила бошлайди.

Шулардан хулоса қиладиган бўлсак, ўзининг қадрини билган адвокат “Палата бирор нарса қилиб берармикан” деб кутиб ўтириши, ёки бирон ОАВ орқали муаммо ҳақида жар солишга шошилиши керак эмас. Балки касбий фаолиятини бажариш жараёнида терговчи, судья, прокурор ёки бошқа мансабдор шахсдан қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этишини талаб қилиш зарурдир.

Кейинги масала жазони ижро этиш муассасаларига, тергов ҳибсхоналарига адвокат томонидан юборилаётган адвокат сўровига ўз вақтида жавоб ололмаслик ёки ИИБ ва прокуратура биносига қўл телефони билан киролмаслик ҳақида эди.

Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатура тўғрисида”ги қонуни 71-моддасида “Адвокат давлат органларига ва бошқа органларга, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга мазкур органлар ҳамда ташкилотларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан адвокат томонидан малакали юридик ёрдам кўрсатилиши учун зарур бўлган маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатларни (бундан буён матнда ахборот (ҳужжатлар) деб юритилади) тақдим этиш масалалари юзасидан адвокат сўровини (бундан буён матнда адвокат сўрови деб юритилади) юборишга ҳақли” эканлиги белгиланган. Шунингдек, ушбу моддада адвокат сўрови олинган санадан эътиборан 15 кундан кечиктирмай, айрим ҳолларда сўровда кўрсатилган ахборот (ҳужжатлар) уч иш кунидан кечиктирмай тақдим қилиниши кераклиги, уни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд била туриб ёлғон ёки нотўғри ахборот (ҳужжатлар) тақдим этганлик қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Ушбуни таъминлаш, яъни қонун ижроси механизми сифатида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 1971-моддасида жавобгар шахснинг энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорида жаримага тортилиши мумкинлиги; шунингдек, ушбу Кодекснинг 283-модасида бундай вазиятларда адвокат ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги ҳақида  баённома тузмасдан судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги белгиланган.

Шундай экан, яна савол туғилади: эътироз билдирган адвокат юқорида қайд қилинган қонун нормасидан қай даражада фойдаланган? Адвокат сўровига ўз вақтида жавоб ололмаган бўлса, бу бўйича судга мурожаат қилаяптими ёки ўз ваколатидан ҳали тўлиқ фойдаланмай туриб кимлардандир ёрдам сўряптими? Албатта, бу саволга жавоб ҳам адвокатнинг профессионаллик даражасини кўрсатади.

Шунингдек, адвокатлик фаолиятига оид қонунчиликка киритилган охирги ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан адвокат қўл телефони ва бошқа техник воситалар билан бемалол суд биноларига кириб чиқиш имкониятига эга бўлди. Албатта, бу касбий вазифанинг бажарилишини бир мунча осонлаштирди. Лекин, адвокатлар айт­ганидек, бу ўзгартириш, афсуски, ички ишлар, прокуратура ёки давлат хавфсизлик хизмати тизимига тааллуқли эмас. Бундай вазиятни улар ўзларининг ички тартиб-қоидаларида белгиланган меъёрлар билан тартибга солмоқдалар. Адвокат учун чеклов қўядиган ва муаммо туғдирадиган бу тартиб-тамойиллар ҳам келажакда ўз ечимини топар балки. Аммо бу ўринда мен масаланинг бошқа томонига эътиборни жалб қилмоқчиман. Яъни қонунда бундай имконият суд бинолари учун эканлиги аниқ кўрсатилган бўлишига қарамай, айрим адвокатлар томонидан ўз қўл телефонларини ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳам олиб киришга уринишлари ва бу борада мазкур идоралар томонидан ўрнатилган тартиб-қоидаларга бўйсунишни истамаётганликлари оқибатида кўнгилсиз вазиятлар юзага келаётганлиги тўғрисида ҳам ташвишли маълумотлар мавжуд. Зеро, кези келганда таъкидлаш жоизки, ўша идораларнинг ички тартиб-қоидаларида белгиланган талаблар қонунга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигидан қатъий назар, у расман бекор қилинмагунича, адвокат ҳам барча қатори унга итоат этишга мажбур.

Мана яна бир таклиф:

“Ҳимоячи биринчи инстанция судида қатнашган бўлса ва адвокатнинг апелляция муддати ўтиб кетган бўлса, маҳкумнинг номидан ўзи ёзиб, унга имзо қўйдириб, судга топширишга ҳақли эканлиги қонунда белгиланиши керак. Чунки айрим судлар маҳкумнинг апелляция шикояти почта орқали турма бошлиғининг хати билан келсин, деб аризани олишмайди”.

Бу ҳам бир қатор саволларни пайдо қилади. Масалан, ҳимоячи ёки унинг ҳимояси остидаги шахс суд ҳукмидан норози бўлса, ҳукм нусхаси берилишини кутмасдан, 10 кун муддат ичида дастлабки шикоятни судга тақдим қилиши, ҳукм ва суд мажлиси баённомаси билан танишиб чиққанидан кейин асослантирилган апелляция шикояти бериши мумкин-ку. Ёки ҳукм ўқилганидан кейин адвокат ҳимоясидаги шахсга бу ҳақда тушунтириши лозим бўлса, у билан алоҳида учрашиб, унинг номидан бир варақ апелляция шикоятини ёзиб бериш кўп машаққат талаб қилмайди-ку! Нега шундай имконият бўла туриб ҳам қонунга ўзгартириш киритиш талаб қилинади?

Ёки мана бу таклифни қарайлик:

“Агар жиноят иши бўйича ижобий натижаларга эришилса, масалан, мижоз оқланиб, катта суммадаги пуллар унга қайтарилса, мижознинг аризасига кўра банк ундан нақд пул ёки пул кўчириш йўли билан адвокатни моддий тақдирлаш учун деб маблағ қабул қилишга ҳақли эканлиги қонунда кўрсатилиши лозим”.

“Адвокатура тўғрисида”ги қонуннинг 91-моддасида “Адвокатлик фаолияти адвокат ва ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ўртасида тузиладиган юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома) асосида амалга оширилади” деб белгиланган. Унда юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимнинг (шартноманинг) муҳим шартларидан бири сифатида кўрсатилаётган юридик ёрдам учун ишонч билдирувчи шахс  (ҳимоя остидаги шахс) томонидан ҳақ тўлаш шартлари кўрсатилиши лозимлиги эътироф этилган.

Адвокатларнинг касб этикаси қоидалари (2013 йилги таҳрир) 51-моддасида эса “Битим (шартнома)да иш ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) фойдасига ҳал бўлиш-бўлмаслигига қараб юридик ёрдам учун ҳақ миқдори белгиланиши ёки адвокатга қўшимча мукофот пуллари тўланиши назарда тутилиши мумкин” деб кўрсатилган. Аммо, шу ўринда айтиб ўтиш керакки, халқаро андозалар ва адвокатурага доир биз билган хориж қонунчилигида мазкур қоида жиноий ишларга тадбиқ қилинмайди. Яъни, адвокат ўз ҳимояси остида бўлган шахс жиноят ишлари бўйича оқланса, ундан қўшимча ҳақ олиши мумкинлигини юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги шартномада белгилаб қўя олмайди.

Лекин бу фуқаролик ишларига тааллуқли эмас. Яъни оқланган шахс реабилитация қилиш билан боғлиқ (компенсация, етказилган зарарни қоплаш, моддий ва маънавий зарарни ундириш) харажатларни ундириш юзасидан фуқаролик судига мурожаат қилиш учун адвокат билан шартнома тузаётганида даъво суммасидан келиб чиқиб, мутаносиб равишда ҳақ тўлаш юзасидан шартнома тузиши мумкин. Демак, бунинг учун амалдаги қонунчиликка ўзгартириш киритишга зарурият йўқ.

Адвокатлик дунёда энг қадимий касблардан бири бўлиши баробарида у шарафли ва сермашаққат ҳисобланади. Чунки адвокатга ишонч билдирган ёки унинг ҳимоясида бўлган шахс манфаатини ҳимоя қилиш осон кечмайди. Айниқса, адвокат жиноят ишлари бўйича ҳимояга отланар экан, ҳимоясидаги шахс манфаати юзасидан айбловга қарши курашиш учун ҳар доим ўз билимини, тажрибасини ишга солиб ҳаракат қилиши лозимлигини, нариги тарафда бутун бошли давлат аппарати машинаси ва уни ишга солувчи катта кучлар турганлигини ҳис қилади. Шундай экан, энг муҳими, у процессда рақибига қарши фақат қонунни ишга солиши, ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган меъёрларнинг бажарилишини талаб қилиши лозим. Албатта, бу ҳаракатлар ҳам адвокатнинг касб этикаси доирасида амалга оширилиши керак.

Адвокатлик касби ижтимоий касб бўлганлиги боис у ҳар доим жамият аъзоларининг диққат марказида бўлиб келган. Айниқса, адвокат судда нутқ сўзлаётганда ёки ОАВга интервью бераётганида ёхуд мақола чоп эттираётганида мижоз манфаати деб ҳокимият органларини беобрў қиладиган ва фуқароларнинг шаънига тегадиган сўзларни ишлатишдан тийилиши зарур. Радио ёки телевидениедаги чиқишида бирор бир иш ҳақида фикр билдирар экан, судда иштирок этган, судланувчи, гувоҳ, эксперт ёки жабрланувчиларнинг исм-шарифлари, касб-кори ва иш жойини тўлиқ кўрсатган ҳолда “Бу шахс ундай деб кўрсатув берган, у шахс бундай деб кўрсатув берган бўлса-да, суд инобатга олмади” деб айтавериш ҳам касб этикасига тўғри келмайди деб ҳисоблайман. Масалан, яқинда радиодан бир интервьюни эшитиб қолдим. Унда  хоразмлик бир адвокат ўзи қатнашган суд мажлисида гувоҳлик берган шахс­лар ҳақидаги анкета маълумотларини батафсил эълон қилиб, суд ҳукмидан норозилигини билдирди. Шунингдек, “Advokat” журнали таҳририятига Сурхондарё вилоятида узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаган бир адвокатдан мақола келибди. Унда  адвокат бир тадбиркорни ҳимоя қилганлиги, лекин суд уни асоссиз айбдор деб топганлигини, чунки вилоят суди ДХХ олдида тиз чўкишини баён қилиб, давлат органлари ва суд ҳокимияти обрўсини тўкадиган сўзларни битган. Унинг бундай йўл тутиши эса кишини ўйлантириб қўяди. Ахир у биринчи босқич судида ютқазиб қўйган бўлса, дарҳол бутун суд тизими ҳақида хулоса чиқариб, ОАВда жар солишга шошилмасдан, аввал кейинги босқич судларига шикоят қилиб, қонун доирасида ҳаракатларини давом эттириб кўрмайдими? Ахир ўз ҳи­мояси остидаги шахслар манфаатини собитқадамлик ва сабр-тоқат билан ҳимоя қилиш, бунинг учун қонунда белгиланган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш адвокатнинг бурчи-ку!

Ёки баъзида кейинги босқич судларида қатнашиш учун адвокат ёллашга мижозининг маблағи йўқ эканлиги ҳақида эшитиб қоламиз. Аммо агар адвокат ўз ҳимоясидаги шахснинг айби йўқлигига ёки унга қўйилган айб қонуний малакаланмаганлигига ёхуд жазо оғирлигига қатъий ишонса, принцип учун, ўзининг ҳақлигини, суд ҳукмининг адолатсизлигини исботлаш учун, қолаверса, савоб учун ҳам ўз ёнидан ҳаракат қилиб бўлса-да бундай ишларга қатнашиши керак эмасми?  Қолаверса, ўзининг ҳақ эканлигини исботлаш учун курашиб, принципиал позициясида мус­таҳкам тура олиши адвокатнинг касбий маҳорати юксалиб бораётганлиги белгисидир.

Хуллас, юқорида келтирилган ўринсиз эътирозлар, таклифлар ва қонун доирасидаги ваколатларидан фойдаланмасдан туриб қайсидир соҳаларни айблашга киришиб кетиш ҳолатлари адвокатларимизнинг касбий маҳорати қай даражада эканини кўрсатиб қўяётгандай, назаримда.

Шундан келиб чиқиб, барча адвокатларни яна бир бор ўз касбига профессионал даражада ёндашишга ундамоқчиман. Хусусан, журналимизни ва унинг сайтини адвокатларнинг ҳақиқий профессионал минбарига айлантирмоқчи эканмиз, аввало ўзимиз бу минбар орқали айтадиган ҳар битта сўзимизга ҳушёр бўлишимиз, муаммони айтаман деб савиясизлигимиз ва ҳаракатсизлигимизни кўрсатиб қўймаслигимиз керак.

Шу ўринда фурсатдан фойдаланиб айтадиган бўлсам, Адвокатлар палатаси ҳам бу борада адвокатларга ёрдам қўлини чўзиш чораларини излаётганидан хабарим бор.  Хусусан, жорий йилнинг март ойидан бошлаб Юристлар малакасини ошириш марказига ўқишга келадиган адвокатларнинг ўқув машғулотларидан бир кунини Палата биносида ўтказиши ҳамда Палата раҳбарияти билан доимий мулоқотлар олиб бориши йўлга қўйилди. Шунингдек, жойларда адвокатлар учун махсус тренинглар, яъни тажриба дарслари ташкил этиш, шу орқали уларнинг ўзаро тажриба алмашишлари учун шароит яратиш ҳам кўзда тутилмоқда. Ўйлайманки, бу каби тадбирлар  яқин келажакда ўзининг ижобий натижасини беради.

Сўзимнинг охирида журналимизнинг келажак тақдири ҳақида ҳам тўхталмоқчиман. Гап шундаки, Палата ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан журнал обунаси бўйича олиб борилаётган тарғиботни нотўғри талқин қилаётган, яъни буни мажбурлаш сифатида баҳолаб, норозилик билдираётган ёки “бир тузилмада ҳамма обуна бўлиши шартми” деган рўкач билан обунадан бош тортаётган адвокатлар ҳам чиқмоқда. Бу эса, тўғриси, жуда ачинарли. Зеро, бутун дунёда турли соҳа ходимлари ўз манфаатларини ҳимоя қиладиган, дардларини кўтариб чиқадиган минбарларини сақлаб туриш учун нафақат обуна бўладилар, балки, керак бўлса, ҳомийлик ёрдами ҳам кўрсатадилар, таҳририятни турли йўллар билан рағбатлантириб турадилар. Чунки бир соҳага ихтисослашган ОАВнинг кенг йўналишли бошқа ОАВ билан эркин рақобат қила олмаслиги турган гап. Ёки, аксинча, соҳа нашри эркин рақобатга ташлаб қўйиладиган бўлса, унинг мавзуси ва йўналиши чегараланмаслиги, соҳа манфаатларига мослашиши талаб қилинмаслиги керак.  Бу эса унинг алалоқибат “сариқ матбуот”га айланиб кетишига олиб келиши мумкин. Биз эса журналимизни бир томондан соҳа муаммоларини кўтаришга ва адвокатлар учун керакли маълумотларни чоп этишга ундаймиз, иккинчи томондан эса ўқувчисини ўзи топиб олишига ташлаб қўймоқчимиз... Бу қайси мантиққа тўғри келади ахир?

Шунинг учун, истардимки, адвокатларимиз бу борада ҳам бир ёқадан бош чиқаришса ва бир йилга 150 минг, демак, ойига атиги 12,5 минг сўм сарфлашдан ўзларини тийишмаса! Зеро, шу арзимаган саховатимиз туфайли журнални, ўз соҳамизнинг мустақил минбарини сақлаб қолишга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. Қолаверса, журналимиз борлиги учун ҳам унинг таҳририяти кучи билан ўз сайтимиз, унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва каналлари ишлаб турибди. Бу эса ўз сўзимизни кенг жамоатчиликка баралла айта олишимиз учун катта имкониятдир!

Баҳром САЛОМОВ, Тошкент шаҳридаги “SANKTALEKS” адвокатлик ­фирмаси раҳбари, юридик фанлар доктори

P.S.: Журналимизни босмага тайёрлаётган пайтимизда ушбу мақолада кўтарилган масалага ҳаётий мисол бўла оладиган бир хабар таҳририятимиз телеграмм ботига келиб тушди. Яъни, маълум бўлишича, адвокат ўз адвокатлик сўровига жавоб бермагани сабабли банк муассасасини судга берган ва ютиб чиққан. Шу боис, мавзуни тўлдириш мақсадида, ушбу хабарни ҳам журналда чоп этаяпмиз.

2019-05-08 16:28:04  |  3429 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

1 изоҳлар

Октябрь 09, 2024  22:29

1.Альфия

Ассалом алейкум. Бир танишим 10 йилдан ошди чет элда, кетишдан олдин пенсияга чикканди. Кн эса кетганлиги сабабли нафака пули тухтатилди, хозир эса нафака пулини мен оркали доверенность юбориб тикламокчи буладими тахласа?



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация