Ҳуқуқий тарғибот тадбирларини мониторинг қилиш ва баҳолаш тартиби тасдиқланди



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Мониторинг Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан юритилади. Паст баҳо олган давлат органига ёрдам кўрсатилиб, нотўғри маълумот тақдим этган идора раҳбари огоҳлантирилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 апрелдаги 342-сон қарори билан жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш тартиби тасдиқланди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.

Ҳужжат билан мониторинг қилиш ва баҳолаш Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органларига юклатилди. Асосий мақсад – ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг самарадорлигини ошириш, бу борада давлат органлари ва ташкилотларнинг масъулиятини кучайтириш ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилиш бўйича янги инновацион услубларни жорий қилиш ва амалда татбиқ этишдан иборат.

Мониторинг қилиш ва баҳолашда қуйидагиларнинг бажарилиши ҳолати таҳлил қилинади:

• Президент ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича дастурлар, “йўл хариталари”;

• норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ва ижрочиларга тушунтириш бўйича чора-тадбирлар режалари;

• давлат органлари ва ташкилотлар томонидан ўзининг соҳа фаолиятига тегишли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарғиб қилиш юзасидан тасдиқланган тарғибот режалари.

Мониторинг қилиш ҳар йили икки маротаба (май ва октябрь ойларида), масъул давлат органлари ва ташкилотларидан ҳуқуқий тарғибот бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида тегишли маълумотларни сўраб олиш орқали амалга оширилади. Зарурат бўлганда жойига бориб ўрганилади.

Олинган маълумотлар таҳлил қилинади, ўтказилган тадбирлар самарадорлиги эса ҳужжат билан тасдиқланган махсус баҳолаш тизими индикаторларига мувофиқ баҳоланади.

Баҳолаш натижаларига кўра салбий ёки паст кўрсаткичга эга бўлган давлат органлари ва ташкилотлар масъулиятини ошириш ҳамда уларга ҳуқуқий тарғибот тадбирларини самарали ташкил этишда кўмаклашиш бўйича чоралар кўрилади.  Давлат органи томонидан нотўғри маълумотлар тақдим этилганлиги аниқланган тақдирда унинг раҳбари огоҳлантирилади.

2019-04-26 19:16:43  |  2278 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация