Судья «Газета.uz» мухбирини очиқ суд мажлисидан чиқариб юборди



 
  Расм манбаси : Gazeta.uz

У ҳали ёзилмаган ва эълон қилинмаган мақоласида айбсизлик презумпциясини бузиб қўйиши мумкин экан...

Жиноят ишлари бўйича (ЖИБ) Тошкент шаҳар суди судьяси Сардор Садиқов «Газета.uz» мухбири Шуҳрат Латиповни пойтахтдаги йирик бозорлар раҳбарларига нисбатан жиноят иши бўйича очиқ суд мажлисидан чиқариб юборди.

Мухбирнинг ёзишича, кеча, 18 апрель куни 14:00 га белгиланган суд мажлисига судья Сардор Содиқов тахминан 15:15 да келган. Шунда судланувчилардан (улар жами 11 киши) бирининг адвокати унга мурожаат қилган ва ҳимояси остидаги шахс бу ишнинг матбуотда ёритилишини хоҳламаслигини, айбсизлик презумпцияси бузилиши хавфи борлигини айтиб, журналистни залдан чиқариб юборишини сўраган.

Судья журналистга мажлисда қатнашишни тақиқлай олмаслигини билдирган, аммо ҳукм эълон қилингунича жиноят ишини ОАВда ёритмасликни шарт қилиб қўйган.

Мухбир эса, ўз навбатида, очиқ суд мажлисида иштирок этиш ва жараённи ёритишга ҳаққи борлигини айтиб эътироз билдирган. Судья шартини такрорлаган ва қайта рад жавобини олгач, мухбирга залдан чиқиб кетишни буюрган. Ва бу қарорини Жиноят-процессуал кодекс билан асослаб, очиқ суд мажлисларидан айрим шахсларни чиқариб юборишга ваколатли эканини айтган.

ЖПКнинг 19-моддасига кўра, барча судларда жиноят ишлари ошкора кўрилади, бундан давлат сирларини қўриқлаш манфаатларига зид келадиган ҳоллар, шунингдек жинсий жиноятлар тўғрисидаги ишлар кўрилаётган ҳоллар мустасно.

Тўғри, суд мажлиси залида тартибни сақлаб туриш учун зарур бўлган ҳолларда, суд айрим шахсларнинг суднинг очиқ мажлисларида ҳозир бўлишини тақиқлашга ҳақли. Аммо «Газета.uz» мухбири тартибни бузмаганини, ҳали суд мажлиси бошланмасидан судья унда қатнашиш учун шарт қўйганлигини иддао қилмоқда.

Қолаверса, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, журналист очиқ суд мажлисларида ҳозир бўлиш, ахборот йиғиш, таҳлил ва таҳрир қилиш, тайёрлаш ва ОАВда эълон қилиш ҳуқуқига эга.

“Айбсизлик презумпциясига келсак, журналист бирон бир фактни нотўғри талқин қилиб, судланувчининг шаънига зарар етказиши мумкин, деб даъво қилишнинг ўзи ноҳақлик. Зеро, қонун бўйича журналист ўзи ёзган ва тарқатган ахборотнинг тўғрилиги учун жавобгардир. Судья айбсизлик презумпциясининг бузиши мумкин, деб журналистни ҳайдар экан, ҳали бу суд ишини судда ёритган мухбирга нисбатан ўзи бу тамойилни бузиб ўтирибди”, деб ёзади Шуҳрат Латипов.

2019-04-19 17:24:54  |  2323 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация