Қаматиш билан таҳдид қилиб пора олган ички ишлар ходимлари бир неча йилга қамалди
Тергов бўлими суриштирувчиси 6 йил, профилактика инспектори 5 йил “олди”
Олтиариқ тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими собиқ суриштирувчиси Достонбек Мавлонов ҳамда профилактика инспектори Валижон Абдурашидовлар суд қилиниб, бир неча йилга озодликдан маҳрум этилди.
ЎзА хабарига кўра, Д.Мавлонов ўз иш юритувидаги фуқаро Э.Маматовга тегишли “Нексия-2” русумли автомашинани ўғирланганлиги ҳолати юзасидан С.Абдураҳимовга нисбатан тўпланган материал бўйича жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ва маъмурий тартибда ҳал қилиш эвазига 500 доллар пора беришни талаб қилган. Акс ҳолда унга жиноят иши қўзғатишини ва қаматиб юборишини айтиб таҳдид қилган.
Бу ишни профилактика инспектори В.Абдурашидов ёрдамида амалга оширишни режа қилган. Аммо С.Абдураҳимов бу икки нафар давлат органи мансабдор шахсларининг қилмишлари юзасидан ариза билан мурожаат қилади.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Фарғона вилоят бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўз хавфсизлиги бошқармасининг вилоят бўйича бўлими ходимларидан иборат тезкор тергов гуруҳи томонидан ўтказилган тадбирда дастлаб В.Абдурашидов ўзининг “Матиз” русумли автомашинасида кимёвий ишлов берилган 500 АҚШ долларини С.Абдураҳимовдан пора тариқасида олган. Шундан сўнг тадбир давом эттирилиб, Д. Мавлонов ўз хизмат хонасида 500 АҚШ долларини пора тариқасида олганда, у ҳам ушланган.
Жиноят ишлари бўйича Риштон туман судида мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Судланувчи Д.Мавлонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан айбдор деб топилиб 6 йил, В. Абдурашидов эса 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш