Акциядорлик жамиятларида нима ўзгарди?



 
  Расм манбаси : Norma

Маълумки, Президент томонидан 2019 йил 20 март куни имзоланган ЎРҚ–531-сон Қонун билан «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга ҳам бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган эди.

Norma эксперти Олег Заманов қуйида ана шу янги нормаларни санаб ўтди ва шарҳлади.

Биринчидан, АЖда чет эллик инвесторларнинг улуши (камида 15 фоиз) бўлиши лозимлиги ҳақидаги талаб бекор қилинди.

Иккинчидан, жамият акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган, ҳақи пул маблағлари билан тўланадиган эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштирганда овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлган акциядорлар уларни имтиёзли равишда олиш ҳуқуқига эга. Илгари акциядорларнинг умумий йиғилиши овоз берувчи акциялар эгаларининг кўпчилик овози билан бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатда ушбу имтиёзли ҳуқуқни қўлламаслик тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин эди. Ушбу норма ҳам чиқариб ташланди.

Учинчидан, мажбурий аудиторлик текширувини ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини белгилаш, унинг хизматларига тўланадиган энг кўп ҳақ миқдори ва у билан шартнома тузиш (уни бекор қилиш) тўғрисида энди акциядорлар умумий йиғилиши томонидан қарор қабул қилинади. Кузатув кенгаши фақат ташаббус тарзида ўтказиладиган аудиторлик текширувлари қисмида ушбу ваколатни сақлаб қолди.

Тўртинчидан, акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида ахборот бериш тартибига тузатиш киритилди. Энди бу ҳақдаги хабарни Корпоратив ахборотнинг ягона порталида ҳам эълон қилиш зарур. Умумий йиғилиш ўтказиладиган санадан камида 21 кундан (илгари – 7 кундан) кечиктирмай хабар берилиши керак.

Бешинчидан, акциялари фонд биржасининг биржа котировкаси варағига киритилган АЖга нисбатан қўшимча талаблар белгиланди:

а) фақат кузатув кенгашининг аъзоларидан таркиб топган аудит қўмитаси ташкил этилиши шарт. Жамиятнинг ички аудит хизмати (у мавжуд бўлса) ўз фаолиятида ушбу қўмитага ҳисобдордир;

б) кузатув кенгашида камида бир нафар мустақил, ҳар йили қайта сайланадиган аъзо бўлиши керак;

Маълумот учун: қуйидаги шахс кузатув кенгашининг мустақил аъзоси деб эътироф этилади:

сўнгги уч йил мобайнида жамиятда ва (ёки) унинг аффилланган шахсларида ишламаган;

жамиятнинг акциядори ва (ёки) унинг аффилланган шахсининг таъсисчиси (акциядори, иштирокчиси) бўлмаган;

жамиятнинг ва (ёки) унинг аффилланган шахсининг йирик мижози ва (ёки) йирик етказиб берувчиси (яъни улар билан ЭКИҲнинг 2 000 бараваридан кўп бўлган суммага тенг амалдаги шартнома мавжуд бўлган шахслар) билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда бўлмаган; ;

жамият ва (ёки) унинг аффилланган шахслари билан бирор-бир келишувга эга бўлмаган, бундан кузатув кенгаши аъзосининг вазифалари ва функциялари бажарилишини таъминлаш билан боғлиқ бўлган ҳоллар мустасно;

жамиятнинг бошқарув ва ички назорат органларининг ва (ёки) унинг аффилланган шахсларининг аъзоси бўлган шахснинг ёки сўнгги уч йил ичида уларга аъзо бўлган шахснинг эри (хотини), ота-онаси (фарзандликка олувчиси), фарзанди (фарзандликка олинган боласи), туғишган ва ўгай акаси (укаси) ҳамда опаси (синглиси) бўлмаган;

давлат бошқаруви органининг ёки давлат корхонасининг ходими бўлмаган.

в) Корпоратив ахборотнинг ягона порталида ва жамиятнинг расмий веб-сайтида бошқа юридик шахсларнинг 5 ва ундан ортиқ фоиз акцияларига (улушларига, пайларига) эгалик қилиш тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш шарт. Ахборот акциялар (улушлар, пайлар) олинган пайтдан эътиборан 72 соат ичида эълон қилиниши керак.

Олтинчидан, суд жамиятнинг кузатув кенгаши аъзосини, директорини ёки бошқаруви аъзосини жамиятга мулкий зарар етказганликда айбдор деб топган тақдирда, унинг ваколатлари суднинг қарорига кўра, уларнинг хўжалик жамиятларида раҳбарлик лавозимини эгаллаши тақиқланган ҳолда, 1 йилдан кам бўлмаган муддатга тугатилиши мумкин.

Кўрсатилган шахслар, шунингдек ишончли бошқарувчи жамиятга чалғитувчи ахборот ёки била туриб ёлғон ахборот тақдим этганлиги ёхуд ўзлари ёки ўз аффилланган шахслари томонидан фойда (даромад) олиш мақсадида йирик битим тузишни ва (ёки) йирик битим тузиш ва (ёки) аффилланган шахслар билан битимлар тузиш тўғрисидақарор қабул қилишни таклиф этганлиги натижасида етказилган зарар учун жавобгарликка тортилиши мумкин.

Еттинчидан, акциядорлар йирик битимни ёки аффилланган шахс билан тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризасини судда кўриб чиқиш чоғида жамиятдан ва гувоҳлардан суд томонидан кўриб чиқилаётган ишга тааллуқли бўлиши мумкин бўлган барча ҳужжатларни олишга ҳақли, бундан давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирини ташкил этувчи ҳужжатлар мустасно.

Қонунга устав фондининг энг кам миқдорини ундан чиқариб ташлаш билан боғлиқ бир қатор тузатишлар ҳам киритилди (батафсил қаранг).

Қонун lex.uz базасида эълон қилинган ва 2019 йил 21 мартдан кучга кирди.

2019-03-27 14:33:21  |  2084 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация