Ўзбекистонда пенсия ёши ўзгармаган. Унда чалкашлик нимадан чиқди?
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев изоҳ беради
Бугун Ўзбекистондаги айрим сайтлар ва телеграм-каналлар «Ўзбекистонда пенсия ёши ўзгарди» сарлавҳаси остида хабар тарқатишди.
Бу хабарларда Вазирлар Маҳкамасининг 18 мартдаги қарори билан айрим ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилиб, пенсияга чиқиш ёши узайтирилгани, янги тартибга кўра, энди эркаклар 65, аёллар эса 60 ёшдан пенсияга чиқиши айтилганди.
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев ўзининг телеграмдаги каналида бу хабарлардаги тушунмовчиликка изоҳ бериб, пенсия ёшига доир ҳеч нарса ўзгармагани ҳақида ёзган.
***
Ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналарини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 18 мартдаги қарори билан айрим ҳужжатларга ўзгартиш киритилди.
Хусусан, 2011 йил 7 апрелдаги ВМ қарори билан тасдиқланган «Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом»га ҳам.
Бу низом кимларга тааллуқли эди?
1) пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қариялар;
2) меҳнатга лаёқатсиз фуқаролар.
Нималар ўзгарди?
Ўзгаришга кўра, эндиликда болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга ҳам нафақа бериладиган бўлди.
Низомнинг 6-бандига кўра, ёшга доир нафақалар:
эркакларга – 65 ёшга етганларида;
аёлларга – 60 ёшга етганларида тайинланади.
(яъни бу банд азалдан бор эди, янги қўшилгани йўқ)
Мана шу бандга 3-хатбоши қўшилди:
болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга – 55 ёшга етганларида тайинланади.
Кўриб турганингиздек, пенсияга стажи етмайдиган аёллар илгари 60 ёшдан нафақа олган бўлса, ногирон фарзанди бор оналарга енгиллик берилиб, гарчи стажи бўлмаса ҳам, улар 5 йил олдин, 55 ёшдан нафақа оладиган бўлди.
Журналистлар нега адашишди?
Ҳамма масала шундаки, пенсия ва нафақа ўртасида фарқ борлигини кўпчилик ҳам билавермайди. Пенсия бошқа нарса, нафақа бошқа нарса. Кўпчилик ҳатто ёшга доир пенсияга чиққан бўлса ҳам, «пенсионер» десам, русча бўлиб қолади, деб ўйлаб, «нафақахўрман» дейишади. Бу нотўғри. Бемалол «пенсионерман» деявериш керак, қонунан шуниси тўғри.
Қандай пенсия турлари бор?
ёшга доир пенсия;
ногиронлик пенсияси;
боқувчисини йўқотганлик пенсияси.
Қандай нафақа турлари бор?
- вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси;
- ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси;
- бола туғилганда бериладиган нафақа;
- дафн этиш маросими учун бериладиган нафақа;
- ишсизлик нафақаси;
- ишдан бўшатиш нафақаси;
- ходимнинг вафоти муносабати билан бир йўла бериладиган нафақа;
- ёшга доир нафақа;
- ногиронлик нафақаси (болаликдан ногиронлардан ташқари);
- боқувчисини йўқотганлик нафақаси ва ҳ.к.
Қандай фарқи бор?
Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига:
эркаклар – 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;
аёллар – 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.
Ёшга доир нафақа олиш ҳуқуқи эса, иш стажига эга бўлмаган;
эркакларга – 65 ёшга етганларида;
аёлларга – 60 ёшга етганларида;
болаликдан ногиронлиги бор фарзанди бор оналарга – 55 ёшга етганларида тайинланади.
Маълумот учун: пенсия ёши фақат қонун билан ўзгартирилади, Вазирлар Маҳкамасининг бунга ваколати йўқ.
2 изоҳлар
1.Зулфия
Укитувчилар учун пенсия ешини кискартириш керак ковидни асабларга таьсири кучли булди хотира сустлашди кузга тасири булди манимча эркаклар58 аеллар 52 еш булгани яхши эди
2.Зокирова хилола олимжоновна
Ойим 57 йошда 10 йилдан бери сахрни диобетга чалинган качон ва кандай пенсия олади картона вирусибилан кассаланиб чикди
Изоҳ қолдириш