“Садиновлар иши”: махсус мактаб-интернати директори ва тарбиячилари суд залидан озод қилинди



 
  Расм манбаси : MSTV лавҳасидан кадр

Бу оқлов ҳукми эмас: апелляция суди қамоқ жазосини озодликдан чеклашга алмаштирган холос. Шунга қарамай, жамоатчилик буни ғалабадек нишонлаб, жараённи батафсил ёритган журналистларни олқишлади

2018 йил 23 июль куни ОАВда Самарқанд шаҳридаги 64-сонли алоҳида сақлаш шароитлари, тарбия ва таълимга муҳтож ўғил болалар учун ихтисослашган мактаб раҳбарлари ва тарбиячилар тарбияланувчиларни калтаклаб келаётгани ҳақида хабар пайдо бўлган эди. 

Мазкур иш Бош прокуратура раҳбариятининг алоҳида назоратига олиниб, шахсан Самарқанд вилояти прокурори томонидан олиб борилган.

Ўшанда Самарқанд шаҳар суди ҳукмига кўра, мактаб раҳбарлари узоқ муддатга қамалган эди.

“Садиновлар иши” Самарқанд вилоят судида апелляция тартибида қайта кўрилди. Вилоят суди ишни узоқ ўрганиб, барча жабрланувчилар ва гувоҳлар, шунингдек, қўшимча гувоҳлар ҳам сўроқ қилинди, деб ёзади журналист Каримберди Тўрамурод.

Суд давомида Самарқанд шаҳар суди шошма-шошарлик билан иш кўргани, кўп камчиликларга йўл қўйгани ошкор бўлди ​ва 64-махсус мактаб-интернат директори Шуҳрат Садинов, тарбиячилар Ш.Очилов ва З.Салимовлар суд залидан озод қилинди.

Тўғри, вилоят суди ҳам судланувчиларни бутунлай оқламади, фақат шаҳар суди тайинлаган жазони енгиллаштириб, қамоқ жазоларини озодликдан чеклаш жазосига алмаштирди.

Шундай бўлса-да, судланувчиларнинг озод бўлишини узоқ кутган уларнинг яқинлари, қариндошлари, оила аъзолари учун жигаргўшаларининг озодликка чиқишлари байрам бўлиб кетди.

Диққатга сазовор жойи шундаки, йиғилган юзлаб инсонлар озодликка чиққан яқинлари қатори суд ишида фаол қатнашиб, бу ишни мунтазам равишда кузатиб борган журналистларни ҳам табриклашиб, уларни ҳам қарсаклар билан олқишлашди.

– Аввало, журналистларнинг ғалабаси, ОАВ ходимларининг аралашуви билангина суд адолатли қарор чиқарди, – дейишди тўпланганлар.

Бугун озодликка чиққанлар ҳам журналистларга ўзларининг миннатдорликларини билдиришди.

– Ичкарида сизларнинг ғайрат-шижоатларингизни сезиб турдик, – дейишди улар. – Биз сизлар адолатсизлик бўлишига йўл қўймасликларингизга ишондик.

Суд ишини мустақил журналистлар, “Кун.уз”, “Дарё.уз” сайтлари мухбирлари, шунингдек, “Менинг Самарқандим” телеканали, “Менинг юртим” ва “Севимли тв” телеканаллари мунтазам равишда кузатиб боришди ва суд жараёни бошидан охиригача видеотасвирга олиб борилди.

Тез кунлар ичида “Менинг Самарқандим” телеканали “Садиновлар иши” номли ҳужжатли фильмни намойиш қилишни режалаштирган.

Президентимиз судлардан одил судловларни талаб этаётгани, судлар очиқ, шаффоф тарзда ўтаётгани, журналистларга аудио, фото, видео ускуналарни ишлатишга бемалол рухсат берилаётгани ҳам судларнинг адолат билан қарор қабул қилишида муҳим рол ўйнамоқда.

Ана шундай одилона судловлар бўлар экан, халқнинг суд, ҳуқуқ тизими ходимларига, давлатга, раҳбарларимизга ишончлари ортиб бораверади.

Умид қиламизки, бундан кейин доимо адолат тантана қилади, ноҳақликлар барҳам топади, дея якунлаган журналист.

2019-03-06 21:02:20  |  2168 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация