“Адвокат ва прокурорнинг процессуал тенглиги бўлмас экан, адолатни таъминлаб бўлмайди!”



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

— Адвокатлар палатаси раиси Тошкент шаҳрида ва вилоятларга чиқиб бизга йилига камида бир мартадан ҳисобот бериб туриши керак, — деган эди Тошкент шаҳридаги “Tiniq oydek himoya” адвокатлик фирмаси адвокати Тамара Тиллаева Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг III конференциясида сўзга чиқиб. — Йил давомида нималар бўлди, бизнинг молиявий маблағларимиз қандай сарфланяпти, адвокатура тизимини такомиллаштириш бўйича нималар қилиняпти – билайлик. Қачон беш йил ўтиб, яна конференцияда ҳисобот эшитамиз деб кутиб ўтирмаслигимиз керак. Бу палатага бўлган ишончни мустаҳкамлаш учун ҳам керак. Чунки, тўғрисини айтайлик, вилоятларда ҳатто Палата раҳбарияти алмашиб кетса ҳам анчагача бехабар юрадиганлар бор... Шундай экан, кейинги пайтда Палата томонидан амалга оширилаётган яхши ишларни қаердан билади улар. Натижада фақат аъзолик бадали йиғиб олишни биладиган бюрократ идора деб тушуниб норози бўлиб юраверишади...

Тамара опанинг бу чиқишига куни кеча сайтимиз орқали юборилган муносабат билан танишиш баҳонасида уларни яна бир бор ўқиб чиқдик. Назаримизда, суд-ҳуқуқ соҳасининг турли идораларида узоқ йил меҳнат қилган тажрибали ҳуқуқшунос-адвокатнинг бу фикрлари ҳамон ўз долзарблигини йўқотмабди. Шу боис “Advokat” журналида чоп этилган мазкур таклиф ва мулоҳазаларни сайтимиз ўқувчилари эътиборига яна бир бор ҳавола қилишга жазм этдик.

– “Ягона дарча” ташкилоти нега прокуратура ва ички ишларнинг барча сўровларига бепул жавоб беради, лекин бизга бундай имтиёз йўқ, — деганди ўшанда Тамара опа адлия вазирига қарата. — Битта иш бўйича бешталаб сўров беришимиз мумкин, ҳар бирига пул тўлаш адвокатга оғирлик қилади. Шу масалани ҳал қилиб беришларини сўраймиз.

Шундан сўнг адвокат яна қуйидаги қатор муаммоларни ҳам санаб ўтган:

– Адвокатларнинг малака оширишдан қочиши сабабларидан бири ҳам моддий аҳвол билан боғлиқ. Ўқиш – пуллик, уни адвокат ўз ёнидан тўлаши керак. Қолаверса, Тошкент шаҳрига келиб-кетиш, ётоқ харажатлари бор. Таклифим шуки, Палата тузилмасида махсус фонд ташкил қилинса ва малака ошириш курсини ўташ харажатлари қисман шу фонд маблағлари ҳисобидан қопланса. Адлия вазири адвокатлар учун алоҳида тиббиёт муассасаси ва арзонлаштирилган нархларда ётоқхона ёки меҳмонхона ташкил этиш юзасидан Ҳукуматга таклиф киритишини илтимос қиламан.

– Жиноят ишлари бўйича амалиётлардан маълумки, адвокат баъзан маҳкумни излаб овора бўлиб қолади. “Бугун Қаршига жўнатвордик ёки фалон жойда жазони ўтаяпти”, дейишади сўрасак. Адлия вазири ва Палата раисидан илтимосим, Ички ишлар вазирлиги билан келишиб, махсус база яратилса, токи жазони ўтаётган мижозимиз айнан қаерда, қайси муассасада эканини олдиндан билиш имконимиз бўлсин.

– Юридик университет ректорига савол: талабалар нега адвокатурада амалиёт ўташни хоҳламайди? Ҳамма суд ёки прокуратурада амалиёт қилишни истайди. Адвокатлик ишига қизиқтириш ва муҳаббат ҳосил қилишни айнан талабалик давридан бошлаш керак. Иложи борича яхши талабаларни айнан адвокатлик фирмаларига кўпроқ юборинг, уларнинг қандай амалиёт ўтаётганини назорат қилинг.

– Соҳадаги ҳар бир кемтикни вақтида тўлдириб, адвокатура институтини такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш зарур. Адвокат ва прокурорнинг процессуал тенглиги бўлмас экан, адолатни таъминлаб бўлмайди.

Т.Тиллаеванинг бу фикларидан завқланган адвокат Р.Раджабов сайтимизда қуйидагича шарҳ қолдирган:

“Ҳакиқатдан ҳам адвокатура институтини такомиллаштириш ва унинг нуфузини ошириш юзасидан жуда тўғри таклиф ҳамда мулоҳазалар келтирилган.

Қўшимча таклиф қилиб айтганда, адвокатура институнини янада ривожлантириш учун адвокатларни ишхона ва техника базаси (компьютер ва офис мебель ҳ.к.) билан таъминлаш зарур деб ўйлайман. Сабаби, деярли барча адвокатларнинг ишхоналари ижара ҳисобидан. Бу, албатта, адвокатлар учун оғирлик қилади...”

2019-03-06 14:54:30  |  3525 |   0  | 

3 изоҳлар

Дархакикат, адвокатура институти фаолиятини янада такомиллаштириш, жумладан адвокат ва прокурорнинг процессуал тенглигини таьминлаш юзасидан хали куп ишлар амалга оширилиши керак. Бу ишларни амалга оширишда Олий Мажлис Конунчилик палатаси депутатлари ва республика Адвокатлар палатаси раиси доимий равишда жонбозлик курсатишлари керак. Албатта, бу ишлар улкан машаккатлар эвазига амалга оширилиши мумкин. Зеро, эзгуликнинг йули хамиша машаккатлидир.....

Хакикатан хам адвокатларга Нотариусларларга сингари ишлаш учун жой ажратилса максадга мувофик буларди. Ижарага жой олиб ижара пулини тулаш айникса адвокатлик бюро учун жуда огирлик килади. Жой адратиш масаласи бир йил аввал кутарилган эди адвокатлар томонидан. Лекин масала очик колмокдп

Ха албатта, шу конференцияда, кофэ-брек пайтида Тамара опа билан киска килиб булса хам бир-биримизга далда булдик. Хакикат шуки, прокурор билан химоя томоннинг процессуал тенглиги йук. Унинг устига амалдаги ЖПК нинг 515 прим моддалари билан киритилган узгартиришлар эса процесс иштирокчиларини табакалаштиришга замин яратди. Бу эса юртимизда амалда булган халкаро хукук нормасига зиддир. Сиёсий ва фукаролик хукуклари буйича халкаро ПАКТ нинг канчалик долзарб эканини тушуниб етишимиз керак. Конун чикарувчи давлат органи онунни мухокама этишда минбарда апонентни, адвокатни фикрини тинглаши зарур. Адвокатлар хам ватанпарвар фукаро сифатида давлатимиз нуфузини халкаро хамжамиятда кутаришга доимо тайёрлар. Факат уларни эшитиш ва хулоса килиш керак холос.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация