Бабаянга нисбатан жиноий таъқиб борми...ди?
...Хуллас, гап яна Самвел Бабаян ҳақида. Уни «умрбод футболдан четлаштириш» тўғрисидаги ЎФА қарорининг қуввати ара-анг 15 кунга етганию бу ҳақда роппа-роса бир йилдан сўнг, яна денг Бабаян «Локомотив»да иш бошлаши аён бўлганидан кейингина маълум қилиниши, айни жараёндаги қатор-қатор мантиқсизликлар ва бошқа ҳолатлар ҳақида керагича ёзилди. Уларни такрорлашдан маъно йўқ. Мавзуга қайтилаётганининг боисики, «Бабаян иши»га оид нозик бир нуқта эътибордан четда қолаётганидай.
Ёдингиздан кўтарилган бўлса, эсга соламиз: роппа-роса бир йил аввал, ўша пайтда Ўзбекистон Футбол федерацияси президенти лавозимида ўтирган Умид Аҳмаджонов (айни пайтда Ўзбекистон футбол асоссиацияси биринчи вице-президенти) «Халқ сўзи online» интернет нашрига берган интервьюсида шундай деган эди:
«...Бабаяннинг «Пахтакор» клуби бошқарувида ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида амалга оширган турли қинғирликлари бизга маълум. Биз ўз ваколатимиз доирасида, ўрнатилган тартибда Ўзбекистон футбол федерацияси уставидан келиб чиқиб, уни футбол фаолияти билан шуғулланишдан бир умрга четлаштирдик. Шу билан биргаликда, унинг ҳужжатлари ва материалларини прокуратурага топширдик. Бабаян иши билан бундан буёғига прокуратура ходимлари шуғулланишади ва унинг айби тўлиқ исботланса, қонун олдида, албатта, жавоб беради».
Бабаяннинг «Пахтакор» клуби бошқаруви ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббий сифатида амалга оширган турли қинғирликлари»га қарамай ўн беш кун кунга қолмай кечирилганидан, мана, воқиф бўлдик. Хўш, унинг иши билан «буёғига шуғулланган прокуратура ходимлари» қандай хулоса келган? (Прокуратура – қонун ижросини назорат қилувчи давлат органи, илло Ўзбекистон футбол асоссиацияси филиали эмас. Бундан англашиладики, ЎФАнинг тез ўзгарувчан («тутуруқсиз» дегимиз келмади) қарори прокуратурага айтарли таъсир қилмайди-да).
Шу ҳақда маълумот сўраб, Бош прокуратура матбуот хизматига мурожаат қилдик. Жавоб қисқа бўлди: «Самвел Бабаянга нисбатан ҳеч қандай, ҳеч бир жиноий таъқиб масаласи йўқ». Бир қарашда ҳаммаси тушунарлидай: Бабаян оппоқ, жиноятдан йироқ...
Шунга қарамай савол туғилаверади-да:
1. Ўш беш кунга қолмай мутахассисга «амнистия» эълон қилган ЎФА унинг «турли қинғирликлари» акс этган ҳужжатларни прокуратурадан қайтариб олганми?
2. Ёки прокуратура Бабаяннинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари топилмагани учун шундай хулосага келганми?
3. Умуман, «ҳеч қандай, ҳеч бир жиноий таъқиб масаласи йўқ»лиги қандай ҳуқуқий меъёрларга асосланади?
4. ...
Йўқ, саволларнинг шуёғиям етади. Уларга бериладиган жавоб эса кўп мавҳумликларга ойдинлик киритса, ажабмас.
Кутамиз.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш