25-27 апрель кунлари «Tashkent Law Spring» халқаро юридик форуми ўтказилади
Форум доирасида «Йилнинг энг яхши адвокати», «Йилнинг энг яхши адвокатлик тузилмаси» мукофотлари топширилади
Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 25−27 апрель кунлари «Tashkent Law Spring» халқаро юридик форуми ўтказилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.
Халқаро юридик форум Ўзбекистон тарихида илк маротаба ташкил этилмоқда.
Форум «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» учун тасдиқланган давлат дастури ҳамда ҳукуматнинг 2019 йил 24 январдаги фармойишига асосан ташкил этилмоқда.
Форумда Ўзбекистон ва бир қатор хорижий мамлакатлар адлия вазирлари, суд, прокуратура ва бошқа давлат органлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, дунёнинг етакчи юридик ва консалтинг фирмалари вакиллари, адвокатлар, юриспруденция соҳасидаги таниқли олимлар, мутахассислар ва экспертлар қатнашишлари кутилмоқда.
Форум қатнашчилари «Сифатли давлат бошқаруви», «Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-хуқуқ тизимини ислоҳ қилиш», «Фаол инвестицион сиёсат» йўналишлари бўйича мунозара сессиялари, давра суҳбатлари, мастер-класс ва тақдимотларда иштирок этишлари, халқаро даражадаги ва миллий экспертлар лекцияларини тинглашлари, муҳокамаларда қатнашишлари мумкин бўлади.
Жорий йил Ўзбекистонда «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан, Форумда Ҳукумат вакиллари билан хорижий бизнес тузилмалари вакиллари ўртасида инвестицион ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш учун имконият яратилади.
Шунингдек, хорижий қатнашчилар Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик (идора) ва бошқа давлат ташкилотлари раҳбар ходимлари билан учрашувлар ташкил этиш ҳақида мурожаат қилишлари мумкин ва ташкилотчилар бундай сўровларни имкон қадар амалга оширишга ҳаракат қиладилар.
Форум «Йилнинг энг яхши адвокати», «Йилнинг энг яхши адвокатлик тузилмаси» ва «Йилнинг энг яхши корпоратив ҳуқуқшуноси» номинациялари бўйича тақдирлаш маросими билан якунланади.
Форум тадбирлари ўзбек, инглиз ва рус тилларида олиб борилади.
Адлия вазирлиги Форумнинг расмий веб-саҳифасини ишга туширган.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш