«Дам еб» ётган ижро ҳужжати: ҳокимликка нисбатан қонуннинг қуввати йўқми?



 
  Расм манбаси : Xabar.uz коллажи

Гап бошида «Қонун барчага баробар» маъносида уч-тўрт жумла тизишнинг кераги йўқдай. Бунақа гаплар кўп ва хўп айтилаверганидан одамга эриш туюлади гоҳо. Қонун олдида барча баробар экани рост. Бироқ ўша қонун барчага бирдек татбиқ этилмас экан, бунақа баландпарвоз гаплардан кишининг энсаси қотади, холос.

Мисол керакми? Марҳамат.

Фуқаро Фаррух Мансуровнинг «Эски шаҳар буюм бозори»даги (Жиззах шаҳри) савдо дўкони бузиладиган бўлди. Бу 2014 йилдаги гап. Ҳозир-ку мутасаддиларда сал-пал инсоф ва яхшигина имконият борлиги боис давлат ва жамият эҳтиёжи учун бузилаётган иншоотларнинг товон пули аввалдан белгиланиб, иложи борича, ўз вақтида адо этишга ҳаракат қилинмоқда. Шундаям минг ғавғо бор барибир. Тўрт-беш йиллар аввал вазият бошқачароқ эди: мулки бузилаётган фуқарога бериладиган компенсация масаласи иншоотнинг кули кўкка совурилганидан кейингина кун тартибига чиқарди. Фаррух Мансуровга ҳам ўша вақтда ваъда қуюқ қилинди: мулкнинг товонини тўлаймиз, камига янги дўкон учун ер майдони ҳам берилади!

Аммо, сезиб турганингиздек, ваъда шундоғича қолиб кетди. Дўкон эса ўша пайтнинг ўзидаёқ бузиб ташланди. Бузиш ишлари шу даражада тезкорлик билан амалга оширилдики, иншоот қийматини аниқлаш учун тегишли экспертиза ўтказилмади ҳатто.

Фаррух Мансуров у ёққа чопди-бу ёққа чопди. Қаёққа бормасин, кимга учрашмасин, топгани қоп-қоп ваъда бўлди. Сарсонгарчилигининг учинчи (!) йили, ниҳоят, судга мурожаат қилди. Судда жавобгар томон – Жиззах шаҳар ҳокимлиги вакили даъводан тонмади. Компенсация? Бош устига. Фақат миқдорини аниқлаш учун эксперт хулосаси зарурлигини таъкидладики, бу талаби ҳам адо этилди. Эксперт уч йил аввал бузилган дўкон товонини 26 миллион сўмга баҳолади. Миқдор бироз кулгили ва ҳайратланарли бўлмасин, Фаррух Мансуров муросага борди: бошқа чораси ҳам йўқ эди-да. Қолаверса, дўкон учун ер майдони берамиз, дейишди. Зора...

Алқисса, фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди фуқаро фойдасига Жиззах шаҳар ҳокимлигидан 26 миллион сўм ундириш ҳақида қарор чиқарди!

Шу билан ҳаммаси ҳал бўлди, дерсиз? Ҳеч-да.

2017 йилнинг март ойида чиқарилган суднинг ҳал қилув қарори ҳалигача ижро этилмаганига нима дейсиз? Суд қарорики «дам еб» ётган экан, ваъда қилинган ер майдонини қўяверинг!

Суд қарори – ижроси мажбурий бўлган ҳужжатлар тоифасига киради. Мажбурийлиги шу қадарки, ижрони пайсалга солиш қатор ҳуқуқий чоралар кўрилишига сабаб бўлиши мумкин. Суд қарорини тўла бажармаслик не, ҳатто вақтида адо этмаслик маълум миқдорда жарима солинишига олиб келади. Суд департаменти тугатилиб, Мажбурий ижро бюроси ташкил этилганидан кейин бу борадаги ишлар янаям қатъийлашди. Рост-да, ижро этилмаган суд қарорининг оддий қоғоздан нима фарқи бор?! Шу боис МИБ ходимлари қарздорнинг оҳ-воҳига эндиям қараб ўтиришмаяпти: пули йўқми, дарҳол мулки ҳатланади, уни сотиб бўлсаям ҳақдорнинг муроди ҳосил қилинмоқда. Ижрога тўсқинлик қилганлар жарималарга мустаҳиқ этилмоқда, жиноий жавобгарликка тортилганлар ҳам йўқ эмас. Вақтида алимент тўламаганлар-ку 10-15 суткага қамаб қўйилмоқда ҳатто.

Нима дейсизки, шундай чоралар белгиланган қонун... Жиззах шаҳар ҳокимлигига келганда қувватини йўқотяпти гўё! Йўқса, Фаррух Мансуров фойдасига чиқарилган суд қарори шу чоққача туя гўшти еб ётармиди?! МИБнинг азамат ходимлари ушбу қарор ижроси учун шу чоққача нималар қилишган – бу энди катта савол.

Хўп, эрта бир кун мазкур суд акти ижро этилар ҳам. Хўш, бундан фуқарога нима фойда? 2014 йилда 26 миллион сўмга баҳоланган дўкон пулига бугун, яъни 2019 йилда ўшандай савдо нуқтаси қуриш тугул, чоғроқ товуқкатак тиклаб бўладими? Албатта, йўқ!

Шу нуқтаи назардан ижроси пайсалга солиниб келинган суд қарори қонунийдир балки, бироқ уни асосли ва адолатли деб бўладими? Тўғри, фуқарода пулнинг қадрсизланиши даражаси ва бой берилган имкониятларини чамалаб Жаззах шаҳар ҳокимлигига нисбатан судда яна даъво қўзғаш ҳуқуқи бор. Бироқ суд жараёнида бир ғурбат, суд қарори ижросида минг ғурбатга гирфтор этилаётган фуқарода бунга ишонч ва иштиёқ қайда, дейсиз?!

Нима қилмоқ керак?

Масалага прокуратура аралашар балки?

Xabar.uz

2019-02-04 20:27:40  |  834 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация