Кекса аёлни таҳқирлаган йигитлардан бири Ёшлар Иттифоқи кафиллиги билан енгил жазо олди



 
  Расм манбаси : "Zamon" дастури лавҳасидан скриншот

Самарқандда бир неча ёш йигитларнинг қари аёлни бошига челак кийдириб мазах қилгани ва ҳатто ургани акс этган видео тарқалгани ёдингиздами?

2018 йилнинг ноябрь ойи бошларида ижтимоий тармоқларда бир тўда йигитларнинг нотаниш кекса аёлнинг бошига челак кийдиргани ва челак устидан муштлаб йиқитгани тасвирланган видео тарқалган эди. Ушбу воқеа жамоатчиликнинг ғазабини қўзғатиб, дарҳол ички ишлар органларини ҳаракат бошлашга ундади.

Тез орада, мазкур воқеа 2018 йилнинг май ойида Самарқанд шаҳри Сиёб бозори яқинидаги “Шодиёна” савдо мажмуасида шу ерда савдо билан шуғулланувчи 1997 йилда туғилган Ширинбек Абдураҳмонов, 1993 йилда туғилган Анвар Мардонов ва 2000 йилда туғилган Дониёр Баҳриддиновлар томонидан амалга оширилгани, жабрланган аёл эса мажмуа ҳудудида тиланчилик қилиб кун кечирувчи, 1961 йилда туғилган Ҳалима Бўриева экани аниқланди.

Ҳозир шахси аниқланаётган Раҳматжон исмли йигит челакни аёл бошига кийгизади, Ширинбек Абдураҳмонов унга мушт тушириб ағдаради. Йигитлардан бири, Дониёр Баҳриддинов эса буни телефонга тасвирга олиб, кейинчалик интернет орқали тарқатади.

Бу ишни амалга оширган зўравонларга нисбатан жиноят иши очилган, прокуратура назорати ўрнатилганди. Самарқанд шаҳрида мазкур иш юзасидан сайёр суд бўлиб ўтди.

Kun.uz маълум қилишича, суд жараёнида ЎзР ЖК 277-моддаси 2-қисми “б, д” бандлари бўйича айбланган Ширинбек Абдураҳмоновга Ёшлар иттифоқи томонидан берилган кафиллик хати, “Боғимайдон” маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган кафолат хати, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги, айбланувчининг қилган ишидан пушаймонлиги инобатга олиниб, шу модда санкциясида назарда тутилган озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Лавҳада судланувчи Ширинбек Абдураҳмонов бу ишидан пушаймонлигини билдириб, кечирим сўраган. Унинг онаси Наргиза Розиқова ҳам омма олдида ўғлининг иши учун кечирим сўраб, фарзандининг 2 ой 13 кун ҳибсда ўтириб, ва ниҳоят суд томонидан озод қилингани туфайли миннатдорчилик билдирган.

Воқеанинг бошқа иштирокчиларига нисбатан қандай жазо белгилангани тўғрисида ҳозирча маълумот берилмаган.

2019-01-26 19:21:25  |  2255 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация