Сурхондарёда Тожикистондан 23 кг афюн олиб кирган фуқаро қўлга олинди
Гумондор шахс илгари ўғрилик содир этиб, бунинг учун ахлоқ тузатиш жазосини ўтаётган бўлиб чиқди
Давлат хавфсизлиги хизматининг Сурхондарё вилояти бошқармаси Тожикистон Республикасидан мамлакатимизга айланма йўллар орқали жуда кўп миқдорда гиёҳвандлик моддасини олиб киришга уринган шахс қўлга олинди, деб хабар беради ЎзА.
1993 йилда туғилган Ҳабилов Абдуқодир Абдураҳим ўғли 30 дона целлофан пакетга ўралган, жами оғирлиги 23 килограмм 333 грамм бўлган афюн (опий) моддасини тожикистонлик Ҳожи исмли шахсдан олиб, унинг Ўзбекистондаги жиноий шерикларига етказиш учун Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани ҳудудига олиб кирган вақтда ушланган. Аниқланишича, Сариосиё туманининг Боғи Самарқанд маҳалласида яшовчи ушбу шахс 2017 йилда ўғрилик жинояти содир этгани учун жазога тортилиб, айни пайтда ахлоқ тузатиш жазосини ўтаётган экан.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 246- ва 273- моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш