Кўр ҳассасини бир марта йўқотади



 
  Расм манбаси : UzA

Аммо бу мақол ҳаммага ҳам тегишли эмас экан. Бир неча бор одамларни алдагани, фирибгарлик қилгани, ишончини суиистеъмол қилгани учун хоразмлик Раъно Қосимова (исм-шариф ўзгартирилган) кечирилган бўлса-да, яна шу ишни такрорлайверди. У ушбу жиноятни қасддан содир этаверди. Назарида бу ишини ҳеч ким билмайдигандек туюлди.

Аммо халқимизда “Бузоқнинг югургани сомонхонагача”, деган нақл бор. Ўзганинг мулкини фирибгарлик билан қўлга киритишга одатланиб қолган фуқаро урганчлик Б.Раҳимовни ушбу тумандаги Юқорибоғ қишлоғи ҳудудида янги қуриб битказилган иккита ҳовли-жойнинг кадастр ҳужжатларини уч ой ичида тайёрлаб бериши мумкинлиги, бунинг эвазига 8 миллион сўм пул тўлови борлигини айтиб, уни алдаган. Пул эвазига бўлса-да, ишни битириб бераман деган кўмакчи эшик қоқиб турганидан қувонган юртдошимиз унга пулни қўшқўллаб топширган.

 

Аммо аслида қўли ҳеч қаерга етмайдиган фирибгар содда инсонни чув туширганидан қувониб, пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.

Вақт чўзилиб кетаётган бўлса-да, ўзини жуда ишбилармон қилиб кўрсатган фирибгар аёл ушбу фуқаронинг яна бирорта иши бўлса, пулини олиб ечим топиб беришга кўндирган. Урганч туманидаги Қоровул қишлоғида жойлашган очиқ ер майдонидан 30 миллионга ер олиб беришни ваъда қилиб, олдиндан 3 миллион сўм олган. Иш чўзилиб кетавергач, Б.Раҳимов ишонгани фирибгар эканини англаб етган.

Ҳуқуқ-тартибот органларига қилинган мурожаатидан сўнг, мазкур иш юзасидан жиноий иш қўзғатилган. Аммо фирибгарлик йўли билан пул олган фуқаро бу ишларни тан олмаган.

Аммо шу ўринда бир савол туғилади. Асл айбдор фирибгарлик қилган аёлми ўзи? Ўз касбини суиистеъмол қилган мутахассисдан ишини битириб беришини сўраб пул берган фуқарода айб йўқми? Агар ваъда қилинган ишни битириб берганида ҳам бу пора эмасмиди? Нега ўзи давлат идораларига бориб муаммосини ҳал этмади?

“Қарс икки қўлдан чиқади”. Шундай экан фирибгарни қўллаб-қувватлаётган, кўр-кўрона унга ишониб, ёрдам бераётганларда ҳам айб бор. Улар жиноятнинг илдиз отишига сабаб бўлмоқда.

Ушбу масаланинг эътиборли томони шундаки, Р. Қосимова ҳовли-жойларининг кадастр ҳужжатлари тўлиқ эмаслиги, расмийлаштириш жараёни чўзилиши, тайёрланиши керак бўлган ҳужжатлар кўплиги, ушбу ҳужжатларни тайёрлаш учун ҳар бир ҳовли-жой учун 5 миллион сўмдан жами 10 миллион сўм харажати борлигини айтган.

Лекин Б.Раҳимов бу мутахассис, “ўз касбининг устаси” билан шу вақтда 8 миллион сўмга келишган. Агар ушбу белгиланган пуллар давлат ҳисобига тушиши керак бўлганида, уни шунча қисқартириш мумкин бўлармиди? Шу маълумотнинг ўзиёқ бу иш шубҳали эканини англатиши керак эмасмиди?

Суриштирув жараёнида Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 95-моддасига асосан баҳо берилиб, фирибгарнинг воқеани рад этиб берган кўрсатмалари муқаррар жавобгарликдан қутилиш мақсадида қилинган саъй-ҳаракат деб баҳоланди. Терговолди текширув даврида тўпланган ҳужжатлар, юзлаштириш баённомаси, юзлаштириш тергов ҳаракатлари ёзиб олинган DVD диск ҳамда бошқа иш материалларида тўпланган далиллар билан исботланган деб ҳисобланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 35-сонли қарорининг 18-бандида, “Агар шахснинг қасди ўзганинг мулкини кўп миқдорда эгаллашга йўналтирилган бўлиб, у айбдорга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган бўлса, қилмиш ҳақиқатда талон-торож қилинган мулк қийматидан қатъий назар, қасд йўналтирилганлигидан келиб чиқиб, кўп миқдордаги фирибгарликка суиқасд сифатида квалификация қилиниши керак” – деб белгиланган.

Судланувчи Раъно Қосимова такроран қасддан фирибгарлик жиноятини содир этгани учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди ҳамда 25 ва 168-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. 2 йил 3 ой озодликни чеклаш жазоси ва 23 кун мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Очиқликда ўтказиладиган чеклаш даврида фуқаро мунтазам назоратда бўлади.

Бу қарор ушбу фуқаронинг келгусида жиноят содир этмаслиги, оиласи ва фарзандлари ёнида бўлиб, ўз камчилигини тузатиши учун бир имконият тарзида қўлланилди.

 

Барно Мелиқулова,

(ЎзАдан олинди).

2018-09-19 12:24:59  |  2427 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация