Фермерларни 31 млрд сўмга қарздор қилиб қўйган МЧЖга жиноий иш очилди
“D.D.” МЧЖ қалампир кўчати етказиб бериш учун 431 фермердан 3 млрд 148 млн сўм пул олади. Аммо на кўчат беради, на пулни қайтаради. Натижада фермерлар кредит маблағлари ҳисобига банкдан 31 млрд сўм қарздор бўлиб қоладилар
Қорақалпоғистондаги “D.D.” МЧЖнинг 431 та фермер хўжалигидан қалампир кўчати етказиб бериш учун 3 млрд 148 млн сўм маблағ олгани, аммо шартномани бажармагани ҳолда, бу пулларни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож этгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги инспекцияга таяниб, Turon24 хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, юқоридаги ҳолатдан кейин 431 та фермер хўжалигининг тижорат банклардан олган кредит маблағлари ҳисобига 31 млрд 064 млн 204 минг сўм миқдорда кредит қарздорлиги юзага келган.
Бундан ташқари, “D.D.” МЧЖ мансабдор шахслари Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа ва Амударё туманларида томорқа ер эгалари билан кўчат етиштириб бериш юзасидан шартнома тузиб, 352 нафар кўчат етиштириб берувчига жами 2 млрд 619 млн 400 минг сўм пул маблағини тўлаб бермагани айтилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан “D.D.” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Қорақалпоғистон прокуратурасига юборилган.
Ўзбекистонда қалампир етиштириш масаласи президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган эди. Шу мақсадда 2018 йил 27 январь куни Вазирлар Маҳкамаси “Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш