2 йилдан буён қонун бузилмоқда. Жим кузатаверамизми?



 
  Расм манбаси : blog.trud.com

Яқинда ҳомиладорлик ва туғиш таътили нафақасини иш берувчи ҳисобидан тўлаш тартиби 2020 йилгача узайтирилгани ҳақида хабар чиқди. Шу масалада анча аввал бир муаммони кўтариб чиққандим, лекин ҳеч нарса ўзгармади. Яна қайта эслатмоқчиман.

Меҳнат кодексининг 233-моддасига биноан, аёлларга туққунга қадар 70 календарь кун ва туққанидан кейин 56 календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда – 70 календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.

Лекин 2 йилдан буён шу тизим қонунчиликка зид равишда қўлланмоқда.

Тушунтиришга ҳаракат қиламан.

2016 йил 27 декабрь куни Президентнинг ПҚ-2699-сонли қарори қабул қилинди ва унинг 23-бандида ҳомиладорлик ва туғиш нафақасига оид қуйидагича қоида белгиланди:

ишга қабул қилинган кундан бошлаб 6 ойгача – ўртача ойлик иш ҳақининг 50% миқдорида;

6 ойдан 12 ойгача – иш ҳақининг 75% миқдорида;

12 ойдан кўпроқ вақт – иш ҳақининг 100% миқдорида нафақа тўланади.

Ушбу қарор давлат раҳбари кемирувчиларга таққослаган молия тизимида ишлаган собиқ масъуллар томонидан ҳомиладор аёлларнинг ҳисобига бюджетни иқтисод қилиш учун ишлаб чиқилган эди (2016 йил декабрда уларнинг асосий қисми ҳали «эгарда» эди). Ва, ўз навбатида, бу халқаро конвенцияларга зид қарор эди.

ХМТнинг «Оналикни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги 183-конвенцияси 6-бандига биноан, ҳомиладор аёлларга бериладиган нафақа миқдори иш ҳақининг 3 дан 2 қисмидан кам бўлмаслиги керак. Бу 66 фоиздан юқори дегани. Бироқ Ўзбекистонда салкам 1 ярим йил давомида ҳомиладор аёлларга иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида нафақа тўлаб келинди. Фақат 2018 йил апрель ойига келибгина молия вазирлигининг янги таркиби бунга чек қўйди. Ўзгаришга кўра, 50 фоиз қисми олиб ташланди ва ишга кирганига 12 ой бўлмаган аёлларга 75 фоиз, 12 ойдан ошганларга 100 фоиз этиб белгиланди.

Хўп, мана, тузатишибдику, яна нима муаммо, демоқчидурсиз? Энди буёғини эшитинг.

Меҳнат кодексининг 286-моддасига биноан, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг бутун даврида тўлиқ иш ҳақи миқдорида тўланади. Гарчи орадан шунча пайт ўтган бўлса-да, лекин Меҳнат кодексига тегишли ўзгариш киритилгани йўқ, ҳалиям ТЎЛИҚ ИШ ҲАҚИ бўлиб турибди.

Президент қарори эса қонундан устун бўла олмайди (бу ҳақида батафсил ўқинг).

Шу сабабли аслида Меҳнат кодексининг 286-моддасига тегишли ўзгариш киритилмагунгача ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳаммага 100 фоиз тўланиши керак ва шарт!

Бироқ 2016 йил декабрдан 2018 йил 4 апрелга қадар бутун мамлакат бўйлаб 50-75 фоиз тўланди, бугунги кунда эса 75 фоиз тўлаш давом этмоқда.

Мабодо айрим қонуни яхши тушунадиган бухгалтерлар «ҳали Меҳнат кодексига ўзгариш киритилмадику» дея 100 фоиз тўлаган бўлса, «КРУ» деган қўрқинчли молиявий ташкилот текширувлар ўтказиб, ўша бухгалтерларга «ортиқча тўланган» пулларни қайтартиришиб, интизомий жазоларга тортишмоқда (ана шундай жабрдийда бухгалтерлардан бирининг хати илова қилинади).

Бу билан нафақа пулини иш стажига қараб табақалаштириш қонунга зид, демоқчи эмасман. Майли, агар шу зарур бўлса, табақалаштирилсин. Фақат, бу қонун доирасида бўлсин!

Аслида 2016 йил 27 декабрдаги Президент қарорида ҳаммаси тўғри ёзилган эди. Хусусан, Қарорда Меҳнат вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2 ҳафта муддатда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар тайинлаш ҳамда тўлаш тартибини қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин, дея белгиланганди. Яъни, бу — «аввал ҳамма қонун ҳужжатларини тўғрилаб олингларда, кейин амалга киритинглар» деганидир.

Бироқ бундай тартиб, мана, 2 ҳафта эмас, 2 йил ўтса ҳамки тасдиқлангани йўқ.

Нима қиламиз, ҳурматли мутасаддилар? Қонун бузилишини жимгина кузатаверамизми ёки бирор чора кўриладими? Ҳомиладор аёлларнинг ҳуқуқлари ҳеч кимни ташвишга солмайдими?

Ечим: масаланинг ечими жуда оддий. Шунчаки, то Меҳнат кодекси ўзгармагунгача, ҳамма ҳомиладор аёлларга 100 фоиз нафақа тўлашда давом этиш керак, бўлди. Ортиқча муаммо кўрмаяпман. Яна ҳам ким билсин.

Хушнудбек Худойбердиев,

ҳуқуқшунос

Xabar.uz

Муаллифнинг бошқа мақолалари:

«БанкирБот» ўзбекистонликларни қандай чув туширмоқда?

Пропискага оид вазифалар қай даражада бажарилди?

2019-01-07 12:35:58  |  2366 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация