«БанкирБот» ўзбекистонликларни қандай чув туширмоқда?



 
  Расм манбаси : Zakon.kz

Орамизда содда инсонлар кўп. Табиийки, бундан фойдаланувчи фирибгарлар ҳам етарлича.

Масалан, ҳалигача электрон почтага Либерия ёки Африканинг яна қайсидир бир давлатидан келадиган хатларга ишонишади. У хатларда ёки қандайдир сиёсий қочоқ банкдаги фалон миллион долларини унга бермоқчи эканлигини айтади ёки қандайдир танловларда ўзидан-ўзи ютуқ чиққани ёзилади. Бу ахир 20 йил олдинги фирибгарларнинг эски усули-ку, наҳотки ҳалигача шунга ишонсангиз, а? (менга келган хатнинг суратини пастда илова қиламан).

Шу пулни олиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришга озгина харажат кетади, ўшанчун фалонча пулни бизга юбор, кейин Сенга 1 млн доллар ўтказиб берамиз, дейишади. Пулни оладию, қарабсизки, 1та Прадо, 2та Малибу, 3та Каптива, Тошкент Ситидан квартира, Бўстонлиқдан дача ҳақидаги орзулар чиппакка чиқади.

Яқинда Телеграмда «БанкирБот» деган битта нарса чиқди. Нима эмиш, бирорта дўстингиз Сиз орқали ботга аъзо бўлса, Сизга 3 доллар берармиш. Бирор каналдаги битта постни мажбуран кўрсангиз, Сизга 2 доллар берармиш. Бот тавсия қилган бирорта каналга аъзо бўлсангиз, 1 доллар олармишсиз.

Нақадар зўр! Белни оғритмай жарақ-жарақ пул топишнинг бундан осон йўли йўқ-ку, тўғрими?!

Афсуски минглаб инсонлар шунақа ўйлаяпти. Ўзимга ҳам жуда кўп линклар юборишди. Группаларку «БанкирБот»га тўлиб кетди. Эҳ, бунчалар содда бўлмасангиз-а...

Ботнинг фирибгарлиги нимада?

Ботда 100 доллар ишлаганингиздан кейин, пулни ечиб олишингиз мумкинлиги айтилади. 100 доллар ишлаш учун Сиз уларнинг қанчадан-қанча рекламаларига текин ишчи сифатида ишлаб берасиз. Улар шундан пул топишади.

Хўп, пулни беришса бўлдимасми, реклама қилсак қилибмиз-да, демоқчимисиз? Шошилманг.

Пулни олишга келганда Сизни ўзингизни «кийдиришади». БанкирБотда 100 доллардан кўп пул ишлаган ва пулни олишга уриниб кўрган бир дўстимизнинг ҳикояси:

«Пул миқдори 100$ дан ошгандан кейин пулни Qiwi орқали ечишга қарор қилинди. Ечмоқчи бўлинганда сизни тўлов тизимингиз рубл билан ишлар экан пулни конвертация қилиш учун 70 рубл (1$) тўланг дейишди, тўланди.

2-уринишда энди «сизни тўлов тизимингиз сизни верификация қилмаган экан, шунинг учун 95 рубл тўланг, кейин 95 рублни қолган пулизга қўшиб қайтариб берамиз» дейишди, тўланди.

3-уринишда «тўлов тизими хизматлари учун 200 рубл тўланг дейишди», тўланди.

4-уринишда «пулни ечиб олиш учун электрон рақамли имзо сотиб олишингиз керак» дейишди, электрон рақамли имзо 290 рубл турар экан ва шу ерда фирибгарларга бошқа тўланмасликка қарор қилинди.

Қайта алоқага ёзилган хабарларнинг ҳаммаси бефойда бўлди, жавоб беришмади».

Кўпчилик ҳамма тўловни қилиб ҳам, ҳозиргача кутиб юрганини, ҳеч қанақа пул тушмаганини, улар эса дом-дараксиз йўқолиб кетишганини ёзишмоқда.

Хуллас, улардан пул оламан деб овора бўлманглар. Унутманг, текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади! Содда бўлманг.

Хушнудбек Худойбердиев,

ҳуқуқшунос

Xabar.uz

2018-12-30 10:36:58  |  2207 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация