Маҳкумларнинг тиббий-санитария таъминоти бўйича қоидалар тасдиқланади



 
  Расм манбаси : kavkazplus.com

Тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар устида тиббий тажриба ва синовлар ўтказиш қатъиян тақиқланади, дейилади ҳужжатда

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида ички ишлар вазирининг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг тиббий-санитария таъминоти бўйича қоидалар лойиҳаси жойлаштирилди.

Қоидаларга кўра, ИИВ ТҲ ва ЖИЭМда сақланаётган шахсларга тиббий-санитария таъминоти ва эпидемияга қарши ишлар қонун ҳужжатларига ҳамда мазкур Қоидаларга мувофиқ ташкил этилади ва ўтказилади.

Маҳкумларга ва қамоққа олинган шахсларга ИИВ ТҲ ва ЖИЭМ ҳамда ихтисослашган касалхонада тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти бўлмаган тақдирда, уларга давлат соғлиқни сақлаш тизимининг даволаш-профилактика муассасаларида малакали ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам ўрнатилган тартибда кўрсатилади.

Манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга ЖИЭМ жойлашган ҳудудий давлат соғлиқни сақлаш тизимининг барча даволаш-профилактика муассасалари томонидан ўрнатилган тартибда тиббий ёрдам кўрсатилади.

ИИВ ТҲ ва ЖИЭМда сақланаётган шахсларга тиббий-санитария таъминоти давлат соғлиқни сақлаш тизимининг клиник протоколлари ҳамда тиббий стандартларига мувофиқ, республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади.

ИИВ ТҲ ва ЖИЭМда сақланаётган шахслар устида тиббий тажриба ва синовлар ўтказиш қатъиян тақиқланади.

ИИВ ТҲ ва ЖИЭМ тиббиёт ходимларини даволаш-профилактика ишларига алоқаси бўлмаган бошқа тадбирларга жалб қилиш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ТҲ ва ЖИЭМда сақланаётган шахсларнинг тиббий-санитария таъминоти қуйидагича амалга оширилади:

ИИВ ТҲ ва ЖИЭМда сақланаётган шахсларни бирламчи тиббий кўрикдан ўтказиш;

беморларни ва касалликка мойил шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга нисбатан даволаш-профилактик тадбирларни ўтказиш мақсадида профилактик тиббий кўрикларни ташкиллаштириш;

касаллик белгилари аниқланган шахсларга амбулатор ёки стационар шароитда тиббий ёрдам кўрсатиш;

малакали ёки ихтисослашган тиббий ёрдамга муҳтож беморларни ўрнатилган тартибда ихтисослашган касалхонага юбориш;

сурункали касаллиги мавжуд беморларни диспансер назоратига олиш;

маҳкумлар ва қамоққа олинган шахсларнинг ётоқхонаси, овқатланиш жойлари ва меҳнат шароитини санитария назоратига олиш;

меҳнат қобилияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатини тўғри ташкил этиш бўйича тиббий меҳнат-эксперт комиссияси тавсияларининг бажарилишини доимий назорат қилиш ҳамда сурункали касалликка чалинганларни даволаш ва соғломлаштириш чоралари бўйича тиббий тавсияларни бажариш.

ИИВ ТҲ ва ЖИЭМ ҳамда ихтисослашган касалхонада ҳудуд тозалиги, сув таъминоти, овқатланиш, меҳнат шароитлари, ҳаммом ва кир ювиш объектларида эпидемияга қарши чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги санитария меъёри ва қоидалари талабларига мувофиқ амалга оширилади ва назорат қилинади.

ИИВ ТҲ ва ЖИЭМда сақланаётган шахсларга тиббий-санитария таъминотини амалга ошириш мақсадида даволаш-профилактик ёрдам кўрсатиш бўлимлари ташкиллаштирилиб, ушбу бўлимлар беморлар учун стационар, шифокор хоналари, овқатланиш хонаси, ювиниш хонаси, ҳожатхона ҳамда 1-2 ўринли изолятордан иборат бўлади ва зарур ашёлар билан жиҳозланади.

ИИВ ТҲ ва ЖИЭМда сақланаётган шахсларга малакали ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш ихтисослашган касалхонада амалга оширилади. Беморларни касалхонага, шу жумладан даволаш ҳуқуқига эга бўлган колонияларга юбориш ўрнатилган тартибда амалга оширилади.

ИИВ ТҲ ва ЖИЭМда сақланаётган шахсларга ихтисослаштирилган ёки шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш зарур бўлган ҳолларда, улар давлат соғлиқни сақлаш тизимининг даволаш-профилактика муассасаларига ўрнатилган тартибда жойлаштирилади. Бунда уларни қўриқлаш ва хулқ - атворини назорат қилиш таъминланади.

ЖИЭМда руҳий ҳолати бузилган ва жинсий йўл билан юқадиган касалликлар бўйича ҳисобга олинган маҳкумларга узоқ муддатли учрашув бериш шифокор рухсати билан амалга оширилади.

Ҳужжат билан қуйида тўлиқ танишиш мумкин.

2018-12-21 20:53:45  |  2187 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация