АДВОКАТЛАРНИНГ ЯГОНА НАШРИ САҚЛАБ ҚОЛИНАДИМИ?



 
  Расм манбаси : "Advokat"

Қулоққа жуда ғалати эшитиладиган савол. Аммо, қанчалик ёқимсиз бўлмасин, у бугун кун тартибида кўндаланг турибди. Зеро, 4 мингга яқин адвокатдан ўтган йили фақат 2,5 мингга яқини журналга обуна бўлди (Ваҳоланки, замон руҳиятини инобатга олган ҳолда, обуна нархи 2017 йилдаги ҳолида сақлаб қолинган эди).  Натижада эса, йил бошидаёқ штатлар кескин қисқартирилганига (икки нафар ижодий ходим, ҳуқуқшунос-маслаҳатчи ва ҳисобчи қолди, холос) қарамасдан, 2019 йилни таҳририят зарар билан якунлади. Шу боис 2020 йил обунаси нархини белгилашда таҳририят муассис билан жуда узоқ музокора олиб борди. Ҳатто журнални ёпиш масаласи ҳам кўриб чиқилди, бу ҳақда журнал ва унинг сайти орқали хабар берлиб, адвокатларнинг фикри сўралди...

“Фақат шундан кейингина умид муждалари пайдо бўла бошлади. Жойлардан адвокатлар қўнғироқ қилишиб, журнални сақлаб қолиш кераклигини талаб қила бошладилар. Улар орасида ҳатто соҳанинг ягона нашри бўлган журнални тугатиш масаласини кўтаришнинг ўзи масъулиятсизлик эканини айтиб, бизни қаттиққина койиганлар ҳам бўлди. Обуна нархини чиқаришда эса ҳамиша обуна бўлиб келаётганларни инобатга олаверишни таклиф қилишди. Уларнинг фикрича, аввал обуна бўлмайдиганлар энди ҳам бўлмайди. Чунки адвокатлик лицензиясини олганлар орасида бирон иш топиб ёки нафақага чиқиб олгунча бекор қолмаслик учун юрган ҳуқуқшунослар тоифаси бор ва бундайларга соҳанинг келажаги, мавқеи умуман қизиқ эмас, дейишди.

Хуллас, ана ўша мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда яна 2,5 минг обунадан келиб чиқиб нарх белгиладик. Бу яна ҳамишаги обуначиларимизга жабр бўлаётганини тушунибтурибмиз. Энг ёмони эса, ана шу жабр туфайли бўлса керак, уларнинг сони бу йил яна камайиб кетадиганга ўхшаб турибди — шу пайтга қадар обуна 1600 тага ҳам етмагани шундан далолат беради. Жумладан, Андижон вилоятида ҳам обуна сони 160 тага етмаган ва уларнинг ҳам аксарияти ярим йиллик обуналар...

Ўзбекистон Адвокатлар палатасининг Андижон ҳудудий бошқармаси томонидан вилояти адвокатлари билан ўтказилган ҳисобот йиғилиши сўнгида журналимиз Бош муҳаррири сўзга чиқиб, юқоридагилар ҳақида батафсил гапириб берар экан, журнални сақлаб қолиш-қолмаслик масаласи бугун яна кун тартибига чиққанини, шу боис андижонлик адвокатларнинг бу ҳақдаги таклиф-мулоҳазалари ҳам журнал тақдири масаласида бир тўхтамга келиш учун муҳим эканини айтди.

Мазкур йиғилиш аввалида Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармаси раҳбарияти бошқарманинг 2019 йилги иш фаолияти тўғрисида қисқача ҳисобот бергач, кун тартибидаги асосий масалалардан бири сифатида “Advokat” журнали тақдири масаласига урғу берилгани боис бўлса керак, адвокатлар музокаралар пайтида кўпроқ журнал ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

 — Адвокатлар амалиётини, иш тажрибасини кўпроқ ёритишни йўлга қўйиш керак, — деди таклиф учун сўз олган адвокат ўзини Раҳимжон Каримов деб таништирар экан. Журналнинг ҳар бир сонида бу рукнга 2-3 саҳифа, ҳатто кўпроқ ўрин берилса ҳам яхши бўларди. Бу адвокатларга турли вилоятлардаги ўз ҳамкасбларининг ишларни қандай юритаётганидан, ютуқларга қандай эришаётганидан бохабар бўлиб, шу тарзда ўз тажриба ва билимларини ошириб боришлари учун имкон беради.

Яна бир таклифим — халқнинг адвокатлар ҳақидаги фикр-муносабатларини ҳам алоҳида рукн остида бериб бориш керак. Яъни адвокат ёрдамидан фойдаланиб ҳуқуқлари тикланган фуқароларнинг холисона фикрларини. Чунки ҳаётда йиллаб ҳал бўлмаган муаммоларнинг адвокатлар аралашгач ўз ечимини топаётганини кўряпмиз. Беш қўл баравар эмас-у, лекин хизматимиздан рози бўлиб, чин дилдан раҳмат айтиб кетадиганлар кўп. Ана шундай фуқароларга сўз берилса-ю, ташаккур айтиш баҳонасида ўша кўрилган ҳуқуқий масаланинг моҳияти ва муаммонинг қандай бартараф этилгани ҳақида ҳам қисқароқ баён қилиб ўтилса...

— Мен Яҳёбек Латиповман, — дея ўзини таништиради навбатдаги сўз олувчи. — Журналнинг ўрнига ёки унга қўшимча равишда газета чоп этиш ҳақида гапирмоқчи эдим, Маълумки, газета вақтли матбуотнинг нисбатан мобил ва таъсирчан формаси, биз адвокатларнинг эса матбуотга айтадиган гапларимиз жуда кўп. Мижозларимиз келишади, ҳамма ишни ўз кучимиз билан эплаёлмаймиз. Шунақа пайтларда мижозларга бир профессионал матбуот нашрини кўрсатсак, ишнинг бутун тафсилотлари, паст-баландлари газетада ёритилса... Жамоатчилик эътиборини қаратиш лозим бўлган ҳолатларда қисқа вақт ичида резонанс чиқариб, масъул шахслар реакциясини билиш имкони бўларди, деб ўйлайман.

— Яқинда, адвокатлар билан учрашувда Палатамиз раиси сарф-харажатларга тўхталар экан, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига Палата ҳисобида 1 млрд сўмдан ортиқ қолдиқ маблағ қолганини айтди, — дейди кекса ёшли адвокатлардан бири. — Яъни ўтган йилдан ортиб қолган сумма. Мен йиллик қолдиқ маблағлардан “Advokat” журналининг молиявий аҳволини ўнглаш ва электрон платформаларини ривожлантириш учун ҳомийлик ёрдами кўрсатишни таклиф қиламан. Ҳатто буни алоҳида сатр қилиб, харажатлар лойиҳасига киритиш ҳам мумкин.

— Ҳамма адвокатлар маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ишлаймиз. Мен обуначиларни кўпайтиришда шу идора имкониятларидан ҳам фойдаланиш керак деб ҳисоблайман, — дейди бошқа бир адвокат. — Чунки бу идора эшигидан кунига юзлаб киши кириб-чиқади, айнан ҳуқуқий масалалар билан келувчилар эса улар орасида жуда кўп бўлади. Таклифим шуки, журналнинг сотилмай қолган эски сонларидан МФЙ идораларига текин тарқатилиб, шу йўсин уларни журналимиз билан таништирсак. Ўткир мавзуларни кўтариб чиқаётган журналимизга одамлар тезда ўрганиб, бора-бора ўзлари ихтиёрий обуна бўладилар деб ўйлайман.

Йиғилишнинг муҳокамалар қисми шу каби таклифлар билан авж олиб, сўз сўраганлар сони борган сари кўпая бошлади. Аммо, мажлислар зали учун келишилган вақт аллақачон ўтиб кетгани боис Ўзбекистон Адвокатлар палатасининг Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Адилжон Юнусов адвокатлардан узр сўраган ҳолда йиғилишга якун ясар экан, журнал Бош муҳаррири атай адвокатлар билан юзма-юз учраиш учун бафуржа келганлигини, ҳеч кимнинг гапи қолмагунича хизмат сафарида бўлиб туришини айтиб, адвокатларни янада фаол бўлишга ундади. Жумладан, иш жараёнида муаммолар жуда муаммолар дуч келинаётгани ҳақида тўхталар экан, шулар ҳақида мақола тайёрлаб журналда, сайтда ва ижтимоий тармоқларда чоп этиш учун ҳужжатлар тақдим этишга чақирди.

2020-02-24 22:58:12  |  112 |   0     Нурбек Тошниёз (Норбек Тошниёзов)  | 

1 изоҳлар

Феврал 25, 2020  23:44

1.Адвокат Тохирбек

Хурматли Журналист!.... Бизни таклифлар ёзилмабди-ку?....



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация