Сенат раиси: Маъмурий қамоқ муассасаларни қуриш жуда суст кетмоқда



 
  Расм манбаси : Zamin.uz

Зарур маблағлар ажратилганига қарамай, мазкур муассасаларни қуриш ишлари мамлакат бўйича 20 фоизга ҳам бажарилмаган

Олий Мажлис Сенатининг 13 декабрдаги ялпи мажлисида маъруза қилган Сенат раиси Н.Йўлдошев бундан икки йил олдин қабул қилинган “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонунга эътибор қаратди, деб хабар беради ЎзА.

Мазкур қонун 2019 йил 10 январда кучга киради. Бунга бир ойдан кам вақт қолди. Хўш, бу борада тайёргарлик қандай?

Сенат раиси бу борада ўтказилган ўрганишларда бу саволга ижобий жавоб топилмаганини қайд этди.

Қонун кучга киргунига қадар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган дастурга асосан маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар биноларини қуриш ва реконструкция қилиш лозим эди.

Бугунги кунда зарур маблағлар ажратилганига қарамай, мазкур муассасаларни қуриш ишлари мамлакат бўйича 20 фоизга ҳам бажарилмаган.

Айниқса, Бухоро вилоятида қурилиш ва реконструкция ишлари 30, Қорақалпоғистон ва Қашқадарёда 25, Навоийда 15, Тошкент вилоятида эса, 10 фоизга бажарилганини қандай изоҳлаш мумкин?!

Ушбу муассасаларни малакали кадрлар, жиҳозлар ва бошқа воситалар билан таъминлаш ишларидаги сусткашликни эса изоҳлашга ҳожат йўқ.

Сенат раиси: “Қонунга бўлган бундай муносабатдан кейин унинг ижроси ҳақида гапириш мумкинми? Умуман, мутасаддилар икки йил давомида қонун ижросига тайёргарлик кўриш бўйича нима иш қилинди, деган саволга қандай жавоб берадилар?!”.

Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда долзарб масалаларни ҳал қилишга қаратилган таклиф ва тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, идоралар ҳамда бошқа мутасадди тузилмаларга киритилган.

2018-12-15 19:02:31  |  2277 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация