Адвокат ўзини ҳимоя қила олмаяпти!



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Амалда баъзи бир давлат идоралари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизликлари ёхуд адвокатга нисбатан муомалаларида қонунлар бузилиши ҳолатлари давом этмоқда...

Адвокатлик институти демократик жамиятнинг асосий шартларидан биридир. Шу боис ҳам мамлакатимизда адвокатлик фаолиятини такомиллаштириш, адвокатнинг ваколатларини мустаҳкамлаш ва шахсий дахлсизлигини таъминлаш борасида чора-тадбирлар кўрилмоқда, қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда.

Аммо амалда баъзи бир давлат идоралари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизликлари ёхуд адвокатга нисбатан муомалаларида бу меъёрлар бузилиши ҳолатлари давом этмоқда ва, афсуски, бунга мавжуд қонунлар доирасида барҳам бериб бўлмаяпти. Жумладан, адвокатга ишонч билдирувчи ёки унинг ҳимояси остидаги шахслар қамоққа олинган бўлса, амалиётда, адвокатларга улар билан фақат тергов изоляторидагина холи учрашиш тартиби жорий этилган булиб, турли ҳуқуқ-тартибот идораларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида (ҳарбий бўлса гауптвахтада) сақланаётган ҳимоясидаги фуқаролар билан учрашиш учун адвокатнинг бир неча ўн кунлаб кутишига тўғри келяпти, адвокат ордери билан учрашишига бирор марта ҳам имкон берилмаяпти. Адвокатнинг ўз ҳимоясидаги шахс билан ҳоли учрашиш ҳуқуқи эса мазкур муассасалар томонидан таъминланмайди.

Худди шундай, адвокатлар маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун қамоқ жазоси берилган ҳимоясидаги шахслар билан ҳоли учрашишга ҳам амалда эриша олмаяптилар. Бунинг натижасида эса маъмурий жазо берилган шахснинг ҳуқуқлари паймол бўляпти. Масалан, шу йил шахсан ўзим ҳимоямдаги 10 сутка маъмурий қамоқ тайинланган шахс билан 5 кун мобайнида учраша олмадим. ИИБ ВСҲда на суднинг рухсат берувчи расмий хатини ва на қўлимдаги адвокат ордерини эътиборга олишмади. Ҳимоямдаги шахс билан учраша олмагач, ноилож, бешинчи куни ўз номимдан суднинг қарорига нисбатан кассация шикояти беришга мажбур бўлдим. Шундан сўнг маъмурий иш бошқа суд таркибида кўриб чиқилиб, 10 сутка камоқнинг қолган 5 суткаси олиб ташланди ва ҳимоямдаги шахс қамоқдан чиқариб юборилди. Бу нимани англатишини эса ўзингиз тушиниб олаверинг.

Яна бир муаммо эса суд, прокуратура, ИИБ, ДХХ тергов идораларига, мажбурий ижро бюролари, солиқ ва валютага қарши курашиш депортаментлари биноларига кириш ва чиқишда адвокатни жуда узоқ куттириш, бир неча соатлаб турли текширувлардан ўтказиш, қўлидаги сумкалари, ҳатто ручка ва кўзойнакларигача олиб қўйиб, досьесиз, қуруқ ҳолда, шунда ҳам, худди жиноятчи каби алоҳида бир ходим кузатуви билан ичкарига олиб кириш ва олиб чиқиш (ваҳоланки, ҳар бир идорада видео кузатув камералари мавжуд) ҳолатлари ҳам адвокатлик ҳуқуқларининг паймол қилинишидир. Зеро, ҳасад қилиб эмас, таққослаш учун айтайлик, масалан, прокурор ёки терговчига ҳеч қачон бундай муомала қилинмайди. Демак, тенглик тамойиллари амалда бузилмоқда. Қолаверса, адвокат ҳуқуқларининг бу тарзда очиқчасига бузилиши унга руҳий босим ўтказиш сифатида ҳам талқин қилиниши мумкин.

Шуларнинг эътиборидан, адвокатга унинг шахсий дахлсизлик ҳуқуқларини бузувчи хатти-ҳаракатлар устидан Тақдимнома киритиш ҳуқуқини бериш ва буни қонун билан мустаҳкамлаб қўйиш лозим деб ҳисоблаймиз. Зеро, адвокатнинг ҳуқуқлари тўлиқ кафолатланмас экан, унинг ҳимоясидаги фуқаронинг ҳуқуқлари бузилмаслигига ҳеч қандай кафолат бўлмайди. Қолаверса, дунё амалиётидан маълумки, адвокат ўз шахсий дахл¬сизликларидан тўлиқ фойлана олсагина жамиятда ошкоралик ва жамоатчилик назорати йўлга қўйилишига шарт-шароит туғилади.

Насрулло ИНАМОВ, Андижон вилоятидаги «Advokat Inamov» адвокатлик бюроси адвокати

("Advokat" журналининг 2-сонидан).

2018-12-11 22:35:14  |  2969 |   0  | 

5 изоҳлар

Апрел 13, 2024  14:17

1.Komil

Buning uchun Ma'muriy javobgarlik borku 197-1-modda taqdimnoma nimaga kerak.

Декабрь 26, 2018  00:17

2.Усмонхон

Ассалому алайкум. Муаммо шундаки, адвокатлар уз устларида ишламай куйдилар. Адвокат хукукини химоя килувчи комиссия тузилиши хакида Президент фармонида белгиланди. Лекин уни механизми кандай булади? Адвокатлар палатаси хали бу борада бош котираётгани йук. Адвокатлар эса таркок, хамфикрлик, мужассамлик йук. Устоз-шогирд анъаналари тартибга солинмаган. Адвокат деган улуг касб масъулиятини сезиш ва уни кураш тугрисида мулохазалар, ташаббуслар йук. Адвокатура институти уз холига талаб куйилган. Мисол нуфузли хукумат комиссияларида, жамоат ташкилотларида адвокат иштироки йук... Булинг учун биринчи навбатда адвокатларни узлари кайгуришлари ва бир рахбар атрофида жипслашишлари зарари. Фикримча шундай рахбар келди, факат уни куллаш керак, унга кумаклашиш зарари. Адвокатлар уз такдирингиз ва келажагингизга локайд булмаган.

Декабрь 19, 2018  05:59

3.Садуллаев

Хатолар учун узр телефон узгартириб ташабди

Декабрь 19, 2018  05:55

4.Садуллаев

Сиз утирган муаммо тугри умуман Дхх да шу завод куркишади ошкораликдан. Лекин бошка идораларда унчаликмас ички тартиб деб куйишади адвокатга боглик. Аммо айрим хамкасблар узидан келиб колади факат ордер билан ив.га изоляторга кираётган эдик кимдир ишга ордер бермасдан тугри камокдагини олдига кириб информация олиб чиккан холатлар булди ва яна эски тартибга кириб олишди. Телефон билан киришда унчалик муаммо колибди. Хаммаси узимизга боглик

Декабрь 11, 2018  23:05

5.Ойбек

Коидалар кузбуямачиликдан бошка нарса эмас. Мен тергов хибсхонаси, дхх, прокуратура идораларига Киришах телефон, сумка олиб куйишади. Гуё Президент фармони уларга таьллукли эмасдек...



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация