Маҳкумларни сақлаш жойлари санитария ва қурилиш меъёрларига мувофиқлаштирилади



 
  Расм манбаси : "Ўзбекистон24" лавҳасидан Gazeta.uz скриншоти.

Тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланган

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сўнгги ялпи мажлисида депутатлар маҳкумларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш ва шароитларини яхшилаш масаласига оид қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, маъқуллашди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси депутати Рашул Кушербаев ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонуни лойиҳаси кўриб чиқилиб, унга кўра Кодекснинг 9-моддасига қўшимчалар киритилган.

Расул Кушербаевнинг сўзларига кўра, «маҳкумлар психологик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ тадбирларда фақат уларнинг розилиги билан иштирок этади, меҳнат қонунчилигига мувофиқ хавфсиз меҳнат шароити, дам олиш, таътил, шунингдек, меҳнатга ҳақ тўланиши» бўйича қўшимча ҳуқуқлари белгиланди.

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигини 70-йиллигига бағишланган тадбирлар дастури ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йил 17 декабрдаги резолюцияси (қарори) билан қабул қилинган Маҳкумлар билан муомала қилишнинг минимал стандартларининг 13-қоидасида маҳкумлар фойдаланадиган ҳамма бинолар, энг аввало, ётиш бинолари барча санитария талабларга жавоб бериши лозимлиги, бунда тегишли эътиборни иқлим шароитларига, айниқса бу биноларнинг кубатурасига, уларнинг минимал майдонига, ёритилишига, иситиш ва ҳаво алмаштиришига қаратиш кераклиги қайд этилган.

Шу боис, Қонун лойиҳаси билан кодекснинг 84-моддаси «Маҳкумларнинг яшаш жойи» бўйича ҳам қўшимчалар киритилмоқда. Яъни «озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар сақлаш шароитига қараб белгиланган тартибда тасдиқланган санитария-гигиена ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларига мос келадиган умумий турар жойларда, хоналарда ёки камераларда яшайдилар».

Амалдаги таҳрирда эса «озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар сақлаш шароитига қараб умумий турар жойларда, хоналарда ёки камераларда яшайдилар» деб белгиланган бўлиб, маҳкумларнинг «санитария-гигиена ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларига мос келадиган» турар жой, хона ёки камераларда яшаш кўзда тутилмаган эди.

2018-12-10 18:54:57  |  2429 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация