Самарқандда қурилиш фирмаси раҳбари қинғирликлари учун судланди
Айбдорлардан давлатга етказилган зарар тўлиқ ундирилиб, ахлоқ тузатиш жазоси тайинланди
Самарқанд шаҳрида яшовчи Санжар исмли фуқаро 2017 йилда «Sam Sanjar Stroy Montaj» масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилган эди. Лекин, Жамиятга давлат мулкини ўмаргани учун бир неча бор судланган, хавфли рецидивист ҳисобланган Владимирни норасмий раҳбар этиб тайинлаганиёқ унинг тадбиркорлик соҳасига пешона тери билан бойлик орттириш ниятида келмаганини кўрсатди.
“Huquq” газетасининг ёзишича, 2017 йилнинг 22 май куни мазкур МЧЖ раҳбари Санжар ва «Bunyodkor Shijoat Quruvchi» хусусий корхонаси директори Зафар Шамсиев ўртасида Жомбой тумани Зарафшон масссивида қурилаётган намунавий уй-жойларда умумқурилиш ишларини бажариш учун жами 400 миллион сўмлик шартнома расмийлаштирилади. Тузилган шартнома бўйича хусусий корхона томонидан 60 миллион сўм пул маблағлари МЧЖ ҳисобига ўтказиб берилади. Аммо Санжар ва Владимир ҳеч қандай қурилиш ишларини олиб бормасдан, мазкур маблағларини ўзлаштириб юборишади.
Ўз фаолиятида қинғирлик ортидан даромад орттиришни мақсад қилган шоввозлар жамиятнинг 2017 йилнинг 2 майидан 17 ноябрига қадар молиявий-хўжалик фаолияти давомида 580 миллион сўмлик товар-моддий бойликларни нақд пулга сотиб, тушган пулларни банкка топширмасдан жуда кўп миқдордаги қийматдаги товарлар савдоси ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузишган.
Қолаверса, улар қилган жиноятларини яшириш мақсадида жамиятнинг молиявий-хўжалик фаолиятига оид ҳисобхона ҳужжатларини, жамиятнинг думалоқ муҳри ва штампини қасддан йўқ қилиб юборишган.
Кўза кундамас, кунида синади, деганларидек, бу иккала найрангбоз қурувчиларнинг кун келиб найрангги фош бўлиб қолди.
Суд Санжар Ҳасанов ва Владимир Ибрагимовларнинг ҳар бирига тегишли тартибда ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади. Шунингдек, етказилган моддий зарар ундириб олинди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш