Назорат инстанцияси судида иш юритиш: унда прокурор иштирокини такомиллаштириш



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан қабул қилинган қарорларни юқори судлар томонидан текшириш борасида сўнгги 10 йил ичида жиддий ўзгаришлар рўй берди.

Дастлаб, қонуний кучга кирмаган суд қарорларини апелляция тартибида қайта кўриш институти ташкил этилди, суд қарорларини кассация тартибида қайта кўриш ислоҳ этилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган Ўзбекис­тон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида суд қарорларини назорат тартибида қайта кўриш институти жиддий такомиллаштирилди. Фуқароларга низоларни қисқа муддатларда  ҳал этиш, судларда йиллаб овора бўлиб юришнинг олдини олиш, ўз нав­батида суд қарорлари бар­қарорлигига эришиш, фуқароларнинг судга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш мақсадида фуқаролик процессуал қонунчилигига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, фуқаролик иши бўйича суд қарорлари устидан кассация шикояти бериш (протести келтириш) муддати 1 йилдан олти ойга, назорат тартибида протест келтириш тўғрисида ариза бериш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилди. Шунингдек, вилоят миқё­сидаги судлар томонидан фуқаролик ишларини назорат тартибида кўриб чиқиш инс­титути тугатилиб, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш  ваколатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ишларни назорат тартибида кўриб чиқиш ваколати ҳамда назорат тартибида кўриб чиқувчи инстанцияларнинг бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилинди.

Назорат инстанцияси судида иш юритишга доир мазкур янгиликлар 2018 йилнинг 1 апрелидан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг янги Фуқаролик процессуал кодексида ўз ифодасини топди.

Таъкидлаш жоизки, назорат инстанцияси ваколатларининг кенгайтирилиши муносабати билан кассация ва апелляция инстанцияси судларининг ажримларини қайта кўриш бўйича мурожаатларнинг кўпайиши, назорат инстанцияси судларида кўрилаётган ишлар сонининг эса ортиши кузатилмоқда. Масалан, қуйи суд қарорларини юқори инстанция судлари томонидан назорат тартибида қайта кўриш 2017 йилнинг 9 ойида 604 тани ташкил этган бўлса, 2018 йилнинг 9 ойида ушбу кўрсаткич ишларни назорат тартибида кўриш тўлиғича Ўзбекистон Республикаси Олий суди ваколатига берилганидан кейин 960 тага етган.

Юқоридагиларнинг барчаси суд қарорларини назорат тартибида қайта кўриш босқичида қонунийликни таъминлашнинг, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишининг, судларнинг ноқонуний қарорларини қонунга мувофиқлаштириш чораларини кўришнинг нақадар муҳимлигини кўрсатади. Ўз навбатида, асосий вазифаси суд қарорларининг қонуний, асосли ва адолатли бўлишига эришишдан ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашдан иборат бўлган прокуратура органларининг мазкур босқичдаги иштироки суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини таъминлашда алоҳида ўрин тутади.

Прокурорнинг назорат инстанциясидаги иштироки унинг суд қарорларини апелляция ва кассация тартибида кўришдаги иштирокидан жиддий фарқ қилади. Энг аввало, процессуал қонунчилик бу борада протест келтириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасини чегаралайди. Хусусан, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари прокуратура органларининг қуйидаги мансабдор шахслари протестларига кўра назорат тартибида қайта кўрилиши мумкин:

– Ўзбекистон Республикаси ҳар қандай судининг ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва қарорлари устидан – Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг протестларига кўра;

– Ўзбекистон Республикаси судларининг ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва қарорлари устидан – Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарларининг протестларига кўра, бундан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарорлари мустасно.

Шунингдек, ишни назорат тартибида кўрадиган судларда ҳам жиддий фарқ кўзга ташланади. Жумладан, ФПКнинг 424-моддасига мувофиқ, қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати – Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган шикоятларни (протестларни);

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати – Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция ёки кассация ёхуд назорат тартибида ишларни кўриш натижалари бўйича чиқарилган ажримлари устидан келтирилган протестларни назорат тартибида кўради.

Таъкидлаш жоизки, фуқаролик процессида суд қарорларини қайта кўриш босқичида прокурор иштироки деярли барча давлатларнинг, хусусан, АҚШ, Германия, Франция, Испания, Италия ва Япония каби ривожланган мамлакатларнинг қонунчилик тажрибасида ҳам мавжуд. Масалан, Италияда прокуратура фарзандлар ҳақидаги, шахсни муомала лаёқатига эга эмас деб топиш ҳақидаги ва судда кўрилаётган бошқа бир қатор фуқаролик ишларини кассация судида кўриб чиқишда иштирок этади. Францияда прокурор, агар «жамият манфаатлари» талаб этса, ҳар қандай босқичдаги судларда расман иштирок этади. Ҳатто айрим давлатларда (Бразилия) прокурорнинг фуқаролик ишларида иштирок этиши ушбу институтнинг функцияларидан бири сифатида Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилган.

Прокурорнинг кенг тарқалган ушбу ваколати баъзида ўз манфаатларини ҳимоя қила олмайдиган фуқароларнинг ҳуқуқларини суд қарорларининг қонунийлигини текшириш жараёнида ҳам таъминлашнинг муҳим кафолати сифатида эътироф этилади. Бу ўринда гап, аввало, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган, ҳимояга муҳтож қатламлари (ногиронлар, вояга етмаганлар, қариялар, муомала лаёқатига эга бўлмаган фуқаролар) ҳақида бормоқда. Прокурор, шунингдек фуқаролик ишларининг мазкур босқичида жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳам киришади.

Прокуратура фаолиятининг суд қарорларининг қонунийлигига муносабати аксарият давлатларнинг қонун ҳужжатларида бевосита прокурор назоратининг мустақил тармоғи сифатида белгилаб қўйилган. Масалан, Молдовада прокуратура фуқаролик, жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларининг қонунга мувофиқлигини назорат қилиб боради. Туркманистоннинг «Прокуратура тўғрисида»ги қонунида ҳам назоратнинг бошқа турлари қаторида суд қарорларининг қонунийлигини назорат қилиш бевосита кўрсатиб ўтилган.

Арманистон Конституциясининг 103-моддаси ва Россия Федерациясининг «Прокуратура тўғрисида»ги қонуни талабларига кўра, протест келтириш прокурорнинг давлат манфаатларини ҳимоя қилиш функцияси билан боғлиқ равишда амалга ошириладиган ваколатлардан бири эканлиги ўз ифодасини топган.

Умуман олганда, аксарият давлатларнинг қонунчилигида суд қарорларининг қонунийлигига муносабат билдириш учун прокурорга бир қатор ваколатлар берилади. Масалан, прокурорнинг ўзи мазкур фуқаролик ишини кўриб чиқишда иштирок этган-этмаганлигидан қатъи назар, суд қарорлари устидан протест келтириши, ишларни назорат тартибида қайта кўриб чиқиш учун асослар бор-йўқлигини аниқлаш учун ишни тегишли судлардан талаб қилиб олиши шулар жумласидандир.

Ўрганилган аксарият давлатларнинг қонунчилик тажрибаси суд ишларини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш учун асослар бор-йўқлиги тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун уларни тегишли судлардан талаб қилиб олишга ваколатли бўлган прокурорларнинг рўйхати бирмунча кенг эканлигини кўрсатади. Масалан, бу каби ваколатларга Қозоғистон ФПКнинг 438-моддасига кўра Бош прокурор ва унинг ўринбосарларидан ташқари, вилоят ва унга тенглаштирилган прокурорлар, Беларусь ФПКнинг 411-моддасига мувофиқ эса, Бош прокурор ва унинг ўринбосарлари, вилоятлар, Минск шаҳар ва унга тенглаштирилган прокурорлар, туман ва туманлараро прокурорлар эга ҳисобланади.

Мамлакатимиз ФПКнинг 425-моддасида эса ишларни назорат тартибида қайта кўриб чиқиш учун асослар бор-йўқлиги тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун уларни тегишли судлардан талаб қилиб олишга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, унинг ўринбосарларигина ҳақли эканлиги белгиланган.

Фикримизча, ишларни назорат тартибида қайта кўриб чиқиш учун асослар бор-йўқлиги тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун уларни тегишли судлардан талаб қилиб олиш ваколати вилоят ва унга тенглаштирилган прокурорларга ҳам берилишини қонунчиликда белгилаш лозим. Зеро, мазкур ваколат суд қарорларининг қонуний, асосли ва адолатли бўлишига эришиш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш борасида прокуратура органлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишига замин яратади.

Амалдаги ФПК ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахсларга ҳам суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи берилганлиги ҳам муҳим янгилик бўлди. Бу ўз навбатида, фуқароларимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасида белгиланган суд орқали ҳимояланишга бўлган ҳуқуқларининг кафолатланишига ёрқин мисол бўла олади. Муқаддам қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари, ажримлар ва қарорларнинг қонуний, асосли ва адолатли эканлигини назорат тартибида текшириш фақатгина мансабдор шахсларнинг протести билангина бошланар эди. Эндиликда суд қарорларини назорат тартибида текширишга фуқароларнинг бу ҳақдаги шикоятлари ҳам асос бўла олади. Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Фуқароларнинг назорат тартибидаги шикоятлари даставвал Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси томонидан ўрганилиши, судья зарурат бўлса ишни талаб қилиб олиши ва шикоятни ўрганиш натижалари бўйича ўз ажрими билан қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши белгиланган:

1) суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўриш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисида;

2) шикоятни иш билан бирга мазмунан кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш ҳақида (ФПКнинг 430-моддаси).

Шу ўринда ФПКнинг 430-моддасидаги қоидалар прокурорнинг назорат тартибида келтирган протестига нисбатан ҳам татбиқ этиладими, деган савол туғилади. Зеро, ФПКнинг 432-моддасида протест келиб тушган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси уни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисида ажрим чиқариши баён этилган. ФПКнинг 430-моддаси «Назорат тартибидаги шикоят бўйича қабул қилинадиган қарорлар» деб номланиши ва ушбу модда мазмунидан келиб чиқадиган бўлсак, ундаги нормалар назорат тартибида келтирилган прокурор протестларига нисбатан татбиқ этилмаслигини англаш мумкин. Шундай экан, ФПКнинг 432-моддасида белгиланган назорат протестини Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказиши билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар ортиқча эмасми, деган савол туғилади.

Дарҳақиқат, юқорида қайд этилганидек, йилдан-йилга кассация ва апелляция инстанцияси судларининг ажримларини қайта кўриш бўйича мурожаатлар сони ортиб бораётган бир пайтда, шундоқ ҳам иш юкламаси юқори бўлган Олий суд судьясига формал вазифанинг юклатилиши мақсадга мувофиқ эмасдек кўринади.

Қолаверса, ФПКнинг 432-моддаси биринчи қисмида назорат тартибидаги шикоятни кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисидаги ажримнинг мазмуни баён этилган бўлиб, ундаги қоидалар прокурорнинг назорат протестини кўриб чиқиш учун Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисидаги ажримига нисбатан татбиқ этилмаслиги тушунилади. Бироқ фуқаролик процессуал қонунчилиги Иқтисодий процессуал кодексдан (316-модданинг учинчи қисми) фарқли равишда прокурорнинг назорат протестини кўриб чиқиш учун Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисида ажримда нималар баён этилишини белгиламаган. Қолаверса, ўрганилган хорижий давлатлар фуқаролик процессуал қонунчилигида шунга ўхшаш нормалар назарда тутилмаган. Шундай экан, фикримизча, назорат протестлари тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига тақдим этилиши тартибини белгилаш ҳар томонлама мақсадга мувофиқ бўлади.

Музаффаржон МАМАСИДДИҚОВ,

Бош прокуратура академияси Ҳуқуқий муаммоларни илмий-амалий ва инновацион тадқиқ қилиш ҳамда илмий ходимларни тайёрлаш маркази бошлиғи

(“Huquq” газетасидан олинди).

2018-11-22 15:49:30  |  3361 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация