“Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонун ижросига қандай ҳозирлик кўрилмоқда?



 
  Расм манбаси : Norma.uz

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижросини таъминлаш мақсадида махсус қабулхоналар қурилиши ва ўз вақтида ишга туширилиши ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2019 йилнинг 10 январидан кучга кириши белгиланган. Унга қадар республикамизнинг барча минтақаларида махсус қабулхоналарни қонун талабларига мос равишда қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда уларни тайёр ҳолатга келтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинган. Ушбу қарор билан 2017-2019 йилларда маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун махсус қабулхоналарни қуриш ва реконструкция қилиш Дастури тасдиқланган.

Қўмита томонидан олиб борилган ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, бугунги кунга қадар маъмурий қамоққа олинган шахслар Тошкент шаҳри, Тошкент, Наманган вилоятларида биттадан ва Самарқанд вилоятларида умумий сиғими 268 кишидан иборат 5 махсус қабулхоналарда, махсус қабулхоналар бўлмаган ҳудудларда эса вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг маъмурий камераларида (махсус ажратилган 380 кишилик сиғимга эга бўлган 95 камерада) сақланиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори ва бошқа ҳужжатларда қонун ижроси бўйича мутасадди идораларга аниқ вазифалар юклатилган бўлса-да, айрим ташкилотлар бу вазифаларни амалга оширишни пайсалга солмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан янгидан бошланувчи лойиҳалар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва келишиш ишлари кечиктирилиши натижасида махсус қабулхоналар биноларини қуриш ишлари якунига етказилмаган. Шу кунга қадар махсус қабулхоналарни қуриш ишлари Наманган вилоятида 80 фоиз, Фарғона вилоятида 70 фоиз, Андижон вилоятида 50 фоиз, Жиззах вилоятида 40 фоиз, Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида 30 фоиз, Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятида 25 фоиз, Навоий вилоятида 15 фоиз, Тошкент вилоятида 10 фоизга бажарилган.

Мажлисда таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамасининг чора-тадбирлар режасига асосан қонунни амалга ошириш бўйича 12 норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши белгиланган. Мазкур режа асосида Ички ишлар вазирлиги томонидан 10 норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда тасдиқланган ва ижрога қаратилган бўлса-да, режанинг тегишли бандларида белгиланган маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлашнинг санитария қоидалари, нормалари, гигиена нормативларини тасдиқлаш тўғрисида ва бошқа ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилмаган.

Бундан ташқари, ҳозирги кунга қадар республикамизнинг барча минтақаларида махсус қабулхоналарни қуриш ишларига алоҳида эътибор қаратилаётган бўлса-да, ушбу муассасаларда хизмат олиб борадиган ходимлар штат бирликларини тасдиқлаш ва белгиланган тартибда жамлаш масаласи очиқ қолмоқда.

Мажлисда ўрганишлар жараёнида аниқланган шу каби камчиликлар атрофлича муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Муҳокамалар якуни юзасидан махсус қабулхоналар қурилиши ва ўз вақтида ишга туширилиши билан боғлиқ камчиликларни бартараф этиш бўйича қўмита қарори қабул қилинди.

2018-11-16 20:47:32  |  2669 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация