Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгаши қандай ишлайди?



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгаши томонидан солиқ низоларини кўриб чиқиш регламенти лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда.

Мазкур Кенгаш 2018 йил 26 июндаги ПҚ–3802-сон қарорга мувофиқ ташкил этилган, деб ёзади Norma.

Қандай ҳужжатлар зарур?

Кенгашга тегишли ариза билан мурожаат қилиш мумкин (ўзи келган ҳолда ёки электрон почта орқали), унга қуйидагилар илова қилинади:

солиқ текшируви далолатномаси;

текширув натижалари бўйича солиқ органининг қарори;

солиқ тўловчининг банкдаги счётлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ҳақидаги солиқ органининг қарори;

камерал назорат натижалари бўйича чиқарилган, қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш ҳақидаги ёки солиқ ҳисоботига тузатиш киритиш ҳақидаги солиқчиларнинг талаби;

қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни мажбурий ундириш ҳақидаги инкассо топшириқномаси;

солиқ тўловчи қаноатланмаган ёки қисман қаноатланган солиқ низоси бўйича ДСҚ Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармасининг хулосаси;

ариза берувчининг вакили ёки солиқ агентининг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар (агар улар орқали ариза топширилаётган бўлса);

ариза берувчининг позициясини асословчи бошқа ҳужжатлар.

Қандай тартибда кўриб чиқилади?

Молия вазирлиги келиб тушган ҳужжатларни Кенгаш раисига (молия вазири ўринбосари) топширади, у эса уларни ўрганиб чиқиш учун Котибиятга йўллайди. Агар қоғозлар белгиланган талабларга мувофиқ келса, низо Кенгаш кўриб чиқиши учун киритилади – материаллар унинг аъзоларига тарқатилади.

Заруратга қараб маълумотнома тусидаги, ахборот-таҳлилий материаллар сўраб олинади, солиқ солиш соҳасидаги экспертлар ва мутахассислар четдан таклиф этилади.

Йиғилиш қайси сана ва вақтда ўтказилиши ҳақида ариза берувчи ва бошқа иштирокчилар олдиндан, камида 5 кун аввал хабардор қилинади. Ариза кўпи билан бир ойда, истисноли ҳолатларда кўпи билан икки ойда кўриб чиқилади. 

Кенгаш йиғилишлари ойда камида 1 марта кундузи ўтказилади. Ҳар бир солиқ низоси алоҳида кўриб чиқилади. Барча манфаатдор шахслар мажлислар залига таклиф этилади. Мажлисда томонларнинг далил ва асослари тингланади, тақдим этилган материаллар, ваколатли органлар, мутахассислар ва экспертларнинг хулосалари ўрганилади. Оддий кўпчилик овоз бериш йўли билан қарор қабул қилинади ва баённома шаклидаги хулоса кўринишида расмийлаштирилади (тавсия тусига эга бўлади). Заруратга қараб йиғилиш видеотасвирга туширилади ёки аудиога ёзиб олинади.

Кенгаш хулосаси раис томонидан тасдиқланган санадан эътиборан 2 иш куни ичида солиқ низоси томонларига юборилиши керак.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

2018-11-14 15:08:51  |  2209 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация