Босқинчиларга оғир шикаст етказгани учун 4 йилга қамалган фуқаро шартли озод қилинди
Орада унинг қамоқ муддати ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилган эди
Олий суд раиси Козимжон Комилов ва Олий суд судьялари томонидан Андижонда ўтказилган сайёр қабулларда ижара хонасига кечаси бостириб кирган бир неча шахсга оғир тан жароҳати етказгани учун қамалган Исроил Сайидназаровнинг мурожаати ҳам кўриб чиқилиб, у шартли равишда озодликка чиқарилди.
«Дарё» хабарига кўра, Марҳамат туманилик қурувчи, 60 ёшли Исроил Сайидназаров 2017 йилда Тошкент вилоятининг Зангиота туманида меҳнат қилган. Бир куни у ижарада яшаётган хонадонга кечаси номаълум кимсалар бостириб киради. Шунда у ўзини ҳимоя қилиш мақсадида қаршилик қилишга уринган ва натижада бахтсиз ҳодиса туфайли босқинчиларга оғир шикаст етказган.
2017 йилнинг 27 март куни унга Зангиота тумани суди томонидан Жиноят Кодексининг 104-моддаси 3-қисми «а» банди (икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан тўрт йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Ўз айбига иқрорлиги ва пушаймонлиги туфайли 2018 йилнинг 15 январида Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан белгиланган жазо шартли равишда ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган.
Исроил Сайидназаров Олий суд раисига ёши ва белгиланган жазодан тўғри хулоса чиқарганини айтиб, жазодан озод этишларини илтимос қилди. Унинг илтимоси Марҳамат тумани суди томонидан қайта кўриб чиқилди ва ЖКнинг тегишли моддаларига асосан, ўталмай қолган 10 ой 13 кун жазо олиб ташланиб, муддатидан илгари шартли озод қилинди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш