Божхона хизмати тўғрисидаги қонун янгиланди



 
  Расм манбаси : uza.uz

«Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди.

Norma шарҳида келтирилишича, ҳужжат олдинги версиясига қараганда икки баравардан ортиқ – 14 моддадан 37 моддагача кенгайтирилган. Хусусан, янги таҳририга қуйидагилар киритилди:

божхона ходимлари томонидан жисмоний куч, махсус воситалар (биноларни очиш учун ускуналар, наручниклар, резина таёқчалар, кўздан ёш оқизадиган моддалар ва бошқалар) ва ўқотар қуроллар қўлланилиши тартиби. Умуман олганда, ҳаракатлар шартлари ва қоидалари ички ишлар органлари учун белгиланганига ўхшайди: аниқ баён этиладиган огоҳлантириш – мутаносиблик ва зарар миқдорини камайтириш – жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш – бевосита бошлиққа ва прокурорга ҳисоб бериш;

божхона органларида хизматни ўташ тартиби ва шартлари. Ходимларни қабул қилиш қоидалари, шу жумладан уларга қўйиладиган профессионал ва шахсий талаблар, лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш; махсус унвонлар бериш ва улардан маҳрум этиш; тайёргарлик, қайта тайёргарлик ва малакани ошириш (ҳар 2 йилда), шунингдек аттестациядан ўтиш (3 йилда 1 марта) ва хизмат билан боғлиқ бошқа масалалар батафсил ёритилди. Эслатиб ўтамиз, буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларида хизматни ўташ тўғрисидаги низом даражасида батафсил тартибга солинган;     

божхона хизмати ходимларини ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофаза қилиш. Соғлиқни сақлаш, меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимларни турар жой билан таъминлаш (бу ерга қаранг), давлат суғуртаси ва пенсия таъминоти масалалари тартибга солинган.      

Қабул қилинган қонун божхона органлари фаолиятини ислоҳ қилиш жараёнининг мантиқий давоми бўлди. Эслатиб ўтамиз, жорий йилда қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинди:

а) Президентнинг 2018 йил 12 апрелдаги ПФ–5414-сон Фармони, у билан Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган;

б) Президентнинг 2018 йил 12 апрелдаги ПҚ–3665-сон «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори;

в) Президентнинг 2018 йил 29 июндаги ПҚ–3818-сон «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.

Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган ва 2018 йил 19 октябрдан кучга кирди.

2018-10-19 16:37:59  |  2160 |   1  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация