Биз ҳам ўзгарамиз!



Сизнинг «Advokat» журналингиз ана шундай улуғ ният билан ўз фаолиятини қайта кўриб чиқишга киришди. Зеро, халқ тили билан айтганда, буни замон талаб қилмоқда!

Зеро, бугун ҳар томонлама мустақил ва дахлсизлиги пухта таъминланган адвокатура тизимини шакллантириш ҳаракати бошланди. Бундай улкан мақсадга эришиш учун эса адвокатнинг овозини кенг жамоатчиликка ва давлат ҳокимиятига етказиб тура оладиган ахборот минбари керак. Шундай экан, бу вазифани, соҳанинг ягона нашри ўлароқ, «Advokat» журнали ўз зиммасига олиши шарт!

Журнал таҳририяти бугун ана шу ҳақиқатни ҳис этган ҳолда ўз бурчини адо этишга астойдил киришиб, фаол, ташаббускор адвокатлар билан мулоқот йўлларини излай бошлади. Жумладан, адвокатлар иштирокида Telegram тармоғида гуруҳлар ташкил қилиниб, жонли алоқа йўлга қўйилди. Шунингдек, бошқа ижтимоий тармоқлардаги ёки оддий телефондаги сўзлашувлар ҳамда юзма-юз суҳбатлар орқали ҳам ўзаро ишонч ришталари боғланмоқда. Бундай саъй-ҳаракатларнинг дастлабки натижаси сифатида эса журналимизнинг ушбу сонида адвокатлар томонидан билдирилган бир талай муаммоли масалалар ҳамда қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш борасидаги аниқ таклифлар чоп этиляпти.

Биз аслида ҳар бир адвокатнинг юрагида касбий фаолияти билан боғлиқ дарди бисёр эканини, мулоҳазалари қайнаб ётганини яхши биламиз. Аммо уларнинг қалб кечинмалари ҳамиша ҳам танқид ё таклиф бўлиб қоғозга тушавермайди ёки сайқалланиб расмий минбарлардан айтилавермайди. Шу маънода, жаранглай олмай турган бундай овозларни излаб топиш ва уларга профессионал ишлов бериб, таъсирли кучга айлантиришни ўз зиммамизга олмоқчимиз!

Шунингдек, мамлакатимиз адвокатларининг қайноқ ҳаётини, ташвиш ва муаммоларини журналист кўзи билан кузатиб, ёритиб боришни ҳам ўзимизнинг асосий вазифаларимиздан деб биламиз. Шу боис юртимизнинг барча ҳудудларига хизмат сафарлари уюштириб, «Адвокат иш устида», «Адвокатнинг бир куни» каби рукнларда мақолалар тайёрлашни режалаб қўйдик. Қолаверса, бундан кейин адвокатлар томонидан ўтказилаётган турли тадбирларни ҳам қуруқдан қуруқ ахборотлар тарзида эмас, балки бутун файзи, асл мазмуни ва ҳатто муаммолари билан бирга жонли тарзда журнал саҳифаларига олиб чиқа бошладик.

Албатта адвокатларнинг жўшқин, қайсидир маънода эса серғалва ҳаётини ёритиб бориш учун икки ойда бир марта чоп этиладиган нашрнинг имкониятлари торлик қилади. Буни инобатга олган ҳолда журналимизнинг кечаю кундуз фаол бўладиган электрон шаклини, яъни журналнинг сайт версиясини яратдик, ва у муттасил такомиллаштириб борилади.

Энг муҳими, биз мазмунли ва машаққатли касбий фаолиятингиз давомида ҳамиша Сизнинг ёнингизда туриб беришга, чоп этилаётган ҳар бир мақола, таъбир жоиз бўлса, ҳар бир сўз Сиз учун бевосита фойдали ёки алалоқибат Сизнинг манфаатингизга хизмат қила оладиган бўлишига эришмоқчимиз.

Бу борада қимматли таклифларингизни кутиб қоламиз!

Нурбек ТОШНИЁЗ,

Бош муҳаррир

2018-10-19 11:47:44  |  1731 |   0     Нурбек Тошниёз (Норбек Тошниёзов)  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация