Нотариуснинг мажбуриятлари ва нотариат соҳасидаги янгиликлар



 
  Расм манбаси : Norma.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти «Юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 декабрда қабул қилинган «Нотариат тўғрисида»ги 343–I-сонли Қонуни 18-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«18-модда. Нотариуснинг мажбуриятлари

Нотариус:

жисмоний ва юридик шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кўмаклашиши, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб бериши;

тарафлар тақдим этган битимлар лойиҳаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириши ҳамда уларнинг мазмуни тарафларнинг асл мақсадига мос келиш-келмаслигини ва ушбу битимларнинг қонун талабларига зид келиш-келмаслигини текшириши;

юридик жиҳатдан бехабарликдан жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарига фойдаланилмаслиги учун уларни амалга оширилаётган нотариал ҳаракатларнинг оқибатлари ҳақида огоҳлантириши;

қонун ҳужжатларига мос келмайдиган нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиши;

нотариал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида фуқаролар ёки мансабдор шахслар томонидан қонунийлик бузилганлигини аниқлаган тақдирда, зарур чора-тадбирлар кўрилиши учун тегишли корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ёки прокурорга бу ҳақда хабар қилиши;

уч йилда камида бир марта ўз касбий малакасини ошириши;

суд, прокуратура, суриштирув ва тергов органлари юритувида бўлган ишлар билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик тўғрисида уларнинг талабига биноан маълумотномалар (маълумотлар) бериши;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномаларни (маълумотларни) махсус ваколатли давлат органига тақдим этиши;

кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини, мол-мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш ва ижара ҳақининг миқдори тўғрисидаги, шунингдек мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномаларни давлат солиқ хизмати органига тақдим этиши;

автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ҳуқуқи учун ишончномаларни, ушбу воситаларни бошқа шахсга ўтказиш, ижарага бериш, улардан текин фойдаланиш, уларнинг гаров, лизинг шартномаларини тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотномаларни ички ишлар органига тақдим этиши;

бошқа шахсга ўтказилаётган кўчмас мулкнинг кадастр рақами тўғрисидаги ва олувчи ҳақидаги маълумотларни ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси туман (шаҳар) филиалига тақдим этиши;

битим предмети бўлган объектни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки ушбу объектга нисбатан хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларни (маълумотларни) кредит бюроларининг сўровига кўра тақдим этиши;

битим предмети бўлган кўчмас мулк объектини бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки ушбу объектга нисбатан хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларни (маълумотларни) риэлторлик ташкилотининг сўровига кўра тақдим этиши;

васият қилувчининг вафотидан кейин манфаатдор шахсларга васиятнома тўғрисидаги маълумотномаларни тақдим этиши;

амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг сўровига кўра тақдим этиши шарт».

Қонун билан 2019 йил 1 январдан бошлаб нотариат соҳасида қуйидаги янгиликлар жорий этилади:

фуқаролар ўртасида тузилган бино (уй-жой, квартира) ёки унинг бир қисмини ижарага бериш шартномасини нотариал тасдиқлаш шартлиги ҳақидаги талаб ўз кучини йўқотади;

нотариал тартибда тасдиқланадиган битим лойиҳасини мустақил тайёрлаган шахслар ҳуқуқий ҳамда техник тусдаги хизматлар учун ҳақ тўлашдан озод этилади;

нотариал ҳаракатни амалга ошириш чоғида нотариуслар томонидан аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилиши мумкин;

битимлар, аризалар ва бошқа ҳужжатлар тарафлар томонидан бармоқ изларини олиш йўли билан тасдиқланиши мумкин;

фуқаро қандайдир сабабларга кўра (жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ва ҳ.к.) битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаган ҳолларда нотариус видеоёзув воситаларидан фойдаланади;

нотариал идораларга электрон мурожаат қилиши мумкин, бунда мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган бўлиши лозим;

уй-жой, бино, иншоот ёки иморатни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга қўйиш тўғрисидаги битимларни исталган нотариал идорада амалга оширилиши мумкин (илгари фақат шу мол-мулк жойлашган ҳудуддаги нотариус томонидан тасдиқланар эди).

2018-10-12 17:03:20  |  2751 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

1 изоҳлар

Март 07, 2022  13:26

1.РУСЛАН ПУЛАТОВ

НАТАРУС ХАМА ХУЖАТЛАР ТАЙОР БУЛГАНИДАН КЕЙИНХАМ МЕРОС ИШИНИ ТУГАТМА ЧУЗИБ ЙУРИШКА ХАКИ БООМИ ШАХСИ АДОВАТИ ТУФАЙЛИ



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация