ЮКСАК ОРЗУ ВА РЕАЛ ВОҚЕЛИК ОРАЛИҒИДА



 
  Расм манбаси : 

Суд-ҳуқуқ тизимимизнинг бугунги аҳволи ва оғриқлари

Жамиятимизда адвокатларга нисбатан ишончсизлик, салбий фикр афсуски, чуқур илдиз отган: оддий одамлар бизни – гўёки дарди фақат пул шилиш бўлган нафс бандалари; суд, прокуратура, тергов ходимлари эса шикоятбоз “ёзувчи” ва жиноятчиларни оқлайдиган зарарли кимсалар деб билади. Тўғри, адвокат номига иснод келтираётган ҳамкасбларимиз борлигини инкор этмайман (бунақалар қайси соҳада йўқ?), лекин ҳўл-қуруқ баравар ёнса, ҳамма битта тарозида тортилса кишига алам қилар экан барибир. Ахир ҳалол ва виждонан ишлайдиган адвокатлар озми? Нокамтарлик бўлса-да, ўзимни ҳам шу тоифага қўшаман: ҳеч қачон оқни қора, қорани оқ демадим, демайман. Номимни, касбимиз шаънини мумкин қадар авайладим.

Каминанинг бир ғалати орзуси бор – адвокатсиз жамият қуриш. Одамлар умуман адвокатга муҳтож бўлмай яшашларини истайман. Қонунлар юксак даражада адолатли бўлса ва бенуқсон ишласа, бир-бирининг ҳақини ейиш бўлмаса, инсонлар ўз ҳуқуқларини мукаммал билса... Афсуски, бу форобийча утопик орзу, холос. Идеал жамият ҳеч қаерда йўқ, аммо инсоният унга яқинроқ ижтимоий макон – ҳуқуқий давлатни яратишга аллақачон муваффақ бўлган. Биз ҳам шунга интиляпмиз. Ҳуқуқий давлат қуриш учун эса адвокатлар жуда-жуда керак. Халқимиз – ҳар бир ватандош ана шу ҳақиқатни тезроқ англаб етишини истардим.

Адвокат одил судлов деб аталмиш иморатнинг тўрт устунидан биридир. У профессионал фаолияти билан суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судларнинг ҳақиқатни аниқлашига, одил ва тўғри қарор чиқаришига беминнат ёрдам беради. Лекин, негадир, бу идоралар ходимлари адвокат функциясини янглиш қабул қилиб, ундан оқилона фойдаланишни хоҳламайдиларки, бу амалиётда жуда кўп мантиқсиз тартиб-таомилларни вужудга келтирмоқда.

Масалан, айблов томони доим судланувчига 5-6 та моддани атай қўшиб ёзади. Бу одатий ҳолдек бўлиб қолган. Натижада судланувчи битта модда билан айбдор деб топилса, қолганлари бўйича оқланганига хурсанд бўлади. Ҳолбуки бу қонунга мутлақ хилоф! Бунақа иш тутган терговчи ёки прокурорнинг ўзини нотўғри қўллаган моддалари учун жазога тортиш керак. Бироқ, афсуски, шу кунгача “ясаб” қўйилган модда учун айблов томони жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида эшитганим йўқ. Ишончим комилки, бир марта шундай чора қўлланилса, бутун Ўзбекистонда бунақа амалиёт барҳам топган бўлур эди.

Энг қизиғи, прокурор ёки терговчига: “Ие, нега йўқ айбларни қўйяпсиз”, деб эътироз билдирсангиз жавоб тахминан шундай бўлади: “Майли, бу бизнинг фикримиз, агар норози бўлсангиз шикоят қиларсиз. Айбсиз бўлса, суд барибир оқлаб юборади”. Олий юридик маълумотга эга мутахассис, масъул ва ваколатли мансабдор шахсдан шу гап чиққанига ақл бовар қилмайди!..

ЖПК талабига кўра прокурор, терговчи ва суриштирувчи жиноят аломатлари топилган ҳар бир ҳолатда ўз ваколатлари доирасида жиноят ишини қўзғатишлари ва айбдорни жазолаш учун қонунда назарда тутилган барча чораларни кўришлари шарт. Муқаддам бундай ҳуқуқ судларда ҳам бор эди, судья иш қўзғатиш тўғрисида ажрим чиқариш ваколатига эга эди. Афсуски, кейинчалик мазкур ваколат, гўёки “суднинг бетарафлигини таъминлаш” баҳонасида қонунчиликдан олиб ташланди. Мен бунга мутлақо қўшилмайман. Суд ишни кўриш жараёнида аниқланган фактлар бўйича ўз қарори билан жиноят иши қўзғатиши шарт, ишни мазмунан ҳал этиш жараёнида қилмишда жиноят таркиби борлигини маълум бўлса, адолат тантанаси нуқтаи назаридан ҳам жиноят иши очилиши лозим. Менга қолса, судларга ушбу ваколатни қайтарган бўлардим.

Адвокат мақомини оширишга қаратилган кўп ишлар амалда айтарли самара бераётгани йўқ. Конституциянинг янги таҳририга талай ижобий ўзгаришлар киритилмоқда, бироқ қонунни ижро этувчиларнинг савия шу экан, бу нормалар чиндан ишлашига умид қилиш қийин. Суд жараёнида, ким бўлишидан қатъий назар, процесснинг барча иштирокчилари томонидан билдирилган важлар холисона текширилмас экан, адолат юзага чиқмайди; адвокат ваколатларини кенгайтиришга доир қонунлар эса декларация бўлиб қолаверади.

Суд ишларида 20 саҳифалик ҳимоя нутқларини ўқиймиз, бандма-банд асосли важлар келтирамиз, аммо суд аксар ҳолларда жиноят иши билан ҳатто танишмаган, процессда қатнашмаган прокурор фикрини инобатга олади. Буни чидаб бўлмас ҳолат деб ҳисоблайман. Яқинда Президентимиз жиноят ишларини судга айблов хулосаси билан бирга, адвокат фикрини ҳам илова қилган ҳолда юбориш амалиётини жорий этишни таклиф қилди. Жуда ўринли таклиф. Лекин, агар ҳар бир давлат идораси учун инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида аниқ масъулият белгиланмаса, бу қонун нормаси қабул қилинган тақдирда ҳам ҳавода муаллақ қолиб кетиши эҳтимоли катта.

ЖПКнинг 409-моддаси агар прокурор суд тергови маълумотлари судланувчининг айбсизлигидан далолат беради, деган ишончга келса, айбловдан воз кечишга изн беради. Лекин мен охирги уч-тўрт йилда бирон марта прокурор айбловдан воз кечганини эшитмадим. Ҳолбуки бугунги  кунда судланувчиларни оқлаш мумкин бўлган ҳолатлар жуда кўп. Ҳатто оқланган ишларда ҳам прокурорлар айбловдан  воз кечмаган. Чунки ёзилмаган таомилга кўра, воз кечган тақдирда айблов хулосасини тасдиқлаган прокурордан дакки ейди.

Бугунги кунда судларда Жиноят кодексининг 70- (Шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш), 71- (Айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги муносабати билан жазодан озод қилиш), 84- (Айблилик масаласини ҳал этмасдан жиноят ишини ҳаракатдан тугатиш) ва бошқа моддалари деярли ишламаяпти.

Статистикага қарайдиган бўлсак, жиноят ишларининг деярли 99,7 фоизида судлар айблов ҳукмларини чиқармоқда. Жамиятимизда қонун устувор бўлганида судларга айблов хулосалари билан келган ишларнинг энг камида 5 фоизи бўйича ойлов ҳукмлари чиқарилган бўларди. 2017-2019 йилларда асосан эски ишлар ҳисобига оқловлар фоизи каттароқ бўлди, эски ишлар тугаши билан оқловлар ҳам камайиб кетди.

Илгари судьялар ишни кўриш асносида тергов камчиликлари аниқланса, бартараф этиш учун қўшимча терговга қайтаришарди. Кейинги ўзгаришлар шунақа бўлдики, судьялар ишларни қайтармайдиган бўлди, аммо эски амалиёт барибир давом этяпти. Ҳатто, баъзи ишлар судда кўриш бошланганидан бир-икки ой ўтиб қайтадан расмийлаштиришга юборилаётгани кузатилмоқда. Ваҳоланки, қонунга биноан, судья агар ўша иш бўйича судланувчининг айбини исботловчи далиллар бўлмаса, ЖПКнинг 23-моддасига мувофиқ уни оқлаб юбориши керак. Аслида бу процессуал тамойилни судлар тўлиқ тан олишади, лекин амалда қўллашмайди.

Жиноят ишларини судда кўришда иштирок этиб, шу нарсанинг гувоҳи бўлдимки, шахснинг хатти-ҳаракатида жиноят таркиби бўлмаган ёки тергов органи қўйган жиноят эмас, балки бошқа бир енгил жиноят аломатлари аниқланган тақдирда ҳам судланувчига барибир озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланмоқда. Бу ҳам ўтакетган адолатсизлик белгисидир.

Фаолиятим давомида одил судлов нуқсонлари жуда кўплигига неча қайта ишонч ҳосил қилдим. Масалан, айни вақтда бир иш бўйича ҳимоячи сифатида иштирок этаяпман. Унда тергов органи бир давлат органи раҳбарини ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми, 209-моддаси 2-қисми ва 1841-моддаси билан айблаб берган. Мазкур идоранинг хўжалик ҳисобидаги бўлими томонлар ўртасида тузилган шартномаларга асосан тадбиркорлик субъектларига санитария-гигиена ва сифат сертификатларини бериш билан шуғулланган. Раҳбар – баъзи тадбиркорлик субъектлари томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмагани учун давлат мулкини талон-торож қилганликда айбланяпти. Ҳолбуки пулларнинг ўз вақтида тушмаслиги – бу иқтисодий низо бўлиб, иқтисодий судларда ҳал этилиши керак бўлган масаладир. Қолаверса, ҳали фуқаролик қонуни билан ўрнатилган даъво муддати ҳам ўтмаган. Бироқ, тергов органи томонидан у ЖК 167-моддаси 3-қисми билан айбланиб, судга берилган. Узоқ вақт давом этган суд жараёнида унинг ҳаракатларида ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми аломатлари йўқ, деган фикрга келинди ва суд ишни ЖКнинг 205-моддаси 2-қисмига малакалаб, шахсни 4 йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Энг қизиғи шундаки, суд ўз ҳукмида ҳимоямдаги шахсдан давлат фойдасига бирон суммани ундириш ҳақида кўрсатмаган ва фуқаровий даъвогарга етказилган моддий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилсин, дея қайд этган.

Боз устига, 58 ёшли одамни озодликдан маҳрум этишдан нима маъно? Зеро, шусиз ҳам маҳкумларни сақлаш давлат бюджетига тобора каттаюк бўлиб бормоқда. Мендаги маълумотларга кўра, бугунги кунда битта айбланувчи ёки маҳкумни тергов ҳибсхонасида ёки жазони ижро этиш муассасаларида сақлаш учун давлат томонидан бир кунда ўртача 100 минг сўм сарфланади. Аммо гуманизм  тамойилларига зид равишда, асоссиз қамалган инсонларни озод этиб, бюджет маблағларини тежаш имконияти борлигини негадир ҳеч ким гапиргиси ҳам, эшитгиси ҳам келмайди.

Мазкур жиноят иши бизнинг апелляция шикоятимизга асосан Тошкент вилояти судининг жиноий судлов ҳайъатида кўрилмоқда.

Яна бир масала. ЖПКнинг 449-моддаси 1-қисмида белгиланган тартибга кўра, суд тергови тамомланганидан сўнг суд тарафларнинг музокарасини эшитишга ўтади. Музокара давлат айбловчиси ва жамоат айбловчисининг нутқлари билан бошланади. Сўнгра жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ёки уларнинг вакиллари, ҳимоячи ва жамоат ҳимоячиси, судланувчи, фуқаровий жавобгар ёки унинг вакили сўзга чиқади. Мен мазкур нормани “суд тергови тамомланганидан сўнг суд тарафларнинг музокарасини эшитишга ўтади. Музокара ҳимоячи ва жамоат ҳимоячиси, судланувчи, фуқаровий жавобгар ёки унинг вакилининг нутқлари билан бошланади. Сўнгра давлат айбловчиси ва жамоат айбловчиси, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ёки уларнинг вакиллари сўзга чиқади”, дея таҳрирлашни таклиф қилган бўлур эдим.

Давлат айбловчиси ишни суд мажлисида кўриш бошланганидан кейин фақат айблов хулосасини ўқиб беради ва кейинги суд терговида хоҳласа келади, хоҳламаса – қандайдир бўлмағур баҳоналар билан ишда қатнашмайди ёки тўлиқ иштирок этмайди. Суд тергови якунланганидан кейин эса давлат айбловчиси жиноят иши тафсилотларидан ва ишни судда кўриш тафсилотларидан бехабар ҳолда ЖПКнинг 449-моддаси 2-қисмидаги “давлат айбловчиси суд тергови якунларини инобатга олиб, ўз нутқида судланувчининг айблилиги ёки айбли эмаслиги тўғрисидаги хулосасини асослантириши лозим”, деган қонун нормасига ўта зид равишда фақатгина “судланувчи ЖКнинг фалон-фалон моддалари билан айбдор деб топилсин ва фалон-фалон моддалари билан шунча жазо тайинлансин”, қабилида жуда ҳам қисқа музокара сўзини қилиб, индамасдан суд залидан чиқиб кетади.

Адвокат иш ҳолатларини судга батафсил тушунтириб, важларини қанчалик асослантирмасин, одатда суд давлат айбловчисининг фикрларини инобатга олган ҳолда албатта қилмишга номутаносиб жазо белгилайди ёки айбсиз кишини айблаб ҳукм чиқаради.

Бу билан ЖПКнинг 25-моддасида кўрсатилган “судларда кўрилаётганда иш юритиш тарафларнинг ўзаро тортишуви асосида амалга оширилади”, деган тамойил мутлақ бузилмоқда. Томонлар тортишувисиз кечган жараён якуни бўйича чиқарилган ҳар қандай суд ҳукмини асосли ва қонуний деб бўлмайди.

Ёки, ишни биринчи инстанция судида кўриш чоғида давлат айбловини қувватлаётган прокурор аксар ҳолларда жиноят иши ҳужжатларидан бехабар бўлгани учун оғзига мум тишлагандек ўтиради. Унинг ўрнига, раислик қилаётган судья прокурор вазифасини бажаришга ўтиб олади. Ҳолбуки, ишни кўриш тортишув тамойили асосида ўтаётганида судья жим ўтириши, иш ҳолатлари бўйича прокурор билан адвокат ва бошқа иштирокчилар тортишишлари керак. Судья эса энг охирида – баъзи ҳолатларга аниқлик киритиш учунгина саволлар бериши мумкин, деб ҳисоблайман. Шунингдек, агар давлат айбловчиси судланувчининг айбини ишни судда кўриш жараёнида исботлаб беролмаса, судья бирон бир муҳокамага берилмасдан, судланувчини оқлаш чорасини кўриши керак. Чунки судья иш бўйича айблов ёки оқлов ҳукми чиқаришдан манфаатдор бўлмаслиги ва ишни кўриш жараёнида аниқланган ҳолатларгагина асосланиб қарор чиқариши лозим. Бироқ амалда бундай бўлмаяпти. Президент 2022 йил сентябрь ойида суд-ҳуқуқ масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселекторда: “Судлар томонидан чиқарилаётган қарорлар фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиши лозим. Айрим судьялар тергов материалларига боғланиб қолган, бу эса қонун, суд ва давлат обрўсига путур етказади”, деб куюниб гапиргани бежиз эмас.

...Ўтган йили ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми билан айбланган судланувчининг ҳуқуқларини биринчи инстанция судида ҳимоя қилдим. Иш ҳолатларига кўра, қонун билан белгиланган тартибда хўжалик шартномаси тузилиб, олиниши лозим бўлган товар қийматининг 25 фоизи ўтказиб берилган. Қолгани эса, МЧЖнинг ҳисоб рақамида пул бўлмаганлиги учун ўтказилмасдан қолган. МЧЖ раҳбари ушбу масалада бир неча марта тергов идораларига ариза билан мурожаат қилган ва терговолди текшириш натижаларига кўра унга ушбу масала юзасидан иқтисодий судларга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлигига қарамасдан кейинчалик барибир ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари жараёнида моддий зарар деб айтилган сумма судланувчига тўлиқ тўланганлигига қарамасдан ҳимоям остидаги шахс қамоққа олинган ва қарийб 5 ой қамоқда сақланган. Ишни судда кўриш натижасига кўра суд уни фирибгарликда айбдор деб топиб, қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлади. Мен бу ерда жиноят ҳодисаси йўқлиги сабабли, адвокатлик позициямдан келиб чиқиб апелляция шикояти ёздим. Бироқ ҳимоям остидаги шахс қўнғироқ қилиб, апелляция шикояти берадиган бўлсак, иш ёмон томонга бурилиб кетиши мумкинлиги ҳақида судьяни “югурдаклари”дан эшитганини айтиб, мендан шикоятни қайтариб олишни сўради. Табиийки, мен унга гар хоҳласа, ўзи судга “ҳимоячим томонидан киритилган апелляция шикоятини кўрмасдан қолдиришингизни сўрайман”, деган мазмунда ариза ёзиб бериши мумкинлигини айтганимдан кейин у шу тартибда ариза қиритиб, ишнинг апелляция инстанциясида кўрилишини тўхтатди. Кулишингни ҳам билмайсан, йиғлашингни ҳам!..

Адолатсизлик жамиятни пароканда, давлатни хароб этади. Ҳушёр боболаримиз бу ҳақиқатни теран англаганлар. Айтишларича, бир замонларда қози – ноҳақ ҳукм чиқарган ҳамкасбининг териси қопланган курсига ўтқизилар экан. Бу лавозимга янги келган қозига жуда қаттиқ таъсир қилган ва у адолатсиз ҳукм чиқаришдан қўрққан.

Сўзим якунида хулоса қилиб шуни таассуф билан айтишим керакки, бугунги кунда одил судлов тизимимизда жуда катта қусурлар мавжуд. Судьялар қонунда кўрсатилганидек мустақил бўла олганлари йўқ; қонунлар ишламайди ёки жуда ёмон ишлайди; адвокатура ҳануз давлат учун ўгайлигича қолаётир. Судьяларнинг қарорларига таъсир этишнинг маъмурий усул ва воситалари сақланмоқда.

Аммо бу ҳол ортиқ давом этмаслиги керак, зеро, давлатчилик асослари заифлашишига йўл қўйиб бўлмайди, асло.

Баҳром ЭРМАТОВ,

“Rosti Rusti” адвокатлик бюроси адвокати

PS. Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига кўра фарқланиши мумкин.

2023-04-26 19:43:59  |  895 |   0  | 

3 изоҳлар

СУДДАН АДОЛАТ ТОПИБ БЎЛМАЙДИ. СУДЛАРГА УМУМАН ИШОНЧ ЙЎҚ. БИР КУН ОДАМЛАР САБРНИНГ СЎНГГИ ЧЕГАРАСИДАН БУЗИБ ЎТИБ КЕТАДИ. ЎШАНДА КЕЧ БЎЛАДИ...

Апрел 26, 2023  21:12

2.КОНСТИТУЦИЯ 7 ЙИЛЛИК КАЙФ

СУДДАН АДОЛАТ ТОПИБ БЎЛМАЙДИ. СУДЛАРГА УМУМАН ИШОНЧ ЙЎҚ. БИР КУН ОДАМЛАР САБРНИНГ СЎНГГИ ЧЕГАРАСИДАН БУЗИБ ЎТИБ КЕТАДИ. ЎШАНДА КЕЧ БЎЛАДИ...

Апрел 26, 2023  21:07

3.КОНСТИТУЦИЯ 7 ЙИЛЛИК КАЙФ

СУДДАН АДОЛАТ ТОПИБ БЎЛМАЙДИ. СУДЛАРГА УМУМАН ИШОНЧ ЙЎҚ.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация