ЯНГИ КОНСТИТУЦИЯ: ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТИ БИР ПОҒОНА КЎТАРИЛАДИ



 
  Расм манбаси : 

2022 йилнинг 3 август куни Ўзбекистон Республикаси Aдвокатлар палатасида “Конституцияга киритилаётган ўзгартиришларда адвокатларнинг фаоллиги” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилиниб, умумхалқ муҳокамасига қўйилган эди. Лойиҳада амалдаги Конституциянинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш, шунингдек 16 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда (прим моддалар) киритилиши таклиф этилган. Конституциявий ислоҳотнинг нақадар муҳимлигидан келиб чиқиб, мазкур нормаларнинг кўлами, мазмун ва моҳияти мамлакатимизнинг барча ОAВларида кенг ёритилмоқда, жамоатчилик орасида қизғин муҳокама қилинмоқда.

Мазкур давра суҳбати Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар хусусида адвокатларнинг ўзаро фикр алмашувини ташкил қилиш, янги таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни дастурий шаклда етказиш учун келишиш, янги нормаларни ёритишда журналист ва адвокатлар ҳамкорлигини йўлга қўйиш каби долзарб масалаларга бағишланди.

Тадбирни Палатаси раиси Aлим Эрназаров кириш сўзи билан очиб берди. Давра суҳбатида, Ўзбекистон Республикаси Aдвокатлар палатасининг масъул ходимлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳудудий бошқармалари ходимлари ва фаолият юритаётган адвокатлар, ТДЮУнинг “Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва адвокатура” кафедраси вакиллари, Судьялар олий мактаби мутахассиси, ҳуқуқшунос ва экспертлар ҳамда журналистлар иштирок этишди.

“ADVOKAT” журнали мухбири давра суҳбати иштирокчиларининг Конституцияга киритилаётган янги нормалар, хусусан, адвокатура соҳасига бевосита алоқадор ўзгартишлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, Бош Қомусимизнинг янги таҳрири лойиҳаси учун билдирган таклифлари билан қизиқди.

“Кодексларда мавжуд нормаларнинг Конституцияга кўчирилаётгани одил судлов сифатини оширади”

Баҳром САЛОМОВ, адвокат, юридик фанлар доктори

Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида адвокатура соҳасига бевосита дахлдор, шунингдек шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига оид қатор ўринли ва жуда зарур ҳуқуқий нормалар мавжуд ва бу биз адвокатларни қувонтирди.

Хусусан, Жиноят-процессуал кодекснинг 46 (Айбланувчининг ҳуқуқлари), 48 (Гумон қилинувчининг ҳуқуқлари) ҳамда 226 (Ушлаб туриш муддати) моддаларида назарда тутилган моддаларнинг Асосий Қонунга кўчиши ушбу нормаларнинг ҳуқуқий қадр-қимматини бир поғона кўтаради, деб ўйлайман.

Конституциянинг 25-моддасига киритиш таклиф қилинаётган “Ҳеч ким шартномавий мажбуриятларни бажара олмаганлигига асосланиб жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас”лиги ҳақидаги норма жиноят-судлов қонунчилигимиз учун янги бўлиб, у шартномавий муносабатларнинг тарафлари бўладиган тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлашга қаратилган.

Шунингдек, айбсизлик презумпциясига (ЎзР ЖПКнинг 23-моддаси) ҳам конституциявий мақом берилмоқдаки, бу жиноят судлов жараёнида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг қонуний ҳуқуқларини кафолатлаш, уларнинг ишларини тўғри ва адолатли олиб бориш, қонуний қарорлар қабул қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Бевосита адвокат ва адвокатура соҳасига дахлдор жиҳатларга тўхталадиган бўлсак, ЖПКнинг 49-моддаси (Ҳимоячи), 951-моддаси (Далилларнинг мақбул эмаслиги), ЎзР ФКнинг 990-моддаси (Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари томонидан етказилган зарар учун жавобгарлик), ЎзР ЖКнинг 8-моддаси (Одиллик принципи), 13-моддаси (Қонуннинг вақт бўйича амал қилиши)да у ёки бу шаклда ўз ифодасини топган нормалар Конституциянинг 2 моддасида қисқа, аниқ ва тушунарли тарзда баён қилинган.

Конституциянинг 116-моддасида “Жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш учун мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланган адвокатура фаолият кўрсатади” деб белгиланаётганлиги эса, шубҳасиз, адвокатура институтининг бир поғона кўтарилаётганлигидан далолат беради ва илк бор адвокатура тизими ўзини ўзи бошқарадиган корпоратив орган орқали мустақил фаолият юритиши конституциявий норма билан кафолатланмоқда. Ўйлайманки, яқин келажакда “Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида” қонун қабул қилинганида бу конституциявий нормаларга қатъий амал қилинади.

Бундан ташқари, мазкур моддада “Адвокат шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди”, деб белгиланаётганлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Мазкур ҳуқуқий нормалар амалдаги “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддаси (Адвокатнинг мустақиллигини таъминлаш), 6-моддаси (Адвокатнинг дахлсизлиги), 7-моддаси (Адвокатлик фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги) ва 8-моддасида (Адвокатлик фаолияти ҳимояланишини таъминлаш) белгилаб қўйилган. Лекин бундай кафолатларга конституциявий мақом берилиши ўз касбий вазифаларини амалга ошираётган адвокатлар фаолиятига аралашишнинг олдини олувчи янги самарали иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий механизмларни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилишга туртки бўлади, деб ўйлайман.

“Адвокат мақомини Конституцияда аниқ белгилаш зарур”

Усмонхон САЛОҲИДДИНОВ, адвокат

Адвокатуранинг вазифаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фуқароларга малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатишдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларга малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши кафолатланмоқда. Менимча, Конституцияда “Адвокатура” деган алоҳида боб очиб, юқоридаги норма билан бирга адвокатура ва адвокатнинг мақомини аниқ белгилаб берувчи бошқа муҳим нормаларни ҳам киритиш керак. Бугунги тадбирда адвокат Баҳром Саломов ҳам бу ҳақда жуда тўғри фикрлар билдирди. Адвокатура ва адвокат мақомининг мавҳумлиги кўп тушунмовчиликларга, чалкашликларга олиб келяпти. Биргина солиқ ундириш учун ташкилотларни кодлаштириш масаласини олайлик: адвокатлик тузилмалари нодавлат-нотижорат ташкилотлар каби солиққа тортилаётгани қанча мунозараларга сабаб бўляпти.

Адвокат мақомини белгилашда аввало унинг дахлсизлиги назарда тутилади. Қолаверса, адвокат фаолиятига аралашишни, унга нописандлик ва шубҳа билан қарашни, адвокатнинг хатти-ҳаракатларидан келиб чиқиб унга нисбатан тақдимнома ёки хусусий ажрим чиқаришни тақиқлаш кўзда тутилган нормалар ҳам Конституциядаги тегишли бобга киритилиши лозим.

...Одил судловнинг тўртта устуни мавжуд, шундан уч жонли: судья, прокурор ва адвокат. Ягона жонсиз устун – бу қонун. Конституция эса бизнинг Бош қонунимиз ҳисобланади. Ана шу нуқтада бир нозик савол бор: прокурор билан адвокат, қонунга мувофиқ, суд жараёнида процессуал тенг рақиблар бўлиб, улар ўртасида тортишув принципи амал қилади. Хўш, адвокатнинг рақиби ва у билан процессуал тенг тарафга – прокурорга – адвокат устидан жиноят иши очиш ваколатини бериш суд-ҳуқуқ тизимидаги мувозанат ва умуман мантиқ нуқтаи назаридан қанчалик тўғри? Менимча, Конституцияга ўзгартишлар киритаётганда ана шу масалани ҳам ҳисобга олиш керак. Адвокатга нисбатан жиноий ва маъмурий иш қўзғатиш фақат суд қарори билан ҳал этилиши тўғри бўлади, деб ўйлайман.

Бу ўзгаришлар ўз навбатида суд ҳокимиятининг янада мустақил бўлишига, нуфузи ортишига олиб боради. Давра суҳбати чоғида ҳамкасбим Баҳром Саломов таъкидлаганидек, биринчи галда суд органларини том маънода мустақил қилиш керак, шунда тизимдаги бошқа муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлади.

Юқорида суд ва тергов идораларининг адвокат фаолиятига нисбатан нописандлик билан муносабатда бўлишига йўл қўймаслик ҳақида гапирдим. Бу бизга совет давридан қолган мерос: Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 53-моддасида ҳимоячи “ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар билан тўсқинлик қилмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт”, дея қайд этилган. Совет ҳуқуқига хос ушбу норма ҳозир МДҲ доирасида фақат бизда сақланиб қолган бўлса керак, аксар постсовет республикалар уни аллақачон жиноят-процессуал қонунчиликдан ўчириб ташлашган.

Конституцияда адвокат мақоми аниқ белгиланса, кодекс ва қонунларга шунга кўра зарур ўзгартишлар киритилиб, юқоридаги каби мантиққа зид нормалар, тушунчалар барҳам топган бўлур эди.

“Миранда қоидаси Асосий қонунда мустакамланмоқда”

Дилбар ЧОРИЕВА, ТДЮУ докторанти

Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда 2019 йилда 16 та, 2020 йилда 17 та, 2021 йилда 8 та ҳолатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қийноққа солиш, яъни Жиноят кодексининг 235-моддасида назарда тутилган жиноят қайд қилинган бўлиб, натижаси бўйича айбдор шахсларнинг барчасига нисбатан суд ҳукми асосида жавобгарлик масаласи ҳал этилган.

Ушбу ҳолатлар ЖПКнинг 224-моддасида ушлаб турилган шахсга унинг жиноят содир этишда гумон қилиниб ушланганлигини маълум қилиш, унинг ҳимоячига эга бўлиш ва кўрсатувлар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқлари ҳамда у берган кўрсатувлардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини тушунтириш лозимлиги белгиланган бўлишига қарамасдан, амалиётда ушбу нормага амал қилинмаётганлигидан далолат беради. Бунга сабаб эса текширув органлари кўп ҳолларда сўроқ қилинаётган шахсдан мазкур ҳаракатлардан кўзланган ҳақиқий мақсадни яширишади, бундай ҳолда профессионал адвокатгина сўроқ давомидаги ньюансларга эътибор қилиши ҳамда чақирувнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаши мумкин.

Айни тенденция Миранда қоидасини Конституциямизга киритишни тақазо этди. Бош Қомусимиз лойиҳасининг 26-моддасида акс этган ушбу норма терговга қадар текширувда шахснинг вақти, маблағи, соғлиғи, асаблари ва обрўйи сақлаб қолинишига олиб келади. Ўз навбатида, бу Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари олий қадрият сифатида белгиланган ҳуқуқий давлатлар сафидан жой олишига хизмат қилади, деб ўйлайман.

Қолаверса, Конституцияга Миранда қоидаси мазмунининг сингдирилиши инсон ҳуқуқлари ҳимоясини бевосита амалга оширувчи адвокатнинг жиноят ишларида ҳимоячи ўлароқ янада самарали ҳуқуқий ёрдам кўрсатишига ёрдам беради.

“Ўринли ва зарур таклифлар бўлди”

Амрулло АҲМЕДОВ, адвокат

Бугунги давра суҳбатида адвокатларнинг Конституциямизга ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар беришда фаоллиги намоён бўлди. Таъкидланганидек, адвокатлар инсон фаолиятининг барча соҳаларига доир муносабатларда иштирок этади: таълим, тиббиёт, меҳнат муносабатлари ва ҳ.к. Мамлакатимиз мустақилликка эришганига 31 йил тўляпти. 31 йил –муайян бир субъектнинг шаклланиши учун етарли муддат. Демакки, биз қайси соҳада қанақа камчилик борлигини, қайси қонунларимиз амалда ишламаётганини яққол кўра олишимиз керак.

Шу ўринда, кўп ҳамкасбларимиз қаторида мен ҳам ҳанузгача адвокатларнинг ҳуқуқий мақоми йўқлигига эътибор қаратмоқчиман. Ривожланган ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуришни мақсад қилган эканмиз, адвокатликни жамиятда мўътабар, обрўли касб, адвокатурани эса демократик одил судлов тизимининг мувозанат механизмларидан бири сифатида қадрлашимиз шарт.

Бугунги тадбирда ва умуман, Конституциянинг янги таҳририни ишлаб чиқиш учун адвокатлар томонидан кўплаб таклифлар, мулоҳазалар билдирилди. Уларнинг аксариятини жуда маъқул, жамият учун зарур деб ҳисоблайман ва қабул қилинишига умид қиламан.

“Фуқаролар ислоҳотларга бефарқ эмаслигини кўрсатмоқда”

Ғайрат КАРАМАТОВ, адвокат

Янги Ўзбекистонни қуриш учун замонавий талаб ва стандартларга жавоб берадиган Бош қомусимизга эга бўлишимиз керак. Конституцияга ўзгартиришлар киритиш билан боғлиқ жараёнларда халққа мурожаат қилинди. Буни энг катта ютуқ деб биламан. Натижада халқ қонуннинг муаллифи, ўзгартирувчиси ва ишлаб чиқиш жараёни иштирокчиси бўлиб чиқди.

Янги Ўзбекистоннинг 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси давлатимизни ривожлантиришнинг янги йўналишларини белгилаб берди. Бунга эса қонунчиликни ўзгартирмасдан эришиб бўлмасди. Албатта барча саъй-ҳаракатлар, биринчи навбатда, инсон қадри учун амалга оширилади. Инсон борки, ҳаёт бор. Давлат тузилмалари фаолияти ҳам айнан инсон манфаатига йўналтирилган.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинлари тўғрисида халқаро стандартлар бор. Ўзбекистон ҳам Бош қомусга шуларни киритмоқчи. Статистика маълумотларига кўра 117 мингта таклиф киритилган. Бу эса халқимизнинг фаол иштирок этганидан далолат бермоқда. Ўзбекистонда фуқаролар амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ эмаслигини кўрсатмоқда. 

Бундан ташқари, Конституцияда “Ҳазрати инсон” тамойили ўз аксини топди. Бу эса ҳуқуқ ва қонун мутаносиблигини англатади. Албатта ҳуқуқни қонун билан қиёслаб бўлмайди, чунки ҳуқуқ биринчи навбатда пайдо бўлади, қонун эса давлатнинг хусусиятига кўра ишлаб чиқилади.

Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчаларнинг киритилиши бугунги куннинг энг долзарб масаласи деб биламан. Зеро замон ўзгариши қонун ўзгаришига ҳам олиб келиши керак.

Ўз мухбиримиз.

2022-09-09 03:54:03  |  1067 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация