Сурайё СУЛАЙМОНОВА: Мижозни “адвокатлик ҳудудим”га йўлатмайман!



 
  Расм манбаси : Advokatnews.uz

Самарқанд вилоятидаги “Эзгу фикр” адвокатлик фирмаси адвокати Сурайё Сулаймонова билан суҳбатимиз адвокатликнинг ўзига хос томонлари, паст-баландлари, соҳадаги кечаги ва бугунги аҳвол, муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида бўлди...

Қарши бўлмасангиз, суҳбатимизни анъанавий савол билан бошласак. Айтинг-чи, адвокатура соҳасига қандай кириб келгансиз? Олий маълумотли филолог экансиз, нима бўлдики, касбингизни бутунлай ўзгартириб юбордингиз?

Ҳуқуқшунос бўлиш болаликдан орзуим эди. Дадам раҳматли юрист бўлган, анча йиллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида ишлаган. Давлатнинг хизматидан қайтгач, кечқурунлари ҳуқуқий маслаҳат, йўл-йўриқ сўраб келадиган маҳалладош, қариндош ва таниш-билишлар билан соатлаб машғул бўладиган дадамга ҳавас қилиб улғайдим. Аммо, тақдирни қарангки, мени ҳавас қилган касбимдан тўсган, аниқроғи, тўсишга уринган ҳам дадам бўлди. Бунинг ўз сабаблари бор. Кенжа фарзанд, боз устига, қиз бола бўлганим учун дадам “бир қадам нари” Тошкентга жўнатишга кўзи қиймади, биратўла пойтахтда қолиб кетади деб қўрқди, шекилли... “Юридик институтга барибир киролмайсан” дея такрор-такрор уқтиравериб, бироз шаштимни сўндирди. Бўлмаса, мактабда жуда яхши ўқиганман. Биз яшайдиган Жиззахда олий юридик маълумот олишнинг иложи йўқлиги учун, бошқасини танлашга тўғри келди. Болаликдан шеър, кичик ҳикоялар машқ қилиб юрардим, шу қизиқишим сабаб бўлиб вилоят педагогика институтининг ўзбек филологияси ва эски ўзбек ёзуви факультетига топширдим. Биринчи уринишдаёқ ўқишга кирдим. Битирдим ҳам. Лекин ўқитувчи бўлиб ишлашни сира хоҳламасдим. Бир неча йил меҳрибонлик уйида ишлаб кўрдим. Бўлмади. Суймаган ошингизни умр бўйи ичиб юролмайсиз-ку. Иккинчи мутахассислик сифатида юристликка ўқийман деб қатъий қарор қилдим. Икки марта Тошкентга топширдим — ўтолмадим. Учинчи йили Самарқанд давлат университети юридик факультетига топширганимда омад кулиб боқди.

Адвокатлик билан 2011 йилдан бери шуғулланаман. Фуқаролик ва иқтисодий ишларни юритаман. Асосан,  меҳнат низолари, никоҳдан ажралиш, мерос ишлари, уй-жой масалалари,  “снос” билан боғлиқ даъволар ва ҳкз. Судья бўлиш ниятим бор — тайёргарлик кўриб юрибман.

Сизнинг-ча, яхши адвокат қандай инсоний ва профессионал фазилатларга эга бўлиши керак? Умуман, тасаввурингиздаги “яхши адвокат” ким? Ҳаётда сиз учун профессионал жиҳатдан намуна бўлган, сизни ўзидай бўлиш учун интилишга “мажбур этадиган” касбдошингиз борми?

Яхши адвокат... аввало, эшитишни билмоғи керак. Бизнинг касбимизда бу жуда муҳим. Ҳузурингизга келган одамни олдин ҳафсала билан тингланг. Тажрибамдан биламанки, юридик ёрдам сўраб келадиган ҳамма ҳам адвокатга муҳтож бўлавермайди. Тингласангиз, айримлар оддий бюрократик йўл-йўриқни тушунмаганидан келган бўлади, баъзиларнинг эса иши бор-йўғи битта ариза ёзиб бериш билан битиши мумкин. Адвокат Инсон бўлиши лозим: эшикдан кириб келган ҳар бир одамга шартнома “тиқиштирмасдан”,  мижоз адвокат хизматига ҳақиқатдан ҳам муҳтожми ёки йўқлигини билиши лозим.  Яхши ва малакали ҳуқуқий ёрдам учун эса хизматига яраша ҳақ талаб қилсин. Ҳар бир сўзни, ҳар бир сония вақтни пулга чақиш инсонийликка асло тўғри келмайди. Ҳимматни унутмасангиз, бугун бой берганингиз эртага ўн ҳисса бўлиб қайтади. Ўз фаолиятимдан мисол: яқинда бир аёл йўқлаб келди. Юзи таниш эди. Эсладим: илгари адвокат ёлламоқчи бўлиб келганида арзини тинглаб, “сизга адвокатнинг зарурати йўқ экан, ортиқча чиқим қилиб ўтирманг” деб, ишни ўз кучи билан қандай битириш йўлини ўргатиб, ариза ёзиб берган эдим. Бундан у таъсирланган, ижобий тасаввур ҳосил қилган бўлса керак, бошқа жиддий ҳуқуқий муаммога рўпара бўлганида яна мени қора тортиб келибди. Тузуккина пулга шартнома имзоладик. Ишлаяпмиз.

Ва ниҳоят, яхши адвокат албатта билимдон бўлиши, ўз устида тинимсиз ишлаши лозим. Қонунчиликдаги ва адвокатура соҳасидаги охирги ўзгаришларни билиши шарт.

Охирги саволингизга келсак... мен ҳавас қиладиган устоз адвокатлар талайгина. Масалан, Акрам ака Жўраев. Ўткир адвокат. Дилбар Носировна... Исми жисмига монанд дилбар аёл. Ва ўта ҳақиқатпараст. Керак бўлса ётволиб олишадиган адвокатлардан. Опа ҳозирда вилоят Адвокатлар малака комиссияси раиси. Собиқ судья бўлгани учун ҳуқуқ илмини чуқур эгаллаган, оғир-вазмин киши. Ўрнак олса арзийди, хуллас. Яна Муборак Солиҳовна (Қурбонова)ни ҳам ҳурмат билан тилга оламан. Умуман, ҳавас қилса арзигулик ҳамкасбларим кўп. Уларнинг ўзимга ёққан бирон хислатларини жон деб ўрганаман, аммо бирор кимга айнан ўхшашни, кимнидир такрорлашни ва “нусха” бўлишни истамаган бўлардим. Бармоқ излари сингари бетакрор бўлишга ҳаракат қилиш лозим...

Мижозларни қандай танлайсиз? Улар билан алоқаларингизни қай тариқа олиб борасиз? Бунда алоҳида қоидаларингиз борми? “Молиявий омил” қанчалик муҳим?

Юқорида айтганимдек, келган одамни аввал эшитаман. Ўрганаман — адвокат ёрдамига эҳтиёжи борми, йўқми. Эҳтиёжи бўлса, унинг феъл-атвори, руҳий ҳолати ва тушунчаси қандай — чамалаб кўраман. Маъқул тушса, қабул қиламан. Йўқса, ишим кўплигини айтиб узр сўрайман (бу гапим ёлғон бўлмайди: ростдан ҳам банд одамман).

Мижоз билан муносабатимдаги асосий қоида — бу масофани сақлаш. У билан имкон қадар расмий йўсинда муомала қиламан, уни “адвокатлик ҳудудим”га киритмайман. Ғайрирасмий мулоқот қилиш йўқ. Ҳатто бир дастурхон устида ўтирмаймиз! Жараёнда қатнашиш учун тез-тез чекка туманларга чиқишимга тўғри келади: эрталаб борсам, кечгача қолиб кетаман. Шунда ҳам мижоз билан бирга тушлик қилишга рози бўлмайман.

Энди молиявий омил ҳақида. Ҳали айтганимдек, адвокат пулнинг кетидан қувмаслиги керак деб ҳисоблайман. Ўзим ишлаб келаётган фирмада шундай тартиб жорий қилинган: эҳтиёжманд кишиларга, тайин боқувчиси бўлмаган нуроний чол-кампирларга юридик маслаҳат билан ёрдам қилинганида,  шикоят ёки ариза ёзиб берилганда улардан ҳақ олмаймиз. Дуо қилишади. Шунинг орқасидан раҳмат эшитиб турамиз, шукрки, ишсиз қолиб кетаётганимиз ҳам йўқ.

Фаолиятингиздаги (сизнинг назарингизда) энг адолатсиз суд қарори ва сиз энг фахрланадиган иш?

... Мен жиноят ишларида қатнашмасликка ҳаракат қиламан. Нега, биласизми? Ҳар бир жиноят ишида инсон(лар) тақдири ётади. Ҳимоянгиздаги шахс ҳақли ё ноҳақ қамалиши, болалари боқувчисиз қолиб кетиши мумкин... Ҳар хил ҳолат бўлади. Нима бўлганда ҳам бу оғир, кишини руҳан эзади. Суд ҳукмини ўзгартириш эса ниҳоятда қийин.

Фуқаролик ишларида суднинг ноҳақ қарорини тўғрилаш имконияти кўпроқ. Янги очилган ҳолат қилиш мумкин, юқори инстанцияларга ёзиш мумкин. Бунинг орқасида одам моддий жиҳатдан муайян зарар кўриши мумкиндир, лекин ўзи жабрланмайди. Яъни, бунақа ишларнинг руҳий залвори енгилроқ.

Мисолга келсак... аввалги бошлиғимизнинг (Палатанинг Самарқанд вилояти бошқармаси собиқ бошлиғи назарда тутилмоқда — Таҳр.) ишида анча-мунча адолатсизлик бўлди. Унинг айби қисман тасдиқланган ва иқрорлик билдирган, бироқ бу айбловнинг ҳаммаси узил-кесил исботлангани йўқ. Айбловнинг баъзи эпизодларига нисбатан жиддий шубҳа ва саволлар мавжуд. Қандай? Масалан, фуқаровий-ҳуқуқий муносабат билан бир аризачини топиб қўшишган. Яна бир аризачиси... бу воқеадан олдин ўлиб кетган одамнинг номидан ариза қилган фуқаро... “Дело” билан танишсангиз, виждонингиз жунбушга келадиган ҳолатлар бор.

Ёки солиштириш учун яна икки ҳолатни келтираман. Икки банк амалдори катта миқдорда зарар етказган: бири 200 млн., иккинчиси 12 млрд. 600 млн. сўм. Биринчиси зарарни қоплаган бўлса-да, қамоқда. Иккинчиси (дарвоқе, у собиқ президентнинг туғишган жияни бўлади) ундан 60 карра ортиқ зарар етказган, зарарни қопламаган, аммо “уй қамоғида”. Ҳолбуки, икки йил бурун чиқарилган ҳукмда унга 6 ой муҳлат берилган ва шу вақт ичида етказилган зарарни тўламаса, эҳтиёт чораси қамоққа ўзгартирилиши белгиланганди...

Энг фахрланадиган ишим... бор! Пастдарғом туманида бир бечора беванинг икки хонали бошпанасини олиб берганман!

Аёл (Гулчеҳра опа эди исми) бахтсизликнинг тимсоли эди гўё. Юраги туғма касал эркакка турмушга чиқиб, туғма касал ўғил кўрган... ва икковини ҳам бирин-кетин тупроққа топширган. Бир одамдан (шунчаки, оғзаки келишувга асосан) кафтдек ер сотиб олиб, қўни-қўшнилар ёрдамида минг машаққат билан икки хона уй кўтаришган экан. Уйнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштирмоқчи бўлганида ҳалиги, сотган одамнинг қизи уни алдаб, ҳужжатни аввал ўзининг номига тузишга кўндиради. Ва кейин ваъдасида турмайди, табиийки...

Гулчеҳра опа билан икки йил югурдик. Бормаган жойимиз қолмади. Халқ қабулхоналари... ҳокимлар... судлар... Мингта гувоҳимиз бор, лекин ҳужжатлар бизга қарши. Ҳалиги фирибгар хоним МИБ ходимлари билан “бировнинг уйига” киришга келади, аммо киролмайди: бир шўрлик бевани қақшатгани учун маҳалла-кўй тошбўрон қилишга тайёр... Шундай бўлса ҳам узоқ олишдик. Ахийри Олий суднинг ФИБ судлов ҳайъатида, назорат босқичида ютиб чиқдик...

Собиқ мижозингиз томонидан сизнинг устингиздан Адвокатлар палатасига шикоят, ёки судья/терговчи тарафидан тақдимнома киритилиши ҳоллари бўлганми?

Судья ёки терговчи томонидан тақдимнома киритилмаган. Мижозларим ҳам устимдан шикоят қилган эмас. Қарши тарафдан шикоят бўлган лекин. Ўзингизга маълум, судда дуранг деган нарса бўлмайди, бир тараф ютиб, иккинчиси ютқазади. Қайсидир тараф норози бўлади. Фақат бир ҳолатда икки томон бир хилда рози бўлиши мумкин — келишув битими имзоланса. Қарши томонни шикоят ёзишга баъзида ўз адвокати гиж-гижлайди одатда (начора, ютқазганини мард бўлиб тан олиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди-да).

Битта ишни мисол қилиб келтираман.

Бир аёл ўз набиралари билан кўришиб туришни талаб қилиб собиқ келини билан судлашганида мен унга адвокатлик қилганман. Буви бой-бадавлат, эс-ҳушли аёл. Ўғли, болаларнинг отаси Хитой билан очилган қўшма корхонада директор бўлиб, кўп вақтини чет эл сафарларида ўтказарди. Болаларини бир ойда бир марта кўрарди. Аммо моддий таъминотини бекам-кўст бажарарди: болалари хусусий боғчага қатнатар, касал бўлишса яхши шифохоналарда даволатарди. Ўғли банд бўлгани учун, болалари билан унинг онаси — буви кўришиб турмоқчи бўлган эди, собиқ келин қаршилик қилди. Ўша ишда ютиб чиққанимизда асоссиз равишда устимдан Палатага мижозининг қўли билан адвокат шикоят ёздирган. Аммо менинг томонимдан касб этикаси қоидалари ва бошқа тартиблар бузилмаганлиги боис малака комиссияси  шикоятни рад этди.

Адвокатлар палатаси, хусусан, унинг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси фаолиятига қандай баҳо берасиз? Палата иш фаолиятини ривожлантиришга доир қандай таклифларингиз бор?

Палата фаолиятига нисбатан фикрим ижобий. Вилоят ҳудудий бошқармаси ҳам яхши ишлаяпти деб ўйлайман. Чунончи, пандемия даврида Палата адвокатларнинг ҳуқуқлари учун қўлидан келганича курашди. Раҳбарларимиз ташкилотнинг ҳаминқадар маъмурий кучидан борича фойдаланишга ҳаракат қилишди. Айниқса, адвокатларнинг шахсий автомобилда ҳаракатланишини тақиқлаб қўйишганда Тоҳир ака Қодиров (Бошқарма бошлиғи — Таҳр.) адвокатларнинг суд ва тергов идораларига боришини таъминлаш учун анчагина жон койитганини биламан. Қолаверса, Палата карантин туфайли моддий жиҳатдан қийналиб қолган адвокатларга ёрдам таклиф қилганини ҳам эътироф этишимиз керак...

Адвокат сифатида айтаманки, Палата бошқарувчилик вазифасини виждонан адо этмоқда. Янгиликлар, вазифалар, топшириқлардан ўз вақтида хабардор бўламиз, ташкилий-идоравий масалаларда ёрдамини аямайди. Мана, вилоятда фаол адвокатларни байрамларда йўқлаш, қутлуғ ёшга тўлган ҳамкасбларни табриклаш анъанага айланди. Бу ишлар бари бизни хурсанд қилади, албатта.

Таклифга келсак... Адвокатлик тузилмаларида стажировка жараёни жуда бўшашиб кетди. Палата тузилмалар раҳбарлари ва амалиёт ўтаётганлар билан жиддийроқ ишлаши керак, деган фикрдаман. Аниқроғи, амалиёт ўтаётганлар билан қаттиқ ишлашни талаб қилсин раҳбарлардан. Судга, терговга ўзлари билан олиб юришсин. Кўришсин жараённи, “порох ҳиди”ни туйишсин, то тўлиқ ўргангунча ҳужжатлар тузишни машқ қилдиришсин... Уч ойлик амалиёт даври ўтади-кетади, олдинда имтиҳонлар бор, мақом олгач тажрибали ҳамкасбларига, прокурор ва терговчиларга қарши туришни ўйлашсин, ахир!..

Ўзбекистонда никоҳни бекор қилиш тизими ҳақида гаплашсак. Бу амалиётнинг самарасизлиги, номақбуллиги аллақачонлар аён бўлган. Яраштирув институти деярли ишламайди. Суд қайта-қайта муҳлат тайинлар экан, шунчаки, бир-биридан безор бўлган эр-хотиннинг қонуний ажралишини кейинга сураяпти, холос. Энг ажабланарлиси, бир-бирини хиёнат устида тутган, норасмий бошқа турмуш қилиб улгурган эр-хотинларни ажратиш ҳам пайсалга солинаверади... Айтинг-чи, нега бу амалиётдан воз кечилмаяпти ёки ислоҳ қилинмаяпти? Бошқа ғоя йўқми?

Мақсад аниқ — суд рақамлари ҳисоботини (статистикасини) “бир нави” сақлаш. Биласиз-ку, бизда ҳамма масалани маъмурий-буйруқбозлик йўли билан ҳал қилмоқчи бўлишади. Фойдаси йўқлигини ўзлари ҳам билишади-ю, лекин, барибир, тиш-тирноқлари билан ушлаб туришибди бу тизимни. Чунки қотиб қолган мияларига тузукроқ фикр келмайди. Бошқа тарафдан журъат ҳам йўқ. 2018 йилгача имконият бор эди никоҳдан ажратиш тизимини эпақага келтириш учун. Энди йўқ. 2018 йилда бу масала Оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси ва яна алламбало ҳужжатлар билан яна-да сиёсийлаштирилди. Энди судьялар қайтага бадтарроқ ёпишяпти бу тизимга. Уни бекор қилса энди фақат Президент бекор қилиши мумкин. Президентдан ташаббус чиққунича аҳвол ўзгармайди, афсуски...

Сўнгги йиллардаги энг оғриқли масалалардан бири бу “снос” можаролари десак хато бўлмаса керак. Мулк ҳуқуқини таъминлашдаги аянчли аҳвол — ҳуқуқий бошбошдоқлик (хаос)нинг олдида бошқа соҳалардаги тартибсизлик ҳеч нарса бўлмай қолди. Вилоятларда ҳатто одамларнинг бош кўтарганини кўрдик. Шу ҳақда нима дейсиз?

Жамиятимизда уюшган жиноятчилик жуда чуқур илдиз отган. Унинг энг каттаси — қурилишда, чунки қурилиш энг ёпиқ, кир соҳалардан бири, у ерда катта пул айланади, жиноий йўллар билан топилган пуллар “ювилади”...

Ва жиноий гуруҳнинг тепасида кўпинча ҳокимлар ўтиради. Каттаю кичик — барча ҳокимлар ноқонуний ер сотишади. Хоҳлаган жойидан. Қарорсиз, лойиҳасиз, ими-жимида... Ишнинг миси чиқиб қолса, калтак айланиб тадбиркорларнинг, халқнинг бошида синади, ҳокимлар эса деярли доимо сувдан қуруқ чиқишади. Мана, масалан, Умар “банкир” воқеасини олайлик. У ҳашаматли иморатни ўзича, бир кунда қуриб қўймаганди-ку. Кимдир қарор чиқариб берган, лоақал қурилишни қонунийлаштириб беришларига ишонтирган. Тадбиркор ўзбошимчалик қилган бўлса, иморат битмасдан тўхтатишмайдими қурилишни?.. Аҳоли зарар кўрди, тадбиркор сармоясига “куйди”, лекин ҳоким-чи? Ҳеч қурса бурнига чертилдими?..

Қонунга кўра бузилаётган ҳовли-жойда ўсиб турган мевали-мевасиз дарахтлар ҳам пулга чақилиши лозим. Агар фуқаро ҳовлиси ўрнида қуриладиган кўп қаватли уйдан хонадон берилиши шарти билан уйи бузилишига рози бўлса, қурувчи ширкат то уй битгунича унга ижара пулини тўлаб беришга мажбур! Буни билган билади, билмаган йўқ. Ҳушёрроқ фуқаролар адвокатга мурожаат қилади. Шахсан ўзим ҳам бир қанча кишининг шунақа шартномаларини “тузатиб” бердим. Қурувчи фирма вакили телефонда тўнғиллади яқинда, буларнинг кўзини очаяпсиз, деб... Сурбетликни қаранг!

Сиз шуғулланаётган ҳуқуқ соҳаларида медиация институтининг жорий этилиши борасида аҳвол қандай?

Медиация ҳозирча ишлагани йўқ бизда. Менимча, ҳали эрта шекилли.

Ўтган йили ЮМОИда Севархон опа (Марипова) медиациядан дарс ўтди, кўп нарсани ўргандик, малака оширганимиз тўғрисида сертификат олдик. Жуда қизиқ нарса медиация. Аммо бизнинг жамиятда, нима десам экан... унга эҳтиёж кам деб ўйлайман. Ҳали тайёр эмасмиз. Уй-жой, никоҳни бекор қилиш, қарз билан боғлиқ ишларда қўлласа бўлади, аммо бошқа соҳаларда...

Чунки ишлар алалоқибат барибир суд тартибида ҳал бўлаяпти. Ҳакамлик судлари, мени кечирасиз-у, бир тийинга қиммат суд бўлди. Бу суд чиқарган қарорнинг ижросини фуқаролик, иқтисодий судлар тасдиқлаб бериши керак. Нима кераги бор унинг? Шунинг ўрнига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини ва судни рисоладагидек ишлатиш керак. Судлар мустақиллигини таъминлаш керак. Шунча ишламайдиган идоралар бўла туриб, яна қандайдир ёрдамчи, “илова” ташкилот тузишнинг нима ҳожати бор?..

Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда барча соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам ислоҳотлар қилинмоқда. Қанча туб ўзгаришлар бўлди, қонунчиликда янги меъёрлар жорий этилди ва этилмоқда... Айтинг-чи, адвокат сифатида ислоҳотларни ўз танангизда ҳис этяпсизми?

Айрим, майда ўзгаришларни демаса, амалда жиддийроқ ўзгаришни сезмаяпман, рости. Ҳа, “ичкарига” телефон олиб кира оладиган бўлдик. Адвокат сўровларига жавобларни тезроқ оляпмиз. Тўғри, жамиятимизда фикр айланиши тезлашди. Кичикроқ амалдорлар ҳуқуқларимизга дахл қилганида шовқин-сурон кўтарсак, бироз ҳайиқишяпти... Шу, холос. Аммо “Воҳ!” дегизадиган ўзгариш йўқ-да.

Прокуратура ва бошқа идоралар олдида ҳурматимиз, обрўйимиз ўша-ўша. Судьяни, терговчи ва прокурорни ҳануз соатлаб кутамиз. Адвокатни кун бўйи эшиги тагида сарғайтирувчи амалдорнинг юзи қизармайди сира...

Яқинда бир анжуманда вилоят прокуратураси вакили икки йил олдинги суд қарорию адвокатларга бир нечта тақдимнома киритилганини рўкач қилиб адвокатурага лой чапламоқчи бўлди. “Сўнгги учта Бош прокурор оғир жиноятларда айбланиб, судланган, қамоқда ётган бўлса, бизга таъна қилишга маънавий ҳаққингиз борми? Айтинг-чи, қайси тизим кўпроқ бузилган: бизникими, сизникими?” — деб “чақиб олмоқчи” бўлдим-у, устозлардан андиша қилдим...

Мавриди келган экан, асабга тегадиган яна бир ҳолатни айтиб ўтсам. Адвокатурага оид қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш жараёнига бегона идоралар нега аралашаверади? Адлия? Прокуратура? Нима, дейлик, прокуратурага оид қонунлар қабул қилинаётганида биздан фикримизни сўрашяптими?

Хуллас, гапирса гап кўп.

Адвокатларнинг ихтисослашуви хусусида қандай фикрдасиз?

Ихтисослашув керак. Шарт. Менга қолса, ихтисослашув доирасини янада торайтириш лозим. Масалан, жиноят ишлари бўйича мақом олган адвокатлар ким ўғирлик ва талончилик, ким молиявий жиноятлар, ким қотилликка оид ишларни юритишга ихтисослашиб, уларни чуқур ўрганса, соҳада ўз ишининг усталари кўпайган бўлур эди.

Яна шуни ҳам айтишим керакки, адвокатлар жуда танқис бўлган чекка туманларда ихтисослаштириш имконсиз. Чекка ҳудудлардаги адвокатлар, хоҳлаймизми-йўқми, барча турдаги ишлар билан шуғулланишга мажбур бўлишади.

Ойбек МЎМИНОВ суҳбатлашди.

Манба: "Advokat Press" рўзномаси.

2021-03-05 23:58:43  |  2722 |   0  | 

5 изоҳлар

Сурайё Сулаймонова жуда мазмунли ва хакикий адвокат фикрини билдирган.Айникса, суд процесси белгиланган вактда булмаслиги, адвокатларнинг кимматли вакти судда "кутиш" билан утиши хакикатдир.Узбекистонда адвокатура сохасини ривожлантириш учун биз адвокатларга яънада кенгрок имкониятлар яратиш максадга мувофикдир.

Сурайехон жуда яхши фикрларни билдирган.Айникса,Концепциянинг Президент маьмуриятида асоссиз ушлаб турилганлиги,хокимларнинг ер сотиб узлари сувдан курук чикаетгани,хакамлик судларининг кераксизлиги масалаларида хакикатни гапирган.Факат "мижоз"сузи урнига Конунда курсатилганидек,ишонч билдирувчи шахс"сузини куллаш лозим.

Барака топинг Сурайёхон. Ёмонликни енгиб бӯлмайди, лекин ёмонлик билан яхшилик ӯртасидаги кураш хаёт демакдир. Тирикмизми хали хеч нарса йӯқотганимиз йӯқ

Ҳа, адвокат Сурайё Сулаймоновани адвокатларга нисбатан давлат идоралари (айниқса прокуратура...) ходимларини муросабатларни ёмонлиги тўғрисидаги фикри ҳақ гап! Жамиятда адвокатларга муносабатларни тубдан ўзгартириш керак, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан. Қайсидир маънода бу ўзимизга ҳам боғлиқ. Адвокатларни обрўсизлантирадиган адвокатурани ички муаммолари билан ўзимиз курашишимиз зарур. Яқинда адлия вазири Р. Давлетов адвокатлар билан онлайн тартибда очиқ мулоқот ўтказди ва унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат идоралари иштирок этишди. Шу мулоқотда адвокатларни умрбод эсида қоладиган ҳолат, ДХХ вакилининг адвокатларга нисбатан муносабати бўлди(!). Мана, Ўзбекистонда масъул давлат идорасини адвокатурага муносабати(?)!. Нимамиш, адвокатларни аксарияти, жиноятчиларга шерик бўлаётган эмиш, қамоқхоналардан телефонда уларни уйларидагилар билан улаб беришаётган эмиш...(?) ва ҳоказолар. Бу ходимни сўзларини ҳали тарих эсга такрорлайди(!) Яхши ҳамки, мулоқотда иштирок этган Адвокат Ғ. Кароматов уни "жойига ўтқазиб қўйди"..(!) Шунга қўшимча қилмоқчиман, ки ДХХ нинг собиқ раҳбарлари генерал, Ўзбекистон қаҳрамони Ғуломов, Н. Тўрақулов, Шарифхўжаев ва бошқа юзлаб..." собиқ ходимларни" узоқ муддатли жиноий жазо ўтаётганини халқ билмайдими....? Уларни қабиҳ жиноятлар содир этганлари судда тасдиғини топди-ку(!)? Биринчидан, уларни сони ва содир этган жиноятларини оғирлик даражаси билан жиноий жавобгмрликка тортилган адвокатларни сони ва.... ни солиштириб, таққослаб кўрайликчи... Ким кўпроқ қасамёдини бузяпти...(?), ким кўпроқ қонунни менсимайди...(?)-деган саволга жавоб топамиз, индаллоси чиқади; Иккинчидан, шу жиноий жавобгарликка тортилган давлатни собиқ масъул ходимлари ҳам адвокатларни ҳуқуқий ёрдамига муҳтож бўлмаяптиларми...(!)? Адвокатлар тўғрисида азалдан нақл бор, буни менга Буюк Адвокат Либус айтган эдилар, "... АДВОКАТГА ТОШ ОТСАНГ АДВОКАТГА МУҲТОЖ БЎЛАСАН... "-деган. Шу юқоридаги ДХХ ходими ва бошқаларга шуларни эслатиб қўймоқчиман. Учинчидан, ҳар ким ўз ишини қилсин, бировга (адвокатга) кўз олайтириш,, бировни омдсизлигини гапириб ўзини ютуғига эришишни кўзлаш бу одобдан эмас ва бу заифлик нишонаси. Тўртинчидан, адвокат халқаро ҳуқуқда бор, ДХХ ёки... халқаро ҳуқуқда йўқ! Шундан хулоса қилиш керак холос!!! Ва ниҳоят, статистикасиз бундай" даъво" қилиш илмсизлик ва манманлик нишонаси эмасми? Ёки яна бир халқ мақоли "... Иштони йўқ, иштони йиртиқни устидан кулипти..."!

Март 06, 2021  07:07

5.Зафар Таиров

Жуда мазмунли, ХМКИ ходимларини уйлантириб куядиган макола булибди. Адвокат халкимизни дарди билан юрадиган фаолият, бу учун адвокатга нисбатан хурмат баланд булиши керак. С. Сулаймонова омад тилайман.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация