Суд мустақиллигига дахл қилиш ҳолатлари юзасидан тезкор хабар бериш тизими яратилади



 
  Расм манбаси : Council of Europe

Суд мустақиллигига дахл қилиш билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат юзасидан судья томонидан бевосита ва тезкор хабар бериш тизими яратилиши мумкин. Бу «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳасида кўзда тутилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизматининг хабар беришича, лойиҳада, жумладан, қуйидаги янги нормалар ва чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда:

судлар раисларининг судьялар фаолиятини баҳолаш, уларга нисбатан интизомий иш қўзғатишдаги иштирокини қайта кўриб чиқиш;

судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарор устидан шикоят қилиш механизмини такомиллаштириш;

судьяларнинг ваколатларини тўхтатиб туриш ҳамда тугатиш асослари ва тартибини халқаро стандартларга мослаштириш;

судьяларнинг мақомини белгиловчи нормаларни такомиллаштириш ва истеъфодаги судьянинг ҳуқуқий мақомини белгилаш;

судьяларни ротация қилишнинг аниқ ва шаффоф механизмини жорий этиш;

судлар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини тизимлаштириш;

суд мустақиллигига дахл қилиш билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат юзасидан судья томонидан бевосита ва тезкор хабар бериш имкониятини кўзда тутувчи тизимни яратиш, ушбу масалаларни қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиш тартибини бекор қилиш.

Қайд этилишича, «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларда тизимлаштирилиши ва унификация қилиниши лозим бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш бўйича йўл харитасида белгиланган вазифалар ижросини 2020 йил октябрь ойига қадар таъминлаш белгиланган. «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини тайёрлаш ҳам шулар сирасидандир.

Эслатиб ўтамиз, «Судлар тўғрисида»ги қонун 1993 йилда қабул қилинган, 2000 йилда эса унга қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, янги таҳрири тасдиқланган эди.

2020-06-24 23:41:11  |  1462 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация