ҲАЙКАЛГА ГАП ОТИШ БЕЗОРИЛИКМИ? Ёки карантин даврида айрим хатти-ҳаракатларнинг “майда безорилик” саналиши қанчалик қонуний экани хусусида...



 
  Расм манбаси : UzReport.uz

Ижтимоий тармоқларда ва ОАВда тарқатилган хабарлар ва уларга билдирилган расмий муносабатларга қараганда, карантин даврида жамоат жойларида ниқобини ечган ҳолда турли қилиқлар қилгани ва буни тасвирга тушириб, интернет тармоқларига тарқатганлиги сабабли бир неча шахслар (“интернет юлдузлари”) Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (“Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш”) ва 183-моддаси (“Майда безорилик”) билан айбдор деб топилиб, судлар томонидан уларга жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Аммо, қонун нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, уларга нисбатан қўлланилган жазо чоралари ҳамиша ҳам ўринли кўринмайди. Ушбу мулоҳазаларимизни қуйидаги иккита ҳолат мисолида асослашга ҳаракат қиламиз:

1. Уч нафар шахс кечқурун — 22.00-23.00 лар чамаси пойтахтимиз хиёбонларининг бирида жойлашган Амир Темур ҳайкали ёнида тиббиёт ниқобини ечишиб, “карантин қачон тугайди” дея ҳайкалга мурожаат қилишади ва бир-бирларига ҳазил-мутойиба қилиб, кулишади ҳамда бу қилиқларини уяли алоқа воситаси ёрдамида тасвирга тушириб, интернет тармоғига жойлаштиришади. Кейинчалик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уларни топиб олиб, ҳуқуқбузарлик содир қилганлик ҳақида баённома расмийлаштириб, судга олиб боришган. Ушбуни кўриб чиққан маъмурий суд уларнинг ҳаракати тўғри малакаланган деб топиб (ЎзР МЖтК 54 ва 183-моддалари) 15 сутка қамоқ жазосини белгилаган.

2. Тошкент шаҳрида соат 23.00лар чамаси “Мотамсаро она” ҳайкали олдида тўрт нафар қиз тиббий ниқоб тақмасдан (ОАВ хабарига кўра улар сархуш ҳолатда ҳам бўлган) рақсга тушиб, бир-бирларига ҳазиломуз сўз айтиб кулишгани тасвирини интернет тармоғида тарақтганлиги учун суд уларни ҳам ЎзР МЖтК нинг 54 ва 183-моддалари билан айбдор деб топиб, уч нафарига 15 сутка маъмурий қамоқ ва биттасига, ҳомиладор бўлганлиги учун, жарима жазосини белгилаган.

Юқорида баён қилинган ҳолатлар ва судлар томонидан уларга берилган баҳо интернет тармоқлари ва ОАВда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Айрим журналист, блогер ва ўқувчилар “интернет юлдузлари”нинг қилиқларида ножўя ҳаракатлар йўқлигини айтиб, “қаҳрамонлар”нинг ёнини олиб фикр билдирган бўлсалар, бошқалари уларнинг қилмишларини қоралаб, суднинг адолатли қарор қабул қилганлиги ҳақида фикр билдиришди. Бизнинг назаримизда эса, мамлакатимизда карантини қоидалари жорий этилганлиги муносабати билан бу даврда содир этилаётган қоидабузарликларга баҳо бериш амалиёти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи-назаридан эмас, балки қоидабузарларнинг хатти-ҳаракатларини оғирроқ жазо берувчи моддалар билан квалификация қилиб, маъмурий қамоқни қўллаб, шу йўл билан бошқаларни бундай ҳаракатдан тийиб туриш, яъни нисбатан оғир жазо бериш орқали карантин қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлашга қаратилгандек гуё. Зеро, аслида мавжуд қонунчилик бундай чораларга очиқча изн бермайди.

Аввало, ЎзРнинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисдаги кодекси 183-моддасига кўра, “майда безорилик” — бу “жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиш, фуқароларга ҳақоратмуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик” бўлиб, “базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравардан беш бараваргача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади”.

Энди биз ушбу модданинг ҳуқуқий таҳлилига эътибор қаратайлик.

Биринчидан, таъкидлаш зарурки, қонун ҳужжатларида “жамоат жойлари” деганда қайси жойлар назарда тутилиш қатъий белгилаб берилмаган. Қонун ижодкорлари томонидан бунга ойдинлик киритувчи, унинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи расмий шарҳлар ҳам қабул қилинмаган. ЎзР Олий суди Пленумининг безорилик ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисидаги шарҳида ҳам қонундаги сўзлар кўчириб қўйилган бўлиб, масаланинг моҳияти тўлиқ очилмасдан қолган. Аслида эса қонун қабул қилувчи орган, яъни Олий Мажлис бунга шарҳ бериши лозим эди. Бундай шарҳ бўлмагани боис ҳуқуқни қўллаш амалиётида жамоат жойи деганда кишиларнинг ўз уйи остонасидан бир қадам ҳатлаб ўтиши — кўча, хиёбон, қурилиш майдонлари, дўкон, театр, стадион, концерт заллари ва умуман ҳар қандай жой жамоат жойи сифатида талқин қилиб келинмоқда.

Иккинчидан, шахсни ЎзР МЖтКнинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айблаш учун жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкинганлиги аниқланиши лозим. Биз юқорида баён қилган иккита ҳолат эса, яъни “карантин қачон тугайди” деб ҳайкалга мурожаат қилиш ёки ҳайкал олдида ҳазиллашиб рақсга тушиш ҳаракатини “уятли сўзлар билан сўкиниш” сифатида баҳолаб бўлмайди. Шунингдек, уларнинг хатти-ҳаракати “фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш” деб ҳам тушунилмаслиги керак. Чунки бу ҳолатда ўзига нисбатан шилқимлик қилинганлигини ёки уятли сўзларни эшитганлигини тасдиқловчи жабрланган фуқаро йўқ (Ҳайкалга фуқаро сифатида қараб бўлмаслигига эса ҳужжат шарт эмас).

Бундан ташқари, “интернет юлдузлари”га айланмоқчи бўлган бу ёшларнинг қилмиши “фуқароларнинг осойишталигини бузувчи” хатти-ҳаракат сифатида қаралиши ҳам нотўғри. Чунки бу икки ҳолатда ҳам воқеа тунги соат 22.00-23.00 ларда, яқин атрофда фуқаролар бўлмаган пайтда содир бўлган. Демак, юқорида айтганимиз каби, осойишталиги бузилган жабрдийда фуқаро ҳам мавжуд эмас.

Учинчидан, амалдаги қоунчиликда узрсиз сабаблар билан жамоат жойларида бўлганлик учун, ҳатто спиртли ичимликлар истеъмол қилиб олган ҳолда бўлса ҳам (айнан жамоат жойларида спиртли ичимликларни ичиш бундан мустасно), бирон-бир жавобгарлик белгиланмаган. Карантин пайтида эса тиббий ниқобни тақиб юриш талаби қўшилади, холос.

Тўртинчидан, 183-моддада юқорида таҳлил қилинганлардан ташқари “шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик” ҳам майда безорилик деб баҳоланиши кўрсатилган. Лекин бу ерда ҳам яна “жамиятда юриш туриш қоидалари” деган, расмий қонуний шарҳ берилмаган тушунчага дуч келамиз. Шу боис моддада саналган ҳолатлар (жамоат жойида сўкиниш, шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқаролар осойишталигини бузувчи қилмишига ўхшаш ҳаракатларни содир этиш) “каби” ҳолатларни тахмин қиладиган бўлсак, бу “бақириб-чақириш, уятсиз ҳаракатлар қилиш, шовқин-сурон кўтариш”га ўхшаш ҳолатлар бўлиши мумкин ва бу хатти-ҳаракатдан фуқароларнинг осойишталиги бузилиши керак. Демак, бу ҳам юқорида келтирилган мисолдаги хатти-ҳаракатларни ўз ичига ололмайди.

Бундан келиб чиқадики, мисолимизда келтирилган ҳолатларнинг ЎзР МЖтК 183-моддаси билан малакаланишини ва қоидабузарларга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилишини қонун талабларига мос деб бўлмайди.

Бинобарин, мазкур хатти-ҳаракатлар, агар фуқароларнинг тиббий ниқобсиз юрганлиги ростдан ҳам аниқланган бўлса, фақатгина ЎзР МЖтКнинг 54-моддаси биринчи қисми билан ҳуқуқий малакаланиши керак эди. Бу моддада эса маъмурий қамоқ жазоси белгиланмаган.

Ушбуларни инобатга олсак, юқорида қайд этилган атамаларга расмий шарҳ берилиши қоидабузарликларга нисбатан ЎзР МЖтКнинг 183-моддасини тўғри қўллашда долзарб аҳамиятга эга экани кўринади. 

Шунингдек, қонунчилигимизда “майда безорилик”дан ташқари “безорилик” (ЎзР ЖКнинг 277-моддаси) деган тушунча ҳам борки, унда ҳам “жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик” белгиланган бўлиб, мазмун-моҳияти аниқ очиб берилмаган.

Шу боис ҳам қонун ижодкори кечиктирмасдан бу тушунчаларни шарҳлаб бериши ёки мазкур моддаларни янги таҳрирда қабул қилиб, амалдагисига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиши лозим деб ҳисоблаймиз.

Баҳром САЛОМОВ,

Адвокат, юридик фанлар доктори.

2020-06-11 18:54:22  |  3530 |   1  | 

5 изоҳлар

Август 09, 2020  15:50

1.Сарвар

Zo'r yuridik analiz qilinibdi, barakalla

Июнь 16, 2020  04:19

2.Тошмат

100% хакли жазоланган...

Июнь 14, 2020  14:41

3.Яшинбек

Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди.

Июнь 12, 2020  14:36

4.$$$@

Нохак камалиб суд хумки оркали нохакдан айдор деб топилган кейнги вактларда окланётганлар хакида матбуоатда хам ёки ёки суд прократура тизимлари матбуат анжуманларида бу хакда куп айтилаяди Хуб яхши адолат карор топибди Уша нохакдан камалиб суд хукми билан айдор деб топилган инсонларни 1 неча йил умри жазони уташ калонярида утган умрлари ёки нохакдан жиноятчи деб топилиб суд карори билан бошга бирор жазо тайнлангани/ озодликдан чеклаш ва хакозо/ кулланган булса Нима учун уша нохакдан камалган жиноятчига чикан инсонларга нисбатан нохокдан айблов кузгатган терговчи прокрор нохакдан суд хукмини чикарган судяга нисбатан жиной иш очилиб жиной жавоб гарликга тортилмаябди Кани бу ерда конун устиворлиги Инсонларга нисбатан ноконуй иш очган терговчи прокрор га ва инсонларни нохакдан айбдор деб топиб суд хукмини чикарган судялар жиной жавоб гарликга тортилмас экан Терговни олиб борадиган терговчилар ва ишни судда курадиган судялар томанидан инсонларни фукораларни конунга хилоф равишда камаш ва нохакдан айбдор деб топилиб хукум суд карорлари чикариш давом этавиради Канун качон устивор булади Качонки канун уз вактида ишласа канун устивор булади Йиллар утиб фалончи фукора нохакдан камалган экан айбсизлиги исботланди деб бирфингларда чикиб айтиш бу конун устиворлиги эмас Кана айтсингчи хох олий суд ёки бош прократура айтсингчи Мана шунча инсонларга нисбатан нохакдан камаган терговчи прокрор судя лар бугунги кунда жиной жавоб гарликга тортилиб уларга нисбатан суд хукми чикарилди деб

Июнь 12, 2020  12:24

5.Элбек

Келиб чиккан Хукукий окибат хам бахоланиши лозим эди, Суд карори нотугри чикарилганга ухшайди. Безорилик деб хам айтиш кийин, пассив Безорилик деган тушунча булса агар ёки хулосани судья бахолаши мумкин. Бирок карантин даврини инобатга олгандир.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация