КАРАНТИН БАҲОНА ҚОНУН БУЗИЛМОҚДА! Жамоатчилик айта олмай турган гапни, ниҳоят, Олий Мажлис депутати юрак ютиб айтди...



 
  Расм манбаси : iiv.uz

“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасида транспорт воситаларини ушлаб туриш асослари келтириб ўтилган бўлиб, унда ушбу кодекснинг 54-моддаси талаблари, яъни эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун транспорт воситаларини вақтинча ушлаб туриш келтирилмаган. Бундан келиб чиқадики, жойларда карантинга риоя этмаганлик сабабидан автомобилларни жарима майдонларига тиқиб қўйиш ноқонунийдир. У ерда турган ҳар бир кун учун тўлов ҳам бор. Негадир бунга кўз юмишга ҳаракат қилинаяпти. Кодекс бу – қонун. Қарор, топшириқ, буйруқлар қонундан устунмас” — деб ёзади Қонунчилик палатаси депутати Расул КУШЕРБАЕВ ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифа ва қанотларида.

Халқ манфаатлари томонида туриб эркин фикр билдириши билан танилиб улгурган депутат бу гапларни “Ички ишлар вазирлигининг интернет тармоғидаги расмий саҳифасида “босар тусарини билмай қолган депутатлар ҳақида”ги видео”га муносабат билдира туриб ёзган.

“... видеони кўрдик ва тегишли хулосалар чиқардик, — дейди Р.Кушербаев. — Беш дақиқалик видеода камида 13 марта “депутат” сўзи тилга олинибди. “Депутат” фуқаро эмас ва унинг ҳуқуқбузарлигига фуқаро сифатида эмас депутат сифатида баҳо берилмоқда.

Ички ишлар тарғибот йўналишида ҳуқуқбузарларни фуқаро сифатида эмас, жамиятда эгаллаган мансаб ва даражасига қараб ёритиш бўйича самарали тизим йўлга қўйилган кўринади. Ўйлашимча, яқин вақтларда “босар тусарини билмайдиган “тадбиркор”, “прокурор”, “ҳоким”, “солиқчи”, “милиция” каби видеолар ҳам чиқса керак, агар тенглик ва ажратиш бўлмаса, албатта. Чунки ҳамма ҳам одам, хато қилиши мумкин. Кўрамиз.

Водийдаги маҳаллий Кенгаш депутатларининг қилган ҳуқуқбузарликларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди ва мен ҳам ўз хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар ходимларига нисбатан бундай муносабатни тоқат қилиб бўлмас ҳолат, деб биламан. Депутатми бошқами ҳамма қонунга бўйсуниши шарт. Ва мана шундай синовли кунларда жамиятда тартибни сақлаш, карантин тадбирларини ташкил этишда ички ишлар ходимларининг катта хизмат қилаётганлигини кўриб билиб турибмиз. Уларга ҳам осонмас. Улар орасида менинг ҳам кўплаб дўст биродарларим бор, барчасининг отасига рахмат!

Бироқ видеодаги ҳолатни баён этишда барча даражадаги депутатларга нисбатан шундай бахо беришга уриниш бор, гўёки шу йўл билан “бир ҳуморидан чиқмоқчи” бўлган кимдир.

Энг қизиғи, видеода шифокорларнинг ёнини олган Олий Мажлис депутатининг “Халқ сўзи” газетаси интернет сайтида эълон қилган муносабатини умуман керакмас жойда мажбуран тиқиштириб тилга олинаётгани кимга ва нимага керак бўлиб қолди? Булар бошқа-бошқа ҳолатку. Билмадим-у бундан яна бир ниманинг ҳиди келаяпти. Лекин “заказ” демадим ҳали.

Олий Мажлис депутатининг ушбу муносабатидаги фактларни менам исботлашга тайёрман, одамлар депутатга чиқиши табиий, бироқ қўй карантин вақтида оғирроқ бўлайлик, ҳозир нозик вақт, деб турибмиз. Аммо кимлардир вазиятдан фойдаланиб “тош от, тош от” ўйини қилаётганлиги таъбни хира қилаяпти”.

Ушбу мулоҳазалардан сўнг депутат видеода ИИВ масъуллари томонидан  қонунлар тилга олиниб, депутатларнинг ҳам унга риоя этиши кераклиги қайта-қайта эслатаётганига урғу берарар экан, бунинг учун уларга раҳмат айтар экан, “фурсатдан фойдаланиб мен ҳам ички ишлар масъулларидан бир нарсани эслатиб, сўрамоқчи эдим”, дея фуқаролар автомобилларини жарима майдонларига тиқиб қўйишнинг ҳам ноқонуний эканини эслатади.  

“ИИВ юқорида эслатиб ўтгандек, энди мен ҳам қонунга кўра, депутат сифатида бундай қонунбузилишига чек қўйишни талаб қилиб чиқсам, менинг қонуний талабим ё карантин тадбирига қарши тарғибот, сиёсатга қаршилик, “популизм” деган гаплар билан байроқ қилинади. Шундай бўхтонлар билан мендан душман ясаб раҳбарларга кириб ёмонланади: мен ҳамма нарсага қарши, тушунмайдиган, ёмон депутатман. Шундай эмасми?, — дея иддао қилади муаллиф. —  Йўқ, энди депутат сифатида менам талаб қилдим, қонунга барча бўйсунсин! Зеро, ички ишлар ходимининг ҳам депутатнинг ҳам қонуний талабларига буйсунмаслик жавобгарликка сабаб бўлади ва фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келади.

Қани бўлмасам ё қонун талабига бўйсуниб, ноқонуний ҳаракат қилишга чек қўяйлик ёки нохолис, “популист”, ўқимаган, ёмон депутат, деб мендан “фил” ясайлик.

Аслида шундай кунларда оғирроқ бўлайлик, “тош от, тош от” қилмайлик деб юргандим. Адашибман шекилли, лекин ҳалиям шу – оғирроқ бўлайлик.

Талабим натижасини кутаман”.

Шу ўринда айтишимиз жоизки, “Advokat” журнали таҳриритида ҳам карантин қоидаларини бузганлик учун жазога тортиш билан боғлиқ айрим ҳолатларнинг аслида қонун талабларига зид экани тўғрисидаги мурожаатлар мавжуд. Шундай экан, биз бу мавзуга яна қайтамиз!

2020-04-18 16:33:36  |  2589 |   0  | 

4 изоҳлар

Матндаги "киритилмаганлиги" сузи "киритиши" деган суз билан алмаштириб укилсин.

Депутат Р.Кушербаевнинг фикрларига кушилган холда айтмокчиманки, хукукни куллаш амалиетида бундай вазиятни юзага келишида асосан депутатларимизнинг узлари йул куйишган, яьни Узбекистон Республикаси МЖТК 54-моддаси пухта ва пишик ишлаб чикилиши ва кабул килиниши лозим эди. Хозирги карантин холати эса, конунчиликдаги мана шу бушликни курсатиб берди. Албатта, ушбу камчиликни тузатиш учун "юкни туяни олдига олиб бориш еки туяни юкни олдига олиб келиш керак", деган маколни эслаш масалага ойдинлик киритилмаганлиги шубхасиз.

Апрел 18, 2020  20:25

3.Адвокат Тоҳирбек Тожибоев

Шундай қилишмаса, Депутатлар қонуний муаммоларга Дуч келмайди-да. Бироқ депутатнинг фикрлари тўғри, енгил автомашиналарни жарима майдончасига тортиб қўйиш менимча жоиз эмас. Аксинча карантин даврида уларни харакатланишини чеклаш керак. Ёки қонун билан тартибга солинишига эришиш керак. Бўлмаса бундай холатлар давом этаверади.

Апрел 18, 2020  17:02

4.Джахонгир

Ассалому алайкум, хурматли хамкасабалар, яна ўша қонунбузилиши ҳолатлари хақида гапирар эканмиз авваламбор қонун доирасида иш тутилиши керак эди назаримда, адвокатлик дахлсизлиги каби, Ўзбекистон Республикаси депутатларининг дахлсизлиги ҳақидаги қонунга кўра депутатларга нисбатан ИИБ ходимлари худдиги оддий фуқарога нисбатан мурожаат қилгандек унинг шахсий автомашинаси жарима майдончасига жойлаштирилган вахоланки қонуний олганда ИИБ тегишли палатанинг розилигисиз унга нисбатан нафақат маъмурий иш балким унинг шахсий машинасига ҳам тегинишнинг хаққи йўғлигини инобатга олинмаган, ўз навбатда савол туғилади агар депутатларга нисбатан унинг депутатлиги дахлсизлиги инобатга олинмасдан шундай қўпол қонун бузилиш ҳолатлари учраган экан, эртага адвокатларга нисбатан ҳам ҳудди шундай қонун бузилиши ҳолатлари учрамаслигига ким кафолат беради?



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация