ЗУЛ-КИФЛ пайғамбар мақбараси



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

“Пайғамбар ороли” мўъжизаси

Термиз шаҳри яқинида, Қадимги Термиз харобалари қаршисида Амударё сувини иккига бўлиб юборган бир орол бор. У тахминан 4 минг гектар майдонни эгаллаган бўлиб, узунлиги саккиз, эни беш-олти километрга етади. Орол халқ орасида “Пайғамбар ороли” номи билан машҳур.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Амударё худди шу жойга келиб, негадир табиатини ўзгартиради. Катта оламдан узилган ўзига хос табиий макон қамишзору тўқайлар, чўлу чакалакдан иборат бўлиб, унда турфа ҳайвонлар эркин, ёввойи ҳолда яшайди. Ана шу бокира табиатни сақлаб қолиш мақсадида бу ерда 1971 йилдаёқ қўриқхона ташкил этилган. Ҳозирда у Сурхон давлат қўриқхонасининг бир қисми ҳисобланади. Ўзбекистон Миллий энциклопедияси маълумотларига кўра, оролнинг 970 гектарини ўрмонзор, қолган қисмини жийда, теракжийда ва терак аралаш тўқайзорлар ташкил этади. Шунингдек, оролда чучукмия, юлғун ва галофит ўсимликлари ўсади. Тўқайзорларда ҳинд жайраси, бухоро хонгули, ёввойи тўнғиз, қамиш мушуги; қушлардан қирғовул, бургут, тас­қара, қирғий; судралувчилардан чўл агамаси, тошбақа, калтакесак ва илонларнинг кўплаб турлари учрайди.

Оролни машҳур қилган қабр

Оролни халқ орасида машҳур қилган омил унинг юқорида қайд этилган мафтункор табиати эмас аслида. Балки пайғамбарлардан бирининг рамзий қабри жойлашган манзил сифатида қадр­ланишидир. Унинг “Пайғамбар ороли” номини олиши ҳам шундан — бу ерда Қуръони каримда зикр этилган йигирма беш пайғамбардан бири бўлмиш Зул-Кифл («кафолат соҳиби» маъносини билдиради) (алайҳиссалом) мақбараси мавжуд.

Бу пайғамбар Қуръони каримнинг “Анбиё” сураси 85-оятида “Исмоил, Идрис ва Зул-Кифл (булар) ҳаммаси сабр қилувчилардандир” деган маънода зикр қилинган бўлса, “Сод” сурасининг 48-оятида “Исмоил, Ал-Ясаа ва Зул-Кифлларни эсла, (булар) яхши (инсонлар)дан эди” деган маънода эсланади.

Бани Исроил қавмидан бўлган бу пайғамбарнинг асл исмини турк олимларидан Шайх Муҳаммад ал-Хувшобий (р-ҳ.) ўзининг пайғамбарлар тарихи ҳақидаги китобида Хизқийл ибн Бузо деб айтган. Зул-Куфл номини олишига сабаб сифатида эса шу китобда келтирилган бир воқеани кўрсатади. Яъни яҳудийлар 70 нафар пайғамбарни ўлдириш учун қамоққа олишганида у кечаси келиб, барчаларини қочириб юборади. Шунда пайғамбарлар унга “Бундай қилсак яҳудийлар сени ўлдиришади” деганларида Хизқийл “70 пайғамбар ўлганидан кўра битта менинг ўлганим афзал” дейди. Эртаси куни яҳудийлар қамоқдагилар йўқлигини кўриб излашганида Хизқийл уларга пайғамбарларнинг қочиб кетганини айтади. Шунда унинг ўзини ўлдирмоқчи бўладилар. Аммо у ўшанда Аллоҳнинг ёрдами билан қутулиб қолади.

Бу Пайғамбар ҳақида одамлар орасида турли ривоятлар юради. Аммо улардан ҳеч бирининг манбаси маълум эмас. Жумладан, бир ривоятда пайғамбарнинг вафотидан олдин ўз жасадини қайиққа солиб дарёга оқизиб юборишларини ва қайиқ қайси қирғоққа келиб тўхтаса, ўша ерга дафн этишларини васият қилгани, қайиқ дарёнинг ўртасига келиб тўхтаб қолгани, шунда мўъжиза рўй бериб, дарё тубидан орол қалқиб чиққани, шундан сўнг уни мазкур оролга дафн этишгани айтилади. Манбаларга кўра эса “Пайғамбар орол”даги қабр рамзий ҳисобланади.

XI-XII асрларга мансуб иншоотлар

Оролдаги Зул-Кифл (алайҳиссалом) қабри устидаги мақбара ва масжиднинг қурилган йиллари аниқ эмас. Иншоотларнинг XI-XII асрларга мансублиги ва Маҳмуд Ғазнавий ҳамда унинг авлодлари ҳукмронлиги даврида барпо этилганлиги маълум, холос.

Умуман, зиёратгоҳ кичик ансамбль шаклида бўлиб, гумбазли катта масжид ва жанубдан туташган сағанали ҳилхона ҳамда ғарб томондан бириктирилган икки хонадан иборат. Масжид мураббаъ тарҳли, олди пештоқли, безаги ғишт чоргул ва арча тарзида терилган, меҳробига ганч гириҳ нақш ишланган. Масжид сатҳидан бир метрча баланд қилиб қурилган хилхонага жануб томонидан турли безаклар билан безатилган зиёратхона ва даҳлиз орқали кирилади ҳамда икки эшиги орқали туташ қурилган икки хонага ўтилади.

Мақбара 2018 йил бошида реконструкция қилиниб, обод ҳолга келтирилди. Бироқ ҳозир Зул-Кифл алайҳиссалом қабрини зиёрат қилиш имкони деярли йўқ. Чунки бу орол қўшни Афғонистонга туташ бўлгани боис чегарачилар томонидан қўриқланади ва Зул-Кифл мажмуасини зиёрат қилиш ҳам хавфсизлик нуқтаи-назаридан чеклаб қўйилган.

Интернет манбалари асосида, исломшунос Обираҳмат АБДУЛҒАНИЙ таҳрири ва маслаҳатлари билан тайёрланди.

2019-05-08 16:06:25  |  259 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация