Судья блогерга 15 суткага қаматиш билан таҳдид қилди



 
  Расм манбаси : Камил Фахриддинов

Қашқадарё вилояти маъмурий суди судьяси Бахтиёр Қиличов суд мажлиси вақтида блогер Камил Фахриддиновни 15 суткага қаматиш билан таҳдид қилди, деб хабар беради Nasafnews.

Воқеа кеча бўлиб ўтган. Telegram тармоғидаги “Яккабоғ24” саҳифаси блогери Камил Фахриддинов судга автоблогер Мақсуд Музаффаровга алоқадор маъмурий ишни кўриб чиқиш жараёнини кузатиш ва ёритиш мақсадида келган.

Суд мажлиси чоғида судья Фахриддиновдан шахсини тасдиқловчи ҳужжат ўрсатишни талаб қилган. Блогер янги тартибдаги ҳайдовчилик гувоҳномасини кўрсатганида эса бу ҳужжат билан суд биносига кириш мумкин эмаслигини айтиб, уни чиқариб юбормоқчи бўлган. Шу билан бирга, ҳайдовчилик гувоҳномаси асосида асосий эшикдан ичкарига киритгани учун навбатчи ички ишлар ходимига танбеҳ берган.

Блогер бу ҳолат ва судьянинг хатти-ҳаракати ҳақида ўз телеграм каналида пост эълон қилишини айтиб, суд залидан чиқиб кетаётганида, судья ички ишлар ходимларига блогерни ушлашни буюради. Кейин эса уни судга босим ўтказишда айблаб, 15 суткага қаматиш билан қўрқитади.

Айни чоғда автоблогер Мақсуд Музаффаров: «Сен блогерларни олиб келиб, судга нисбатан босим қилмоқчи бўлдинг. Жавобгарликка тортиласан», деб айтади.

Автоблогер Мақсуд Музаффаров Avtoblog_uz/Jamoatchilik nazorati номли телеграм-канал фаолларидан бири бўлиб, йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ баҳсли ҳуқуқий масалаларни ёритиш билан шуғулланади.

Сўнгги пайтларда жамоатчилик назорати тақазосига кўра турли соҳаларда суриштирув олиб бораётган блогерларга нисбатан тазйиқлар кучайди. Бу борада энг кўп ҳолатлар Андижон вилоятида кузатилаётган эди. Хусусан, Асака туманида ободонлаштириш ишларига бюджет маблағларининг қандай сарфланаётганлигини ўрганаётган Отабек Нуритдиновга қарши маъмурий иш бир кунда тайёрланиб, суд қарори билан блогер қамоққа жўнатилган эди.

Бир неча кун олдин эса Пахтаобод тумани ҳокимлигини танқид қилгани билан тилга тушган блогер Жўрабек Қимизовга қарши жиноят иши очилгани тўғрисида хабар қилинди. “Xabar.uz” мазкур жиноят иши бўйича ҳокимият вакилларига обрў келтирмайдиган қатор шубҳали ҳолатлар ҳақида ёзди.

2020-03-05 19:11:10  |  2248 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация