Энг муҳим ҳуқуқий масалалар адвокатлар иштирокида ҳал этилиши лозим!



 
  Расм манбаси : Муаллифнинг Facebook'даги саҳифаси

Ҳуқуқшунос Абдумалик Абдуллаев Facebook тармоғидаги саҳифасида жамиятда адвокатуранинг ролини ошириш хусусида ўз таклифларини баён қилди

***

Адвокатлар ҳам прокурор ва судьялар каби амалиётда, кундалик ҳаётда қонунларни татбиқ этилишида кўплаб муаммоларга дуч келмоқда. Бу эса соҳадаги турли вазиятларда тажрибага эга бўлган адвокатларнинг фикрлари эшитилиши, айнан суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун лойиҳаларини тайёрлаш, қабул қилиш, тушунтириш ва шарҳ бериш жараёнларида инобатга олиниши замон талабига айланиб улгурди. Шундай экан, уларга ҳам айнан ушбу соҳада айрим ҳуқуқлар берилиши мақсадга мувофиқ бўлади деб ҳисоблайман.

Биринчидан, суд-ҳуқуқ соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши жараёнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йиғилишларида адвокатура номидан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси иштирок этиши амалдаги қонун нормаларида назарда тутилмаган.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, Олий суди Пленумининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори қатнашади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси, Судьялар олий кенгаши раиси, адлия вазири, судьялар, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари иштирок этиши мумкин.

Демак, суд-ҳуқуқ соҳасида амалдаги қонунчилик нормаларини амалиётда тўғри қўллаш борасида Олий суди Пленумининг мажлисларида прокуратура номидан Бош прокурор қатнаша олади, бироқ адвокатура номидан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси иштирок эта олмайди, чунки қонунда назарда тутилмаган.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикасининг “Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради. Бу расмий шарҳ ҳисобланади.

Ушбу Қонуннинг 25-моддасига мувофиқ, мисол учун, қонун нормаларига шарҳ бериш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат сенаторлар гуруҳи, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Конституциявий суднинг камида уч нафар судьяси ташаббуси билан ҳам Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала киритилиши мумкин.

Адвокатура фаолияти ва суд ишини юритиш билан боғлиқ қонунларга шарҳ бериш зарурияти туғилса, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси томонидан буни Конституциявий судда кўриб чиқиш учун киритилиши юзасидан ваколат қонунда назарда тутилмаган. Ваҳоланки, Бош прокурорда бундай ваколат мавжуд.

Албатта бу ҳам адвокатуранинг жамият ҳаётида роли пастлигини кўрсатувчи омиллардан бири бўлиб қолмоқда.

Қайд этилган қонун нормасидан келиб чиқиб, ушбу Қонуннинг 27-моддасида, Конституциявий суд мажлисининг иштирокчилари кўрсатилган бўлиб, ушбу иштирокчилар қаторида ҳам Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси назарда тутилмаган.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, адвокатуранинг жамият ҳаётида ролини ошириш борасида қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раисига тегишли ваколатлар берилиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман.

Абдумалик Абдуллаев.

 

Мақола остидаги изоҳлардан:

Судья Дредд

Аъло таклиф. 100 фоиз қўшиламан. Адвокатларга паст назар билан қараш бу совет даври сарқити. Нимага бизда адвокатлардан депутатлар, вазирлар ёки бошқа катта амалдорлар чиқмайди, чунки адвокатларга ёндашув бошқача. Раҳбарлар назарида улар ҳеч нарсани эплай олишмайди. Абсурд!!!

Комила Абдуллаева

Taklif o’rinli. Bizda jinoyatchiga nisbatan potensial xalq dushmani deb qarash mavjud, uni himoya qilayotgan advokatlargayam qonunchilik tashabbusi huquqi berib qo’yilsa, hamma jinoyatchilar oqlanib ketadi degan stereotip bormi, qisqasi tushunarsizroq vaziyat.

3-4 yil oldin bir advokat kursdosh dugonam ish yuzasidan telefon qildi, gap orasida: ”Biz advokatlar terroristlar, davlat tuzumiga qarshi insonlarni himoya qilmaymiz deb ishga kirishimizdan oldin hujjatlarga qo’l qo’yamiz” deb qoldi. Qiziq, ular odam emasmi, ularning himoya huquqi yo’qmi? Hali aybi isbotlanmagan-ku. Qonunlarimizda har kim himoya huquqiga ega deb yozaveradi, ichki normativ hujjatlar qonunga teskari qabul qilinaveradi. Advokatlarning o’zlariga ham chegara va to’siqlar juda ko’p ekan deb o’yladim shunda.

2020-02-28 20:14:33  |  705 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация