Депутатликка номзод: “Жазони ўтаётган шахс таъқиб қилувчи органлар қўлида бўлмаслиги керак”
Амалдаги қонунчиликка кўра, суд қарорларини ижро этиш ваколати прокуратура ва ички ишлар органларига берилган бўлиб, бу халқаро талабларга мувофиқ эмас. Қолаверса, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар таъқиб қилувчи органлар қўлида бўлмаслиги керак, деб ёзади “Адолат” СДПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Бахтиёр Иброҳимов.
Унинг фикрича, ижро билан боғлиқ барча ваколатларнинг ҳамда жазони ижро этиш муассасаларининг суриштирув ва тергов ваколатига эга бўлмаган холис идорага – адлия органларига берилиши мақсадга мувофиқдир. Бу амалга ошган тақдирда суриштирув ва терговдан норозилик тўхтаган, ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлар, қийноқ ва тазйиқларнинг олди олиниб, жазони ижро этиш жараёнида инсон ҳуқуқлари таъминланган бўлур эди.
“Advokat” изоҳи: Жазони ижро этиш функциясини ИИВдан адлия тизимига ўтказиш масаласи анчадан бери ахборот маконида муҳокама қилинмоқда. Илғор демократик давлатларда шундай амалиёт мавжудлигини яхши биласиз. Бироқ куни кеча «Янги Ўзбекистон – янги сайловлар» мунозара клубининг навбатдаги тадбирида Адлия вазири Русланбек Давлетов Ўзбекистонда ушбу амалиёт татбиқ этилиши эҳтимолини рад этди.
«Жазони ижро этиш муассасалари Адлия вазирлигида эмас, Ички ишлар вазирлиги тизимида тўғри турибди. Қамоқхона ва колонияларнинг бўйсинуви бўйича орган ўзгаргани билан тизим ўзгариб қолмайди. Яқин ва ўрта келажакда бу масала кўриб чиқилмайди», деди у.
Бахтиёр Иброҳимовнинг сўзларига кўра, “Адолат” СДП ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоатчилик олдида ҳисобдорлиги тартибини қўллаб-қувватлайи ва унинг шаффофлигини янада ошириш чораларини кўради.
“Бугунги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари Бош прокуратура, ИИВ ва ДХХ томонидан амалга оширилмоқда. Тергов органларининг тарқоқлиги инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келиб, ўз навбатида сайловчиларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлаётир. Бош прокуратура ва унинг қуйи бўғинларининг тергов жараёни устидан назорат функцияси тобора пасаймоқда. Бу ҳолатнинг олдини олиш, дастлабки тергов устидан назоратни кучайтириш мақсадида мамлакатда ягона тергов органи – Тергов қўмитаси ташкил этиш ташаббуси билан чиқамиз”, деб ёзади депутатликка номзод.
“Адолат” СДПнинг суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотига доир бошқа таклиф ва ташаббуслари ҳақида сайтимиз орқали аввалроқ хабар қилган эдик.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш