“Адолат” СДП раиси: Одамлар тергов органларидан жабр кўрмоқда



 
  Расм манбаси : Н.Умаров

Наримон Умаров – Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимидаги жиддий муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида

“Адолат” СДП раиси Наримон Умаровнинг фикрича, Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизими жиддий ислоҳотларга муҳтож. У “Газета.uz” нашрига берган интервьюсида мустақил тергов органи тузиш, адвокат ва прокурорнинг суд жараёнида тенг мақомга эга бўлишига эришиш, судларни яхлитлаштириш каби таклифлари билан ўртоқлашди.

Фуқаролик ва иқтисодий судларни яхлитлаштириш ҳақида

Партия раисига кўра, мавжуд суд тизими одамларни сарсон қилмоқда, улар ўз муаммолари билан қайси судга мурожаат қилишни билмайдилар. Наримон Умаров туман, шаҳар ва вилоят миқёсидаги жиноят ишлари бўйича судлар ҳамда иқтисодий ва маъмурий судларни оптималлаштириш зарурлигини айтади. “Туманлараро иқтисодий ва фуқаролик судларини тугатиш ва ҳар бир туман ва шаҳарда ушбу тоифадаги ишларни кўрадиган судьяларни ихтисослаштириш керак. Токи фуқаро судма-суд сарсон бўлмасин. Ва бу суд идорасида фуқаролик, иқтисодий ва бошқа ишлар билан шуғулланувчи раис ўринбосарлари тайинланмоғи лозим”, – дейди Н.Умаров.

Партия мустақил тергов органи тузишни таклиф қилади

Наримон Умаровнинг сўзларига кўра, одамлар тергов органларининг хатти-ҳаракатларидан жабр чекмоқда. Шу боис партия яқин беш йилликда, муҳтамалан Адлия вазирлиги ҳузурида мустақил тергов қўмитаси ташкил қилишни таклиф этади. Бу орган прокуратура ва ИИВ таъсиридан буткул холи бўлиши керак.

Партия раиси мухбирнинг “Абдуллоҳ Тоҳиров воқеаси” ҳақидаги саволига жавобан шундай тергов идорасининг жамиятими учун зарурлигини яна бир карра таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Абдуллоҳ Тоҳиров 26 октябрь куни, тахминларга кўра, Андижон вилояти ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғининг машинаси билан тўқнашув содир этганидан сўнг, бедарак йўқолган эди. Унинг йўқолгани ҳақида дастлаб, 2 ноябрда ижтимоий тармоқларда, 4 ноябрдан бошлаб интернет-нашрларда хабарлар тарқатилган эди.

7 ноябрь куни ИИВ «Абдуллоҳ Тоҳиров иши билан бошқа идора шуғулланаётгани» ҳақида баёнот берди, эртасига Ёшлар Иттифоқи ҳам ИИВнинг ушбу хабарини тасдиқлади. «Адолат» социал-демократик партияси эса ушбу ҳолатда ўзбошимчаликка йўл қўйган орган ходимларига нисбатан чора кўриш, шунингдек, йигитнинг икки ҳафта давомида қаерда ушлаб турилгани ҳақида мутасаддиларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни талаб қилиб чиқди.

9 ноябрга ўтар кечаси Абдуллоҳ Тоҳиров уйига қайтгани маълум бўлди, лекин у ўтган кунлар давомида айнан қаерда ва нима учун сақлаб турилгани ҳақида ахборот берилмади.

– Биз уларга вазиятни ойдинлаштириб бериб, йигитни қўйиб юборишлари учун мурожаат қилдик. Ҳозирча ижтимоий тармоқлар орқали ҳам, расман ҳам жавоб олганимиз йўқ. Бундай ҳолатлар ортиқ такрорланмаслиги лозим. Бу мазкур органларнинг ўзбошимчалиги. Бундай ҳолатлар йиллар давомида тўпланиб келмоқда. Бундай ҳолатлар жуда кўп.

Шу боис ҳам биз тергов органлари, прокурор фуқарони бирор нимада айблаб, 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш ҳуқуқига эга бўлмаслиги керак, деяпмиз. Прокурордан мустақил тергов қўмитаси бўлиши керак.

У йигит нима учун 15 кунга қамалганини мен тушунганим йўқ. Бунинг сабабларини бутун халқимиз ҳам билмайди. Агар у нимададир айбдор бўлса, унга нисбатан қонунчиликка мувофиқ айблов эълон қилиниши лозим.

Ушбу ўзбошимчалик бу органлар ўзини ҳақ деб ҳисоблагани учун юз берди. Лекин улар ҳеч қаерда ҳеч нарсани изоҳлаб беришгани йўқ. Биз бундай ҳолатлар батамом йўқ бўлишини хоҳлаймиз. Прокуратура аввало қонунийликни таъминлаши керак, жазоловчи органга айланиб қолмаслиги лозим. Улар халққа қарши эмас, халқ учун ишлашлари керак. Ваҳоланки, ўзи қонунни бузиб турибди. Прокуратура ҳатто сиёсий партияларга жавоб беришни ҳам ўзига эп кўрмаяпти, – деди Наримон Умаров.

“Адвокатлар гўёки номига ишлаётгандек”

“Адолат” СДП раиси адвокат мавқеини кўтаришни суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим қисми сифатида тилга олган. Унинг фикрича, мамлакатимизда нормал адвокатура тизими мавжуд эмас, адвокатларнинг мақоми паст, улар худди номига ишлаётгандек таассурот уйғотади. Суд ва тергов жараёнида улар прокурорлар билан бир хил ҳуқуқ ва ваколатларга эга бўлиши керак.

– Партиямиз парламентда кўпроқ депутатларга эга бўлса, ўз ташаббусимиз билан ёки бошқа фракциялар билан иттифоқ тузган ҳолда адвокатларнинг мустақиллигини ва прокурорлар билан тенг ҳуқуқларга эга бўлишини таъминловчи тузатишларни қонунчиликка киритган бўлардик. Ҳозирча бунга муваффақ бўла олмаяпмиз, – деди “Адолат” СДП раиси.

2019-12-02 19:32:34  |  772 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация