СЕУЛДАН КАТТА ТАЖРИБА БИЛАН



 
  Расм манбаси : 

Бугун адвокатларимиз 22-27 сентябрь кунлари Сеулда (Жанубий Корея) ўтказилган халқаро конференциядан қайтиб келишди. Тадбир Халқаро адвокатлар ассоциацияси (IBA) томонидан ташкил этилган бўлиб, халқаро юристлар ҳамжамияти тақвимида энг муҳим воқеага айланди. Кенг кўламли тадбир энг янги билимларни эгаллаш, тажриба алмашиш учун майдон яратиш, ҳамкасблар ва ҳамкорларни топишга имкон берди. 2019 йил дастури 200 дан ортиқ сессияларни ўз ичига олган бўлиб, уларнинг энг юқори чўққиси – бу қонун устуворлиги масалалари бўйича симпозиум ўтказилиши бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси томонидан дастлабки саралаш босқичидан сўнг 8 нафар номзод танлаб олинди. Улар инглиз тилида “Юридик соҳада (адвокатурада) хилма-хиллик ва интеграция – мамлакатингиз ёндашуви” (“Diversity and inclusion in the legal profession – your country’s approach”) мавзусида кўпи билан 500 сўздан иборат иншо ёзишлари лозим эди. Ижодий ишлар Лондонга юборилди.

Натижада 4 та адвокат сараланиб олинди. Улар орасида Хоразм вилояти Урганч шаҳри адвокатлик бюроси адвокати Жасурбек Юсупов ҳам бор эди:

– Дунёнинг энг кучли 5000 нафар юристи сирасига кира олганимдан жуда хурсандман. Конференцияни Жанубий Корея президенти очди, кейин эса

IBA президенти сўзга чиқди. Бизга танлаш учун турли мавзулар таклиф қилинган эди. Масалан, корпоратив ҳуқуқ, бизнес ҳуқуқи, оила ҳуқуқи ва ҳкз. Психология дарслари жуда яхши эсда қолди, арбитраж суди ҳақида кўп қизиқ ва фойдали маълумотларни ҳамда етакчи хорижий юридик фирмалар фаолиятидаги ўзига хос жиҳатларни билиб олдим. Машғулотлар давомида мен ўзимни анча вақтдан бери қизиқтириб келаётган “Халқаро адвокат бўлиш учун нима қилиш керак?” деган саволга жавоб олдим:. Ўзимни яхши томондан намоён қилиш кўникмаларига эга бўлдим, ижтимоий сайт (social media) очиш учун зарур малакани оширдим, ишдаги этикет сирлари ва мулоқотга киришишни ўргандим.

Ҳар куни Халқаро адвокатлар ассоциацияси мутахассислари томонидан 4 тадан машғулотлар ўтказилиб, уларнинг давомийлиги 1,5 соатни ташкил этди. Ҳаммаси фақат инглиз тилида олиб борилди. Охирги куни сертификатларни топширишди. Шунингдек, бизни Майамида (АҚШ) бўлиб ўтадиган навбатдаги Халқаро адвокатлар конференциясига таклиф этишди. 

Бу каби тадбирларда илк бор қатнашмаяпман. Икки йил аввал Президент аппарати ва Адлия вазирлиги бошчилигидаги делегация таркибида икки ҳафта Хитой Халқ Республикасида бўлган эдим.

Бугун Ўзбекистон халқаро инвесторлар, фирмалар ва компаниялар билан фаол ҳамкорлик йўлидан кетяпти. Бу ўзгаришлар халқаро даражали адвокатларга талабни ошириб, уларни сифатли ва тезкор равишда тайёрлашни тақазо этади. Шу боис ҳам бундай конференцияларни мунтазам ўтказиш жуда муҳимдир.

2019-09-28 21:26:11  |  238 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация