Адвокатлар ўртасида илк бор республика миқёсидаги футбол турнири ўтказилмоқда



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали.

Мусобақа 12 июлгача давом этади. Турнир якунларига кўра халқаро турнирларда қатнашиш учун Адвокатлар палатаси терма жамоасини тузиш кўзда тутилган

Бугун, 8 июль куни биринчи марта адвокатлар ўртасида республика миқёсидаги футбол турнири старт олди ва 12 июлга қадар давом этади. Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ташаббуси билан ташкил қилинган мусобақада Тошкент шаҳридан 4, Тошкент вилоятидан 2, Самарқанд, Фарғона ва Жиззах вилоятлари ҳамда Адвокатлар палатасидан биттадан жамоа иштирок этмоқда.

Адвокатлар палатасининг Адвокатларни касбий тайёрлаш департаменти бошлиғи Аслиддин Маҳаммадовнинг сўзларига кўра, футбол турнирини ташкил этишдан мақсад соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спортни оммалаштириш, шу билан бирга, турли ҳудудларда яшаб фаолият юритувчи адвокатларнинг норасмий шароитда йиғилишини таъминлашдир.

Унинг айтишича, мусобақа ўтказилиши тўғрисида бир ой аввал маълум қилинган бўлса-да, кўп вилоятлар бошқармалари ташкилий ишлар билан боғлиқ муаммолар, шунингдек адвокатларнинг жуда бандлиги сабабли пойтахтга ўз жамоаларини юбора олмаган.

10 жамоа бештадан икки гуруҳга бўлинган. Гуруҳ босқичида юқори ўринларни олган жамоалар плей-оффда курашни давом эттиради.

Очилиш маросимида Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров турнир якунларига кўра Палатанинг футбол бўйича терма жамоаси шакллантирилишини эълон қилди. Терма жамоа октябрь ойида Озарбойжон Республикаси Адвокатлар ассоциациясининг 100 йиллик юбилейи муносабати билан ўтказилажак йирик халқаро футбол биринчилигида иштирок этади.

Мусобақа ғолиби ҳамда иккинчи ва учинчи ўринларни олган жамоалар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Шунингдек, энг яхши ўйинчи, энг яхши ҳужумчи ва дарвозабонга аталган махсус мукофотлар ҳам таъсис этилган.

А.Эрназаровнинг айтишича, финал учрашувига фахрий меҳмон – Ўзбекистон Футбол ассоциацияси президентининг ўринбосари, дунёга машҳур футбол ҳаками Равшан Эрматов ташриф буюриши кутилмоқда.

2019-07-08 21:34:17  |  1745 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация