ИЛТИМОСНОМА



Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раисига

ЎзР ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми «а» банди билан судланган А.Б.нинг ҳимоячиси Б.Саломов томонидан

 

ИЛТИМОСНОМА

(Назорат тартибида протест билдириш тўғрисида)

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти ... туман суди 2015 йил 21 сентябрдаги ҳукми билан ҳимоямдаги А.Б.ни ЎзР ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди апелляция инстанцияси 2015 йил 27 октябрь куни мазкур ҳукм юзасидан берилган шикоятни апелляция тартибида кўриб чиқиб, уни ўзгаришсиз қолдириш ҳақида ажрим чиқарди.

ЖИБ Тошкент вилоят судининг раиси мазкур жиноят иши бўйича назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги илтимосномани 2015 йил 19 ноябрь куни кўриб чиқиб, уни қаноатлантирмасдан қолдирди.

Суднинг ҳукми ва апелляция инстанциясининг ажрими ноқонуний, асоссиз ва адолатсиз бўлиб, у қуйидаги ҳолатларга кўра бекор қилинмоғи лозим деб ҳисоблайман.

ЎзР ЖПКнинг 455-моддасида «Суд ҳукмни фақат суд муҳокамасида текширилган далиллар билан асослайди. Суднинг ҳукмда ифодаланган барча хулосалари асослантирилган бўлиши лозим» деб белгиланган.

Лекин мазкур жиноят иш бўйича суд ҳукмни суд муҳокамасида текширилган далилларга эмас, балки дастлабки тергов даврида ноқонуний тўп­ланган гувоҳлик кўрсатувларига асосланган ҳолда чиқарган. Ушбу фикримнинг исботи сифатида суд мажлисида бўлиб ўтган воқеаларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Суд муҳокамасида гувоҳ сифатида сўроқ қилинган А. ва Ж.лар ўз кўрсатувларида дастлабки тергов даврида берган кўрсатувларидан воз кечиб, судланувчи А.Б.нинг айбсиз эканлигини тасдиқловчи ҳолатларни баён қилган эдилар. Лекин суд ҳукмида ушбу ҳолатлар акс эттирилмай ва унга ҳуқуқий баҳо берилмай, улардан дастлабки тергов даврида олинган номақбул далиллар ҳукмда асос қилиб нотўғри кўрсатилган.

Бундан ташқари, суд ҳукмида «А.Б.нинг айби суд мажлисида қўшимча гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган Ж.нинг кўрсатувлари билан тасдиқланди» деб нотўғри хулосага келинган. Чунки, биринчидан, бундай исм-шарифга эга бўлган шахс суд мажлисида гувоҳ сифатида сўроқ қилинган эмас. Иккинчидан, суд мажлисида «Э». компанияси директори ўринбосари У. қўшимча гувоҳ сифатида сўралганида: «М. посёлкаси орқасидаги далада отларни кўрдим. Г. «Улардан саккизтаси менга тегишли отлар, уларнинг ҳеч қандай ҳужжати йўқ» деб айтди, отлар вазнини Г.нинг сўзларидан келиб чиқиб ёздим, уларни тарозига солиб тортган эмасман, «Баҳолаш тўғрисида»ги қонунга асосан ҳар бир мулк, ашё бўйича ҳужжат тақдим қилиниши керак», – деб кўрсатув берган эди. Мазкур кўрсатув иш бўйича ЎзР ЖПК­нинг 82—84-моддаларида кўрсатилган ҳолатлар етарлича тўла аниқланмаганлигидан, яъни Г.га тегишлилиги ноаниқ бўлган мулк (отлар)нинг қиймати ва ўлчови ЖПК талабларига хилоф равишда ҳисобланганлигидан ҳамда эксперт томонидан баҳоланмаганлигидан далолат беради. Лекин суд ҳукмда ушбу ҳолатларни ҳам бузиб, айблов йўсинида талқин этган.

Шунингдек, суд муҳокамаси жараёнида ҳимоямдаги А.Б.га нисбатан қўйилган айблов билан боғлиқ ҳолатлар ўз исботини топмаган бўлса-да, суд уни асоссиз равишда ЎзР ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топиб, адолатсизликка йўл қўйди. Бу қуйидаги ҳолатлар билан исботланади.

Мазкур айбловга 2014 йил март ойида ҳимоямдаги А.Б. билан иш бўйича жабрланувчи деб топилган Г. ўртасида бўлиб ўтган суҳбат мазмуни асос қилиб олинган. Г. томонидан қўл телефонига ёзиб олинган, кейинчалик CD дискка кўчирилиб, иш материалларига қўшиб қўйилган ушбу суҳбатнинг мазмунини таҳлил қилишдан олдин бундай суҳбат нима учун бўлиб ўтганига, унинг келиб чиқиш сабабига эътиборингизни қаратмоқчиман.

Ушбу суҳбат ёзиб олинишидан бир неча кун олдин қуйидагича воқеа бўлиб ўтган. Яъни ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан уюштирилган жиноятнинг қурбони сифатида қамалган деб ҳисобловчи Г. бир неча йиллик жазони қамоқда ўтаб, озодликка чиққанига бир ой чамаси бўлганда — 2014 йилнинг март ойларида илгари МХХда ишлаган А.Б.ни тасодифан кафеда учратиб қолган. Ўзаро суҳбатлашиш жараёнида маст ҳолдаги Г. ўзига нисбатан қасддан уюштирилган наркотик билан боғлиқ жиноят ишида ҳимоямдаги А.Б.нинг қўли борлигига ишора қилиб, ўзаро тортишиб қолишган. Шунда Г. ўзининг қамалишида А.Б.нинг қўли борлигини исбот қилиб беришини, агар исботлай олмаса, боқиш учун Ш. исмли шахсга бериб қўйган 28 та отларини ва ўзига тегишли бўлган, лекин опасининг номига расмийлаштирилган дачасини А.Б.га беришини айтиб, ваъда қилган. Эртаси куни улар биргаликда қурилиш объектига бориб, Р. исмли шахсдан Г.нинг қамалишида А.Б.нинг қўли бор ёки йўқлигини сўрашган. Р. исмли шахс Г.нинг қамалишида А.Б.нинг алоқаси йўқлигини айтганидан кейин Г.  ўша ерда А.Б.га қараб, «мен кеча айтган гапларимни исбот қилиб бера олмадим, отларим, дачаларимни ол, бу гап­ларимни гапирдим, гапирдим, кейин кўришамиз» деб хайр­лашиб кетган.

Бу воқеа айнан шундай бўлиб ўтганлигини ҳимоямдаги А.Б.нинг дастлабки тергов ва судда берган кўрсатувлари ҳамда СD дискдаги ёзувда (суд баённомасининг 4-бети) А.Б. томонидан айтилган: «Г. аканг ... экан, кеча бераман деган нарсасини бермаяпти деб бугун мени олдимга бошқача бўлиб келдингиз», – деган сўзлари ҳам тасдиқлайди. Яъни Г. кайф устида А.Б.га дача ва отларни беришга ваъда қилганлиги маълум ­бўлмоқда.

Юқорида баён қилинган воқеалар бўлиб ўтганидан кейин Г. яна А.Б.га қўнғироқ қилиб, эртаси куни «Д.» кафесига чақирган (Эътибор беринг, ­жабрланувчи Г. олдиндан тайёргарлик кўриб, А.Б.га қўнғироқ килиб, атайлаб суҳбат мазмунини провокацион йўналишга буриб, ўзаро суҳбатни қўл телефонига ёзиб олган). Ёзиб олинган суҳбат мазмунидан маълумки, Г. кайф устида берган ваъдасини (ўзининг қамалишида А.Б.нинг айби борлигини исбот қилиб бера олмаса унга отлари ва дачасини бермоқчи бўлганини) инкор қилган, А.Б. эса ундан мулк беришни талаб қилмаган, балки ҳазил тарзда йигит киши берган ваъдасини бажариши лозимлиги ҳақида насиҳат қилган.

Мазкур мулоқот бўлиб ўтганидан кейин улар бошқа учрашишмаган, телефон, ёки учинчи шахс­лар орқали ҳам гаплашишмаган. Ҳатто улар кўчада бир неча марта тасодифан тўқнашиб қолганларида ҳам бир-бирларига бош қимирлатиб саломлашишдан нарига ўтишмаган.

Юқорида баён қилинган ҳолатларнинг барчаси бир-бирига қариндош бўлган бу йигитларнинг «кўча тушунчаси»га мувофиқ мулоқот юритганидан дарак беради. Зеро, уч йилдан ортиқ қамоқда ўтириб жиноятчилик дунёси психологиясини ўзлаштирган Г. ва касби туфайли бундай психологиядан хабардор бўлган, илгари МХХда тезкор вакил бўлиб ишлаган собиқ «опер» А.Б. ўзаро бировга ноҳақ айб қўйиш, унинг оқибатлари ва унга жавоб бериш сингари тушунчалар ҳақида гаплашишган. Аммо дастлабки тергов мазкур мулоқотни жиноят, яъни товламачилик деб нотўғри баҳолаган ва бу қуйидагиларда намоён бўлади.

Бирон-бир ҳаракатни ижтимоий хавфли деб баҳолаш учун воқеа, ҳаракат ва оқибат ҳамда улар ўртасида сабабий боғланиш бўлиши керак. Масалан, мен фалончини ўлдираман деб айтган шахс ўз ниятини бажариш учун бирон-бир ҳаракат қилмаса унинг гапи жиноят деб топилмайди.

Айтайлик, А.Б. суҳбат пайтида Г.дан мулк талаб қилган бўлса, уни қўлга киритиш учун қандай ҳаракатларни амалга оширган? Ушбу мақсадда бировларни ёлладими? Г. ўз мулкини сақлаб қолиш ёки талаб қилган шахсга топшириш учун нима ҳаракатларни амалга оширди? Умуман, у А.Б. билан март ойининг охирларида бўлиб ўтган суҳбатни жиддий қабул қилдими, ўз ҳаётига ёки мулкига реал таҳдид пайдо бўлди деб ўйладими ва бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этдими?

Энди иш материалларига эътиборингизни ­қаратсам. Дастлабки тергов ва суднинг ­фикрича, Г. бу ҳақда МХХ органларига 2014 йил 20 август куни ариза билан мурожаат қилган, А.Б. эса Г.га зарар ­етказиш мақсадида 5000 АҚШ доллари беришга ваъда қилиб, Р. ва Ў. деган шахсларни ёллаган.

Суд мажлисида сўроқ қилинган Г. А.Б. билан бўлган воқеаларни жиддий қабул қилмаганлигини, улар ўзаро қариндош эканлигини, уни кечириб юборганлигини, у билан охирги мулоқотдан кейин бошқа учрашмаганини, бу масала ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилмаганлигини, орадан 5 ойга яқин вақт ўтгач, яъни 20 август куни МХХ органларига ўзининг ноҳақ қамалиб чиққанлиги бўйича ариза билан мурожаат қилганлиги, аниқроғи МХХ ходимлари уни чақириб олиб, ариза ёздириб олишганини, ариза ўзига нисбатан уюштирилган наркотик билан боғлиқ жиноятни содир этган бир неча шахслар ҳақида эканлигини, лекин унда А.Б. билан боғлиқ воқеа ҳақида ҳам кўрсатганлигини, 2015 йил апрель ойларида вилоят прокуратурасига чақиришиб, унга нисбатан А.Б. томонидан иккита спортчи, яъни Р. билан Ў. ёлланганлигини айтишганини, терговга уларни олиб келишганида уларнинг қўлида кишан борлигини кўрганлигини, терговчи томонидан сўроқ қилинганида улар бу ҳақда терговчига айтишганлигини, шунда ўзига нисбатан тан жароҳати етказиш учун улар ёлланганлигини билганлигини таъкидлаб кўрсатув берган эди. Лекин суд ҳукмида ушбу ҳолатлар баён қилинмаган, балки Г.нинг дастлабки терговда берган кўрсатувлари баён қилиниб, айблов ҳукмига ўша кўрсатувлар асос сифатида олинган.

Ўзбекистан Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги «Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 12-сонли қарори1нинг 2-бандида далиллар мақбуллигининг бир неча шартлари кўрсатилган. Чунончи унда: «далил уни олиш билан боғлиқ процессуал ҳаракатни ўтказишга оид қоидалар ва тартибга риоя этилган ҳолда олинган бўлиши» ҳамда «далилни олишда тергов ва суд ҳаракати жараёни ва натижаларининг қайд этилишига доир қонуннинг барча талабларига амал қилинган бўлиши шарт»лиги кўрсатилган. Қарорда «Судларга тушунтирилсинки, далиллар мақбуллигига тааллуқли юқорида санаб ўтилган шартлардан бирортасига амал этилмаслиги далилнинг номақбул деб топилишига асос бўлади» деб таъкидланган.

Шунингдек, мазкур Қарорнинг 3-банди 2-қисмида «маълумотлар тергов ва суд ҳаракати ўтказилмасдан ёки қонунда назарда тутилмаган манбадан, масалан, жиноят-процессуал қонунида белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган тезкор-қидирув тадбирлари вақтида олинган бўлса» далиллар номақбул деб топилиши кўрсатилган.

Ҳимоямдаги А.Б.га нисбатан дастлабки тергов томонидан тўпланган далиллар, хусусан, гувоҳлар — У. ва Р.ларнинг кўрсатувлари (И/В. 19—22, 23—25-бетлар), МХХга ёзган иқрорлик аризалари (И/В. 107, 108, 109-бетлар) ҳамда уларнинг А.Б. билан ўтказилган юзлаштириши сингари тергов ҳаракатлари акс эттирилган баённомалар, яъни процессуал ҳужжатлар юридик кучга эга эмас. Чунки улар ноқонуний усулларни қўллаш орқали тўпланган. Р. ва Ў.лар суддаги кўрсатувларида ўзларининг дастлабки тергов даврида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланиб, Тошкент вилоят ИИБ биносига олиб келинганларидан кейин дастлабки 10-15 кун ичида номаълум уч шахс томонидан қийноққа солинганларини, бундан жисмоний азоб чекканликларини, жумладан, гувоҳ Р. ҳатто ўз жонига қасд қилишни ҳам ўйлаб кўрганлигини, гувоҳ Ў. эса тўхтовсиз калтакланганини, яъни «прессга қўйилиши» натижасида қовурғалари синиб кетганлигини, шу пайтгача даволанмаганлигини айтган эди. Гувоҳ Ў. ўз сўзининг исботи сифатида суд мажлиси иштирокчиларига синиб нотўғри битган, яъни танасидан бўртиб чиқиб турган қовурғаларини кўрсатганди. Бундай ҳолда суд ЎзР Олий суди Пленумининг «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 2003 йил 19 декабрдаги 17-сонли қарори2нинг 19-бандига мувофиқ суд «... арз қилинган важларини синчиклаб текшириш, шу жумладан, тиббий гувоҳлантириш ўтказиш орқали синчиклаб текширишлари ва натижасига қараб, тегишли мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатишга қадар процессуал ёки бошқа ҳуқуқий чоралар кўришлари шарт» эди. Лекин суд мажлисида раислик этувчи «Гувоҳ Р. ва Ў.ларнинг кўрсатувларини текшириб кўриш учун уларни ушлаб келтиришда иштирок этган жиноят қидирув ходимларини аниқлаб, гувоҳ сифатида сўроқ қиламиз» дейиш билан чекланиб, кейинчалик ЖҚБ ходимларини судга келтириш чораларини кўрмади. Зеро, Р. ва Ў.лар оғир жиноят содир қилишда айбланиб ЖИБ Тошкент вилояти ... туман судида суд қилинаётган ва мазкур жиноят иши материалларида уларни ушлаган ЖҚБ ходимларининг шахси ҳақида маълумотлар мавжуд эди.

Шунингдек, гувоҳ Р. ва Ў.лар суд мажлисида берган ўз кўрсатувларида жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан ушланиб олиб келинганларидан кейин 15-16 кун ўтгач давлат ҳисобидан тайинланган ҳимоячилар билан учрашганликлари, аммо уларга ўзларининг калтакланганликларини айтмаганликлари, терговчига ҳам бу ҳақда айтмаганликлари, чунки ҳақиқатни айтишса яна қийноққа солишларидан қўрққанликлари, аслида терговда берган кўрсатувлари ЖҚБ ходимлари томонидан «диктовка» қилиниб ёздириб олинганлиги, шу боис терговда берган кўрсатувларини тасдиқламасликлари ҳақида баё­нот берган эдилар.

Олий суд Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги юқорида баён этилган 12-сон қарори 3-қисми 3-банди «в» кичик бандида эса «... кўрсатувларнинг, шу жумладан, айбига иқрорлик тўғрисидаги кўрсатувларнинг қийноққа солиш, зўрлик ишлатиш ҳамда инсонга нисбатан бошқа шафқатсиз ёки унинг шаъни, қадр-қимматини камситувчи муносабатда бўлиш, шунингдек, алдаш ва қонунга хилоф бошқа йўллар орқали олиниши» номақбул деб топилиши кўрсатилган.

Ҳимоямдаги шахсга нисбатан айбловда (И/В. 145—146-бетлар, айблов хулосасининг 15-бети) А.Б. 2015 йил март ойида ўзининг танишлари бўлган Р. ва Ў.ларга 5000 АҚШ доллари беришни ваъда қилиб, уларни Г.га шикаст етказиш мақсадида ёллагани кўрсатилган. Лекин суд мажлисида сўроқ қилинган Р. А.Б.ни яхши танишини, ҳатто бироз муддат унга ҳайдовчилик қилиб, автомашинасини ювиб хизмат қилиб юрганлигини, эвазига А.Б. унинг оиласига моддий ёрдам бериб юрганлигини, А.Б. ҳеч қачон унга Г. масаласида мурожаат қилмаганини, 5000 АҚШ доллари ёки бировни дўппослаш ҳақида улар орасида бирон гап бўлмаганлигини, терговда берган кўрсатувларининг барчаси ЖҚБ ходимлари томонидан тўқиб ёзилган ва ёлғон эканлигини эътироф этган эди.

Шунингдек, суд мажлисида сўроқ қилинган Ў. ҳам дастлабки терговда берган кўрсатувларини инкор қилиб, аслида А.Б. билан таниш эмаслигини, «дастлабки терговда Р. шундай деб ёзиб берган, сен ҳам шуни тасдиқлаб берасан» деб айтишгани учун ёлғон кўрсатув берганлигини, судда эса ҳақиқатни айтаётганлигини тасдиқлаган эди.

Юқорида баён қилинган ҳолатлар суд томонидан ҳукм чиқаришда ЎзР ЖПК 484-моддаси талаблари кўпол равишда бузилганлигидан, яъни суд терговининг тўлиқ ўтказилмаганлигидан, ҳукмда баён қилинган суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ эмаслигидан ва ЖПКнинг қатор нормалари жиддий бузилганлигидан далолат беради.

Шунингдек, мазкур ишни апелляция тартиби­да кўриб чиққан суд ўз ажримида (3-бет) «Судланган А.Б.нинг содир этган жинояти: жабрланувчи Г.нинг А.Б. унга «сиз менинг асабимни буздингиз, шунинг учун ҳақ тўлайсиз, бу ҳақни қамоққа қайтиб кетмаслигингиз учун тўлайсиз» деб ва «уч хонали квартира олиб берасиз ёки тоғдаги 27 та отингизни берасиз ёхуд дала ҳовлингизни менга расмийлаштириб берасиз» деб айтганлиги ҳақидаги кўрсатуви билан, гувоҳ У., Р., Б.ларнинг дастлабки терговда ва суддаги кўрсатуви билан, сўзлашувларни эшитиб кўриш тўғрисидаги баённома билан (И/В. 56–60), А.Б. билан Г. ўртасида ўтказилган юзлаштириш баённомаси билан (И/В. 81–86); А.Б. билан Ў. ўртасида ўтказилган юзлаштириш баённомаси билан (И/В. 87–90), гувоҳ Р. ва Ў.ларнинг айбига иқрорлик тўғрисидаги аризалари, суд-фонография экспертизасининг 2015 йил 4 июндаги хулосаси билан (И/В. 126–134), нарсаларни ашёвий далил деб эътироф этиш ҳамда жиноят ишига қўшиб қўйиш ҳақидаги қарор билан (И/В. 142) ҳамда ишда тўпланган бошқа объектив далиллар билан тўлиқ тасдиқланган» деб нотўғри хулосага келган. Чунки, биринчидан, бировнинг мулкини талаб қилиш, агар таҳдид реал бўлмаса, яъни талаб қилган шахс ўз пўписасини амалга ошириш учун бирон ҳаракат қилмаса, бу жиноят таркибини бермайди. Суд «тасдиқланди» деб кўрсатган Г., Б.ларнинг кўрсатувлари ва суд-фонография экспертизасининг хулосаси фақат жабрланувчи ва судланувчи ўртасида бўлган мулоқотни тасдиқлайди.

Иккинчидан, гувоҳ Р. ва Ў.ларнинг дастлабки терговда айбига иқрорлик тўғрисида берган аризалари, кўрсатувлари, А.Б. билан юзлаштириш ўтказиш баённомалари, юқорида баён қилинган асосларга кўра (яъни қийноқ остида олинганлиги учун), юридик кучга эга эмас.

Учинчидан, ЖПКнинг 455-моддасига асосан суд ҳукми, ажрими фақат суд муҳокамасида текширилган далиллар билан асосланиши керак эди, аммо апелляция инстанцияси суди ушбу талабга риоя қилмай, дастлабки терговдаги ҳолатларни кўрсатиб, А.Б.нинг айблилиги тўғрисида нотўғри хулосага келган. Ваҳоланки, ЎзР ЖПК­нинг 23-моддасига асосан «Айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айб­ланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак».

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2014 йил 23 майдаги «Суд ҳукми тўғрисида»ги 7-сон қарори3 9-бандида «Агар ижтимоий хавфли қилмиш факти ва оқибатининг келиб чиққанлиги аниқланган бўлиб, бироқ суд муҳокамасида тақдим қилинган ва текширилган далиллар билан унинг судланувчи томонидан содир этилганлиги инкор этилса ёки ўз тасдиғини топмаса, суд шахснинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаганлиги сабабли оқлов ҳукми чиқаради» деб кўрсатиб ўтилган.

Ишда тўпланган далилларнинг етарли эмаслиги, қонунга зид равишда олинганлиги сабабли улар далил ҳисобланмаслиги ёки қўйилган айбловда судланувчининг тўлиқ айбдорлиги тўғрисидаги шубҳани бартараф қилишнинг имкони йўқлиги ҳақидаги терговчи ёки суднинг асослантирилган хулосаси ЎзР ЖПКнинг 83-модда 3-банди билан жиноят ишни тугатиш ёки оқлов ҳукми чиқариш учун асос бўлиб хизмат қилади деб ҳисоблайман.

Юқорида баён этилганларни инобатга олиб Сиздан:

1. Жиноят ишини назорат тартибида текшириш учун талаб қилиб олиб атрофлича ўрганишни;

2. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти ... туман судининг 2015 йил 21 сентябрдаги ҳукмини ва ушбу ҳукмни ўзгаришсиз қолдириш тўғрисидаги ЖИБ Тошкент вилоят суди апелляция инстанциясининг 27.10.2015 йилдаги ажримини бекор қилиш ва жиноят ишини ҳаракатдан тугатиш бўйича тегишли назорат инстанциясига протест билдиришни сўрайман.

 

ИЛОВА:

1. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти ... туман судининг 2015 йил 21 сентябрдаги ҳукми нусхаси — 2 варақ;

2. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди апелляция инстанциясининг 2015 йил 27 октябрдаги ажрими нусхаси — 1 варақ;

3. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди раисининг 2015 йил 19 ноябрдаги жавоб хати;

4. Адвокатлик ордери.

 

Тошкент шаҳар «SANKTALEKS»

адвокатлик фирмаси адвокати                                   Б.Саломов

2019-06-26 09:38:41  |  95 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация