“Рақамли кишан”. Адвокат ДСҚни солиқ йиғиш баҳонасида дахлсизлик ҳуқуқини бузишда айбламоқда



 
  Расм манбаси : Би-Би-Си.

Яқинда Давлат солиқ қўмитаси солиқларни автоматлаштирилган йиғиш тизимини (қисқача номи: “САЙТ”) ишга туширган эди. Дастур, жумладан, солиқ инспекторларига ўз ҳудудидаги мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорлиги мавжуд жисмоний шахсларни навигатор тизими (GPS) орқали аниқлаш имконини беради — адвокат Аллан Пашковский айни шу важдан тизимни “фуқароларнинг бўйнига солинган рақамли кишан” деб атади ва уни жорий этган ДСҚни қатор ҳуқуқбузарликларда айблаб чиқди.

Адвокатнинг фикрича, бу ўринда қатор халқаро ва миллий қонунчилик нормалари бузилмоқда.

“Биринчидан, ҳар бир фуқаронинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи Конституция ва қонунлар билан кафолатланган бўлиб, унинг эркин ҳаракатланишини назорат қилишга ва кузатишга, ҳатто у солиқ қарздори бўлган тақдирида ҳам, фақат суднинг қарори билан ва тегишли тезкор-қидирув тадбири доирасида рухсат берилиши мумкин. Давлат солиқ қўмитаси эса “Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасига кўра, мазкур фаолият билан шуғулланиш ваколатига эга эмас”, деб ёзади адвокат.

Иккинчидан, А.Пашковский назарида, ДСҚ ходими лоақал бир фуқарони GPS сигнали орқали назорат қилиш тўғрисида қарор чиқарган ва бу иш амалга оширилган тақдирда ҳам бу мансаб ваколатидан четга чиқиш бўлиб, Жиноят кодексининг 206-моддаси билан малакаланиши лозим.

Адвокат, солиқ йиғиш баҳонасида бир нечта халқаро ҳужжатлар талаблари оёқости қилинаётганини таъкидлайди. Хусусан, 167 мамлакат қаторида Ўзбекистон ҳам ратификация қилган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида Сиёсий пактда мазкур ҳужжатни имзолаган мамлакатлар ҳар бир фуқаросининг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқига эгалиги аниқ баён қилинган. Қолаверса, БМТ Бош Ассамблеясининг 68/167-сонли Резолюцияси (2013й) ва бошқа қатор ҳужжатларга таянган ҳолда, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан аъзо давлатлар ҳукуматларига рақамли технологиялар даврида шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш тўғрисида нота юборилган.

“Кўриб турганингиздек, бизнинг мамлакат, ижро ҳокимиятига мансуб бир орган (ДСҚ) тимсолида ўзининг халқаро мажбуриятига зид иш тутяпти, “солиқ қарздорлигини камайтириш”ни важ қилиб инсон ҳуқуқларини бузаётгани устига, тезкор-қидирув ҳамда суд функцияларини ўзлаштирмоқда. Бу эса миллий қонунчилигимиз, хусусан, Конституциянинг 19, 25 ва 27-моддаларига ҳамда Фуқаролик кодексининг 1 ва 99-моддаларига хилофдир”, дейди адвокат.

Муаллиф Давлат солиқ қўмитасининг ушбу ташаббуси тескари натижа беришини башорат қилмоқда. “Солиқларни йиғиш яхши, албатта. Аммо инсоннинг тамал ҳуқуқларини қурбон қилиш ва фуқароларга “рақамли занжир” кийдириш эвазига бўлса, бу ишнинг оқибати хайрли эмас. Тизим кутилган иқтисодий самарани беришига ишонмайман. Аксинча, тадбиркорлик субъектларининг “соя”га интилиши бадтар кучаяди”, дея хулоса қилади адвокат.

 

2020-05-26 19:02:24  |  1856 |   0  | 

2 изоҳлар

Хамкасбим адвокат Аллан Пашковскийнинг гапларида Жон бор. Солиқ хеч қачон яширин хам, мажбурлаш йўли билан хам ундирилмайди. Солиқдан бўйин товлаган холларда. Суднинг қарори билан уни мажбурий ундириш чоралар кўрилади. Лекин яшириш ва Рақамли Кишан йўли билан ундирилмайди.

Мен бу борада муаллиф фикрига қўшила олмайман, Чунончи, ДСҚ ни бу амалиётини "... амалдаги тезкор-қидирув тўғрисидаги" қонунга ва юқорида қайд этилган.... халқаро Пактга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бинобарин, ДСҚ амалиёти солиқ ундиришдаги шаффофлик тамойилига ва инновацион технологияларни амалга жалб қилишга қаратилган бўлиб, фуқароларнинг шахсий хавфсизлигига қаратилган талабларни бузмайди. Аксинча, коррупцияга қарши курашишда жуда ҳам ижобий натижа беради. Хабарингиз бор, катта ҳаром маблағларга эга бўлган баъзи бир амалдорлар, бойлар яширин равишда ўзларини яқин қариндошлари ёки "садоқатли бегоналар" номига ер майдонларини, боғларни ва мулкларни расмийлаштириб олишган.(!) Бу ДСҚ нинг амалиёти ана шундай яширин иқтисодларни очиб ташлаш учун самарали хизмат қилади деб ўйлайман. Фуқароларнинг шахсий хавфсизлигига келсак, қандай манфаатлар бузилиши ва келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқий оқибатлар предметлари тўғрисида муаллиф асослантирмаган. Адвокат фикрига нисбатан қарши чиқсамда, холислик тамойилига, фикрни асослантириш тамойили қоидаларига риоя қилишни афзалроқ билдим. Чунки, давлат солиқ манбаалари шаффоф ва ошкора бўлмоғи керак.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация